Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Раиси М.Б. Нурмуратовнинг 2023 йил 4 майдаги Марказий банк бошқаруви йиғилиши натижалари юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманидаги МАЪРУЗАСИ

Янгиланган сана:  4 Май 2023, 16:30
4 Май 2023

Бугун Марказий банк бошқарувининг таянч йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.  

        Мазкур қарорга келинишида ҳозирги кунда юзага келган макроиқтисодий вазиятнинг таҳлиллари, келгусидаги кутилма ва прогнозларига таянилди.

        Ушбу қарордан кўзланган асосий мақсадлар:

биринчидан, иқтисодиётда нархлар ўсишининг янада секинлашишига ёрдам берувчи пул-кредит шароитларини таъминлаш ва шу орқали, инфляциянинг мақсадли кўрсаткичларига босқичма-босқич эришиб бориш бўлса;

иккинчидан, ялпи талаб ва таклифни мувозанатлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни узвий давом эттириш ҳисобланади.

Энди, ушбу қарорга асос бўлган омиллар ҳақида батафсил тўхталиб ўтсам.

Энг аввало, бугунги кунда иқтисодиётимизда шаклланаётган инфляцион жараёнлар базавий прогнозлардаги тенденцияларга мувофиқ тарзда пасайиб, инфляцияни пасайтирувчи омиллар таъсирларини ошиб бораётганлигини қайд этиш лозим.

Инфляция динамикаси март ва апрель ойларида ҳам секинлашишда давом этди, йиллик ҳисобда мос равишда 11,7 ва 11,0 фоиз даражаларида шаклланди (январь ва февраль ойларида – 12,2 фоиз).

Ушбу пасайишда мавсумий омиллар ва ўтган йилдаги юқори база эффектини ҳам таъсирлари бор, албатта.

Келгуси май-июнь ойларида ҳам йиллик инфляция кўрсаткичининг маълум даражада пасайишини кутаяпмиз.

Базавий инфляция даражасида ҳам март – апрель ойларида пасайиш динамикаси кузатилиб, мос равишда йиллик 12,9 ва 12,5 фоизгача секинлашди (2022 йил декабрь ойида 13,8 фоиз).

Эътиборга молик томони, базавий инфляциянинг умумий инфляцияга ҳиссаси ўтган йилнинг октябрь ойидан буён биринчи марта 10 фоиз банддан камроқни ташкил этди.

Шу билан бирга, базавий инфляция даражасининг умумий инфляциядан юқори шаклланаётганлиги, иқтисодиётда инфляцион хатарларни сақланиб қолаётганлиги ифодалайди.   

Нархлари 10 фоиздан юқори ўсган товар ва хизматлар йиғма вазнининг истеъмол савати таркибида охирги ойларда энг юқори даражада етганлиги ва март ойида ҳам 60 фоиз атрофида сақланиб қолаётганлиги ички бозорларда истеъмол талаби ва унга мослашаётган таклиф тўлиқ мувозанатлашмаганлигини ҳам нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш заруратини кўрсатмоқда.

Хусусан, 510 талик истеъмол саватидаги 258 та маҳсулот ва хизматларнинг нархи йиллик 10 фоиздан юқори ўсган ва уларнинг йиғма вазни саватчанинг 60 фоизигача ошган.   

Иккинчидан, пул-кредит сиёсати чораларини белгилашда биз алоҳида аҳамият берадиган инфляцион кутилмалар ҳам пасайиш тенденциясига қайтди ва узоқ муддатли трендига яқин даражада шакллана бошлади.

Март ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари мос равишда 14,4 ва 14,1 фоизни ташкил этди.

Бунда аҳолининг инфляцион кутилмалари бўйича жавоблар медианаси – 11,5 фоизгача ва тадбиркорлик субъектлариники – 11,4 фоизгача пасайди.

Кутилмаларнинг пасайиши ва узоқ муддатли трендига яқин шаклланиши инфляцион жараёнларнинг секинлашуви бўйича умумий тенденцияларни келгусида ҳам давом этиши борасидаги мулоҳазаларни кучайтирмоқда.

Ички валюта бозори ва валюта курсида кузатилаётган нисбатан барқарорлик динамикаси ҳам (йил бошидан девальвация суръати – 1,4 фоиз) инфляцион жараёнларга импорт товарлари нархлари ўзгариши ва валюта курси борасидаги кутилмалар каналлари орқали бўладиган босимларни камайтиришда давом этмоқда.    

Январь-апрель ойларида ички валюта бозорида юридик шахсларнинг валюта маблағлари сотуви 4,7 млрд долларни, хариди – 9,8 млрд долларни ташкил этди.

Аҳолининг банкларга валюта сотуви 3,3 млрд доллар, хариди – 2,8 млрд доллар, банкларнинг жисмоний шахслар билан операциялар ижобий сальдоси – 446 млн доллар бўлди.

Апрель ойида ички валюта бозорида валюта маблағларига бўлган талаб февраль-март ойларига нисбатан пасайиб, интервенциялар ҳажмларини нисбатан камайтирди.

Учинчидан, пул-кредит шароитлари нисбатан қатъий фазада шаклланиши билан бир қаторда, иқтисодий фаоллик кўрсаткичларида ижобий тенденцияларни давом этиши бўйича кутилмалар ҳам кучайиб бормоқда.

Олдинги учрашувларимизда қайд этганимиздек ўтган йилда трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмларининг ва давлат бюджети харажатларининг ошиши истеъмол талаби ўсишини асосий омиллардан бўлди.

Ушбу омилларнинг ялпи талабни оширувчи таъсири 2023 йилда ҳам давом этмоқда.

Хусусан, пул ўтказмалари ҳажми 2023 йилнинг 4 ойи давомида 3,1 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 20,8 фоизга ўсган.

Шу билан бирга, 2023 йилнинг қолган даврида пул ўтказмалари ҳажмида ўтган йилга нисбатан камайиш кутилмоқда (30 фоиз атрофларида).

Давлатимиз томонидан аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя масаласига юқори эътибор қаратилаётганлиги ушбу йўналишдаги бюджет харажатларини ўсишида ҳам намоён бўлмоқда.

Ижтоий реестр орқали нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони биргина 2022 йилнинг ўзида 1,7 баробарга ортиб 2,1 млн нафарга етди.

Ушбу мақсадларга 2021 йилга нисбатан 2,1 баробар кўп, 11,5 трлн сўмлик маблағлар йўналтирилган (2021 йилда 1,3 млн нафар фуқарога 5,4 трлн сўм тўланган).  

Ялпи истемол талабининг ошиб бораётганлиги савдо ва пуллик хизматлардан тушумларининг ўсиши (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоиз) ва чакана кредитларга бўлган эҳтиёжларни ошиб бораётганлигидан (ўсиш 1,7 баробар) ҳам кўриш мумкин.

Иқтисодий фаоллик кўрсаткичларида 2023 йил бошидаги айрим мавсумий пасайишдан кейин март ойидан бошлаб тикланиш кузатилмоқда.

Иқтисодий фаолликнинг муқобил индекси 2023 йилнинг январь ва февраль ойлари ўтган йилги кўрсаткичлардан пастроқ бўлган бўлса (январда -5,3 ф.б, февралда -1 ф.б. паст), март ойида ўтган йилнинг мартига нисбатан 2,3 фоиз бандга юқори бўлди.

Кўчмас мулк бозори индикаторларида 2023 йил биринчи чоракда жами уй-жой олди-сотди битимлар сони қарийб ўтган йилнинг биринчи чораги натижаларига яқин бўлди.

Иқтисодий ўсиш суръатларининг асосий омиллари марказлашган инвестициялар (ўсиш – 56 фоиз) ва истеъмол талабининг ўсгани бўлди (озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқариш ҳажми ўсиши 11,3 фоиз, чакана савдо айланмаси ўсиши – 5,2 фоиз).

Таклиф томондан иқтисодий ўсишга таъсир жиҳатдан хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши ортиб бормоқда (хизматлар соҳаси ўсиши – 7 фоиз, умумий иқтисодий ўсишнинг 50 фоизини изоҳлайди).

Тўртинчидан, банклараро пул бозорида нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари сақланиб қолмоқда.

Январь-март ойларида UZONIA индекси тўлиқ фоиз коридори доирасида, асосий ставка пасайтирилишидан сўнг
13 фоиз атрофида шаклланди.

Йил бошидан давлат бюджети ижросидаги ўзгаришлар ҳамда ички валюта бозорида вужудга келган вазият таъсирида банк тизими умумий ликвидлиги динамикасида мувозанатлашиш тенденциялари кузатилмоқда.

Бу, ўз навбатида, Марказий банкнинг ликвидликни жалб қилиш бўйича пул-кредит операцияларига бўлган талабни қисқаришига олиб келди.

Йил бошига нисбатан Марказий банк облигациялари қолдиғи 33 фоизга камайди.

Банк тизими умумий ликвидлигидаги ижобий тафовутнинг қисқараётганлиги (йил бошидан 1,1-1,5 трлн сўмга) банк тизими ликвидлигида таркибий профицитдан нейтрал фазага ўтиш жараёнлари бошланаётганлигини кўрсатмоқда.

Ўз навбатида, Марказий банк томонидан ликвидликнинг таркибий ўзгаришларини тартибга солишга қаратилган пул-кредит инструментлари тўплами такомиллаш-тириб борилади.

Яна бир ижобий тенденция, тижорат банклари депозит базасининг ўсиш суръатларида жадаллашиш ва таркибий ўзгаришлар давом этмоқда.

2023 йилнинг 4 ойи якунлари бўйича миллий валютадаги муддатли депозитлар қолдиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга ошган бўлса, хорижий валютадаги депозитлар қолдиғи 3,3 фоизга камайди (йил бошидан 15 фоизга ёки 674 млн доллар).

Хорижий валютадаги депозитларнинг камайиши юридик шахслар томонидан:

хорижий кредитларни сўндирилиши,

импорт бўйича тўловларни амалга оширилиши;

ва ташқи молиявий шароитларнинг қатъийлашиши фонида кўпроқ ички манбалардан миллий валютада ресурс жалб қилиниши билан изоҳланади.

Миллий валютадаги муддатли депозитлар ўсиш суръатларини улар бўйича реал ижобий фоиз ставкаларни сақланиб қолаётганлиги ҳам қўллаб қувватламоқда.

Ушбу тенденциялар, ўз навбатида, иқтисодиётда долларлашув даражасининг пасайишига таъсир кўрсатмоқда.

Май ойининг бошига келиб, депозитлар бўйича долларлашув даражаси – 30,6 фоизгача, кредитлар бўйича эса – 44,3 фоизгача пасайди.

Иқтисодиётни кредитлаш суръатларининг ўсиши, асосан миллий валютада ажратилган кредитлар ҳисобига, тезлашди.

Тижорат банклари томонидан январь-апрель ойларида иқтисодиётга қарийб 74 трлн сўмлик ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга кўп кредитлар ажратилди. Бунда, аҳолига берилган автокредитлар, микроқарзлар ва истеъмол кредитлари асосий ўрин эгаллаган.

Кредитлар таркибида имтиёзли кредитлар улушининг пасайиш жараёнлари давом этомоқда.

Кредит портфели таркибида имтиёзли кредитлар улуши 32,4 фоизгача пасайган бўлса (йил бошида 33,2 фоиз, 2022 йил бошида 37,7 фоиз);

ажратилган кредитлар таркибида 20 фоизгача пасайди (2022 йилда 20,6 фоиз, 2021 йилда 24,6 фоиз).

Шу билан бирга, бугунги кунда тижорат банклари кредитлари ҳажмининг базавий сценарий пронозларига нисбатан 2-3 фоиз бандга юқори суръатларда ўсиши кузатилмоқда.

Ўз навбатида, ушбу вазият молиявий ва макроиқтисодий хатарларни юзага келтирадиган бўлса, Марказий банк томонидан макропруденциал сиёсат чоралари қўлланилади.

Бешинчидан, ташқи ва ички шароитларда айрим хатар ва ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.

Халқаро молия институтларининг жаҳонда иқтисодий ўсиш бўйича янгиланган прогнозларига кўра, 2023 йилнинг II ярмида глобал иқтисодий ўсиш кўрсаткичларининг секинлашиши кутилмоқда.

Глобал инфляция эса кутилганидан кўра сустроқ пасайишда давом этади.

Хусусан, глобал инфляциянинг ўтган йил якунидаги 8,7 фоиздан 2023 йилда 7 фоизгача ва 2024 йил якунида 4,9 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда.

Шу ўринда, асосий савдо ҳамкорларимизнинг ривожланиш истиқболлари халқаро молиявий институтлар томонидан яхшиланганлигини билан, жаҳон хомашё бозорларида юқори тебранувчанлик юзага келган.

Аксарият мамлакатларда базавий инфляциянинг юқорилигича қолаётганлиги, қатъий глобал молиявий шароитларнинг узоқроқ муддат сақланиб қолиши бўйича эҳтимолларни кучайтирмоқда.

Ташқи молиявий шароитларнинг қатъийлашиб бораётганлиги жаҳон ва минтақавий молия бозорларида тебранувчанликнинг кучайишида намоён бўла бошлади.

Халқаро банк тизимида кредитлаш шартларида қатъийлик ва келгуси хатарлар бўйича ноаниқликларнинг йил охиригача сақланиб қолиши кутилмоқда.

Марказий банкнинг янгиланган макроиқтисодий прогнозлари борасида шуни қайд этиш лозимки, юқоридаги айтилган шароитлар ва кутилмалар ҳамда жорий йилнинг I чораги натижалари, иқтисодиётдаги аксарият кўрсаткичлар макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида шаклланаётганлигини кўрсатмоқда.

Янгиланган прогнозларга кўра, 2023 йил якунлари бўйича реал ЯИМ ўсиши базавий сценарий прогнозларидан кўра юқорироқ бўлиши бўйича эҳтимоллар ортмоқда.

Айни пайтда жорий йил якуни бўйича инфляция даражасининг прогноз диапазони 8,5-9,5 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X