Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Раиси М.Б. Нурмуратовнинг 2022 йил 27 октябрдаги Марказий банк бошқаруви йиғилиши натижалари юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманидаги МАЪРУЗАСИ

Янгиланган сана:  27 Окт 2022, 17:11
27 Окт 2022

Марказий банк бошқарувининг бугунги таянч йиғилишида 2 та муҳим масала кўриб чиқилди.

Биринчиси, жорий йилнинг ўтган 9 ойида шаклланган ташқи ва ички иқтисодий шароитлар, инфляция динамикаси ва пул-кредит сиёсати таҳлилини инобатга олиб Марказий банкнинг асосий ставкасини ўзгаришсиз қолдирилган бўлса,

Иккинчиси, “Пул-кредит сиёсатининг 2023 йил ва 2024-2025 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”нинг концептуал лойиҳаси кўриб чиқилди ва дастлабки тарзда маъқулланди. Ушбу лойиҳа эндиликда кенг жамоатчилик, экспертлар ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар муҳокамасига тақдим этилади.

2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида ички иқтисодий шароитлар иқтисодий тикланишнинг давом этиши ва йил бошидан бошлаб юзага келган геосиёсий вазиятга иқтисодиётнинг мослашуви фонида шаклланди.

Мамлакатда йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб иқтисодий фаолликнинг жадаллашиб бориши кузатилмоқда. Жорий йилнинг
9 ойи якуни бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 5,8 фоизни ташкил этиб, йил якуни бўйича реал ўсиш таҳлилий ҳисоб-китобларимиз бўйича 5,2-5,8 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда (аввалги прогноз 5-5,5 фоиз).

Мазкур ўсиш суръатлари қурилиш, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва чакана савдо соҳаларидаги ўсиш кўрсаткичларининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан юқори даражада кутилаётганлиги ҳисобига таъминланади.

Бюджет соҳасида ойлик иш ҳақи ва пенсиялар миқдорининг оширилиши (12 фоиз), ажратилган ижтимоий трансфертлар (2 млн. оилаларнинг 26 фоизи) аҳолининг реал даромадларини 10,7 фоизга ўсишига замин бўлди.

Аҳоли даромадлари ўсишига мутаносиб равишда истеъмол талаби ҳам ўсиб бормоқда ва бу жараён истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, чакана савдо айланмаси ва истеъмол товарлари импорти ҳажмларида ўз аксини топди.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойида иқтисодиётда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 27 фоизга, чакана савдо айланмаси 10,8 фоизга ва озиқ-овқат товарлари импорти 35,7 фоизга ошди.

Йил давомида трансчегаравий пул ўтказмаларини (юқори суръатларда) ва аҳолига ажратилган кредитларнинг ўсиши ҳам ялпи истеъмолни қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлмоқда.

Иқтисодиётга кредит қўйилмалари қолдиғининг йиллик ўсиши 18,1 фоизни ташкил этган бўлса, аҳолига ажратилган кредитлар қолдиғи 37,4 фоизга ошди.

Жорий йилнинг апрель-сентябрь ойларида мамлакатимизда кузатилган инфляцион жараёнлар кенг қамровли хусусиятга эга бўлди. Яъни, истеъмол саватчасидаги товар ва хизматлар гуруҳларининг қарийб барчасида нархларнинг юқори ўсиш суръатлари кузатилди.

2022 йил 9 ой якуни бўйича инфляция даражаси 8,1 фоизни, сентябрь ойида йиллик 12,2 фоизни ташкил қилди. Август ойидан бошлаб базавий инфляция кўрсаткичи умумий инфляциядан юқорироқ шакллана бошлади ва сентябрь ойида йиллик 12,7 фоизгача тезлашди.

Иккинчи чоракдан бошлаб импорт инфляциясининг ҳам таъсир кўлами кенгайиб борди. Базавий инфляцияга инфляцион кутилмаларнинг оширувчи босими сезиларли даражада сақланиб қолмоқда.

Сентябрь ойида аҳолининг инфляцион кутилмалари 15,2 фоизга ва тадбиркорлик субъектлариники – 13,8 фоиз доирасида шаклланди.

Айни пайтда, йил якунида инфляция даражасининг 12-12,5 фоиз доирасида шаклланишини кутаяпмиз.

Пул бозоридаги вазият ва шаклланаётган фоиз ставкалари ҳам ушбу ўзгаришларга нисбатан мослашиб борди. Сентябрь ойида “UZONIA” ставкаси ҳам ой давомида 14-14,5 фоиз доирасида шаклланган бўлса давлат қимматли қоғозлари бўйича даромадлилик эса муддатига қараб 16-18 фоиз атрофида бўлди.

Депозит фоиз ставкаларининг реал ҳисобда ижобий шаклланаётганлиги таъсирида жорий йилнинг ўтган даврида аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари 1,5 баробарга ошди.

Ушбу вазиятда Марказий банк пул-кредит сиёсати инструментларидан фаол фойдаланиб, “нисбатан қатъий” пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш чораларини кўриб бормоқда.

2022 йилда ташқи иқтисодий шароитлар ўзгарувчан ва ноаниқликларнинг кучайиши фонида шаклланмоқда ва бу қуйидагилар билан характерланади.

Биринчидан, жаҳон бозорларида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, хомашёлар ва энергия ресурслари нархининг ортиши фонида глобал инфляцияни ўсиш жараёни давом этмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси прогнозларига кўра жорий йилда глобал инфляция 9,1 фоизгача тезлашиши прогноз қилинмоқда
(2021 йилда 4,7 фоиз).

Иккинчидан, инфляцион жараёнларни жиловлаш мақсадида аксарият марказий банклар томонидан пул-кредит шароитларининг қатъийлаштирилиши ва мос равишда молиявий ресурслар нархининг қимматлашиб бориши кузатилмоқда;

АҚШ Ғазначилик облигациялари йил бошидан 2,6 фоиз бандга ошиб ҳозирда 4,2 фоиз атрофида даромадликка эга бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг суверен облигациялари бўйича фоизлар йил бошига нисбатан (4,2-4,4 фоиз) сезиларли даражада ошиб, бугунги кунда 9 фоиз атрофида шаклланмоқда.

Учинчидан, ташқи иқтисодий шароитлардаги, хусусан, савдо ҳамкорлардаги ўзгаришлар ҳисобига мамлакатимизга валюта оқимлари ҳажмида ижобий тенденциялар кузатилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойида олтинсиз экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,6 фоизга ортиб – 11,1 млрд. долларни, мамлакатимизга пул ўтказмалари ҳажми 2,2 баробарга ортиб – 12,6 млрд долларни, аҳолининг банклардан валюта хариди ва сотуви ўртасидаги ижобий тафовут – 2,5 млрд. долларни ташкил этди.

Ижобий тенденциялар билан бир қаторда ташқи иқтисодий шароитларнинг шаклланиши бўйича хатар ва ноаниқликлар юқорилигича қолмоқда.

Жумладан, иқтисодий фаолликни ўзида акс эттирувчи “Глобал ишбилармонлик индекси” (PMI) сўнгги 3 ойда пасайиб бормоқда.

Бу эса, келгуси йилда глобал инфляцион жараёнларнинг кескин тус олиши, молиявий шароитларнинг қатъийлаштирилиши, яшаш харажатларининг ортиши фонида глобал рецессиянинг (иқтисодий ўсишнинг пасайиш жараёнларининг) юзага келиш эҳтимолининг ошиб бораётганлигидан далолат беради.

ХВЖ октябрь ойида янгиланган прогнозларига кўра, глобал иқтисодий ўсиш 2023 йилда 2,7 фоизгача секинлашиши мумкин (аввалги прогнозда – 2,9 фоиз).

Жаҳон иқтисодиёти ўсишининг секинлашуви, мамлакатимиз иқтисодиётига ташқи талаб, асосий савдо ҳамкорлар иқтисодиёти ва валюта курслари, пул ўтказмалар, хомашё экспорт товарлари нархлари орқали таъсир кўрсатади.

Шу билан бирга, глобал инфляциянинг барқарорлашиш динамикаси жуда секин кечаётганлиги, инфляцион жараёнлар кутилганидан кўра узоқроқ муддатли характерга (спирал характерга) эга бўлишини билдиради.

Яна бир масала, доллар индекси билан боғлиқ. АҚШ марказий банкининг бошқа етакчи давлатларга нисбатан “қатъийроқ” пул-кредит сиёсатини юритиши ҳисобига доллар индекси кескин ошиб, дунёнинг аксарият валюталари АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиб бормоқда.

Бу эса, истеъмолда импорт улуши юқори бўлган ва инфляцион кутилмалари валюта курсига таъсирчан давлатларда инфляцион жараёнларнинг янада тезлашишига олиб келмоқда.

Доллар индекси йил бошига нисбатан 17 фоизга ошиб 112 бандни ташкил этмоқда.

Бизнинг шароитда, мамлакатга экспорт тушуми, пул ўтказмалари ва бошқа кўринишдаги валюта оқими ҳажмининг сезиларли даражада ошганлиги ҳисобига сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси нисбатан барқарор шаклланди.

Умуман олганда, аксарият макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича ижобий динамикалар кузатилаётган бўлса ҳам, ташқи хатарлар ва ноаниқликлар юқорилигича қолмоқда.

Инфляция даражаси ҳам, инфляцион кутилмалар ҳам ҳозирча юқори бўлиб, бизга пул-кредит шароитларини ўзгартиришда эҳтиёткорона ёндашувни давом эттириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Марказий банк бошқарувининг бугунги йиғилишида асосий ставка йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилинди.

Албатта, биз ташқи ва ички иқтисодий шароитларни кенг қамровли моделлар асосида доимий равишда кузатиб борамиз ҳамда заруриятга қараб пул-кредит шароитларига ва инструментларига ўзгартиришлар киритиб борамиз.

Иккинчи масала: Марказий банк томонидан Пул-кредит сиёсатининг 2023 йил ва 2024-2025 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларининг дастлабки лойиҳаси концептуал жиҳатдан маъқулланди.

Ушбу ҳужжатда, ўрта муддатли истиқболда пул-кредит соҳасида амалга ошириладиган тадбирлар, ташқи ва ички иқтисодий шароитлар ўзгаришларига Марказий банкнинг муносабати ва жавоб чоралари, пул-кредит сиёсатини юритишдаги ёндашувлар акс эттирилган.

Келгуси йилларда ҳам пул-кредит сиёсатини амалга оширишда асосий эътибор, иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляция даражасини 5 фоизлик таргет даражасига қадар пасайтириш мақсадларига қаратилган.

Марказий банк томонидан ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозлар 2 та сценарий асосида ишлаб чиқилди.

Сценарийлар шартларини белгилашда жаҳон иқтисодиётидаги тенденцияларнинг турли хил ўзгариши, глобал инфляцион жараёнлар бўйича кутилмалар, геосиёсий вазият ва хомашё бозорларидаги прогнозлар, ички иқтисодий фаоллик ва таркибий ислоҳотларнинг амалга оширилиши бўйича кутилмалардаги фарқлар асосий мезонлар этиб, белгилаб олинди.

Асосий сценарий доирасида мамлакатимизда иқтисодий фаолликнинг юқори суръатлари сақланиб қолиши, ташқи хатарларнинг салбий таъсирлари 2022 йилдагидан юқори бўлмаслиги, таркибий ислоҳотларнинг фаол давом эттирилиши ва тармоқлардаги нархларни босқичма-босқич бозор нархларига мослаштириб борилиши муҳим шартлардан қилиб олинмоқда.

Бунда, глобал иқтисодий ўсиш жорий йилгидан бироз секинроқ бўлса ҳам, ялпи ташқи талаб кескин қисқармайди ҳамда ташқи молиявий шароитлар “қатъий”лигича сақланиб қолади.

Савдо ҳамкорларимизда (Россиядан ташқари) ижобий иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари шаклланади ҳамда асосий озиқ-овқат товарларининг жаҳон нархида нисбатан пасайиш кузатилиши мумкин.

Мазкур сценарий асосидаги прогнозларга кўра, 2023 йилда ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиш суръати 4,5-5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Ушбу сценарий доирасида, ислоҳотларнинг жадал давом эттирилиши ҳисобига инвестицион муҳитни янада яхшиланиши, ташқи ва ички хусусий инвестициялар ҳажмининг ортиб бориши кутилмоқда.

Фискал консолидациянинг бошланиши ва умумий фискал тақчилликнинг камайиб бориши, иқтисодиётда давлат ролининг қисқариши ҳамда хусусийлаштириш жараёнларининг фаоллашиши кутилмоқда.

Макроиқтисодий прогнозлар инфляциянинг келгуси йилда 8,5-9,5 фоиз доирасида бўлиши ва 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичига 2024 йилнинг II ярмида эришилиши бўйича кутилмаларни юзага келтирмоқда.

Биз олдинги йиғилишларимизда ҳам таъкидлаганимиздек, келгусида иложи борича мувозанатлашган пул-кредит сиёсати юритишга эътибор қаратамиз. Инфляцияни жиловлаш бўйича чораларнинг ялпи талаб ҳажми ва иқтисодий фаоллик даражасига бўлган таъсирини минималлаштиришга ҳаракат қиламиз.

Шу муносабат билан, иқтисодиётда 2023 йилда ҳам турли хил характердаги инфляцион босимлар сақланиб қолиши, ташқи вазиятнинг ўтказма таъсирларини инобатга олиб пул-кредит шароитлари “нисбатан қатъий” даражада сақланиб қолинади.

2024 йилнинг иккинчи ярмидан инфляциянинг 5 фоизлик таргетга эришиш асосларининг юзага келиши ва инфляциянинг доимий таргет доирасида шаклланиши бўйича ишончнинг пайдо бўлиши билан пул-кредит шароитлари “нейтрал” фазага ўтказилиши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, биз ялпи ички талаб ҳажмини қисқартиришдан манфаатдор эмасмиз, балки ялпи талаб ўсиш динамикасини иқтисодиётнинг салоҳиятига мос бўлишини, яъни ялпи таклиф ҳажми ошишига мутаносиб ҳолда ривожланиб бориши тарафдоримиз. Айнан мана шунда мақроиқтисодий барқарорлик бўлади, инклюзив иқтисодий ўсиш бўйича мақсадларимизга эришамиз.

Муқобил (хатарли) сценарий эса, ташқи хатарларнинг янада кучайиши, хусусан, глобал рецессия ва инқирозли вазиятнинг юзага келиши ҳамда унинг мамлакатимиз иқтисодиётига эҳтимолий салбий таъсирларини инобатга олган ҳолда шакллантирилди.

Ушбу сценарий шартларида мамлакатимизга турли каналлар орқали (пул ўтказмалари, экспорт тушумлари, хорижий инвестициялар ва бошқалар) валюта оқимларининг қисқариши кузатилиши мумкин.

Умуман олганда, глобал рецессия бир томондан талабни қисқартириши орқали инфляцион жараёнларни жиловловчи ва хомашё товарлари нархларини пасайтирувчи характер касб этса, иккинчи томондан савдо ҳамкорлар валюта курсларини юқори қадрсизланиши орқали сўмнинг реал самарали курсига таъсир кўрсатади.

Ушбу омиллар ва глобал рецессия фонида мамлакатимизда ҳам иқтисодий ўсиш кўрсаткичларининг асосий сценарийга нисбатан
1,5-2 фоиз бандга пастроқ бўлишига олиб келиши мумкин.

Инфляция даражаси эса омиллари турлича бўлса ҳам, асосий сценарий кўрсаткичларига яқинроқ бўлиши, фақатгина салбий таъсирлар кўламининг узоқроқ муддат давом этиши ҳисобига 5 фоизлик таргетга эришиш даври узоқроққа чўзилиши мумкин.

Қисқача айтганда, муқобил сценарий шароитида иқтисодий фаолликнинг ва ўсиш кўрсаткичларининг пасайиши сабабли Марказий банк пул-кредит шароитларини бироз юмшатиб, пандемияда бўлгани каби иқтисодий фаолликни ҳам рағбатлантиришга эътибор қаратиб борилади.

Ҳар қандай сценарий шароитида ҳам Марказий банк Ҳукумат билан биргаликда макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш, инфляция даражасини босқичма-босқич таргет даражасигача пасайтириш ва молиявий тизим барқарорлигини таъминлаш бўйича барча зарурий чора-тадбирларни амалга ошириб боради.

USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X