Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш
Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳаси ҳақида
Марказий банкнинг Молиявий мониторинг департаменти тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ва нобанк кредит ташкилотлари фаолияти устидан Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш (ЖФОДЛ/ТМ/ОҚҚТМҚК) соҳасида назорат олиб боради.
Департаментнинг асосий вазифалари – Марказий банк томонидан лицензияланадиган ташкилотларнинг ЖФОДЛ/ТМ/ОҚҚТМҚК соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилиш, соҳага оид қонун ва қонун ости ҳужжатларини ФАТФ тавсияларига мослаштириш ва рискларни минималлашириш.
Халқаро стандартлар ва ФАТФнинг роли
ЖФОДЛ/ТМ/ОҚҚТМҚК соҳасида халқаро стандартларни ишлаб чиқувчи ва мувофиқлаштирувчи асосий тузилма — Молиявий ҳаракатлар бўйича ишчи гуруҳ (Financial Action Task Force, FATF) ҳисобланади. 1989 йилда ташкил этилган ФАТФ 40 та тавсия ишлаб чиққан бўлиб, улар мамлакатларга самарали миллий тизимни яратиш ва амалга ошириш учун зарур бўлган талабларни белгилайди. Шунингдек, ФАТФ ўзаро баҳолаш жараёни орқали мамлакатларнинг мазкур стандартларни жорий этиш ва қўллаш самарадорлигини баҳолайди. Бу баҳолаш натижалари мамлакатнинг нуфузига, халқаро ҳамкорлик имкониятларига ва молиявий бозорларда иштирок этишга таъсир кўрсатади.
БМТнинг роли ва Хавфсизлик Кенгаши резолюциялари
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, хусусан Хавфсизлик Кенгаши, ЖФОДЛ/ТМ/ОҚҚТМҚК соҳасида давлатлар учун мажбурий халқаро чора-тадбирларни белгилайди. Улар қаторида 1267 (1999), 1373 (2001), 1988 (2011) ва бошқа резолюциялар терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши комплекс чораларни назарда тутади. Ушбу ҳужжатлар БМТнинг барча аъзо давлатлари учун мажбурий ҳисобланади ва миллий қонунчилик тизимига интеграция қилиб борилади.
Ўзбекистон Республикасидаги миллий ЖФОДЛ/ТМ/ОҚҚТМҚК тизими
Ўзбекистонда халқаро стандартларга мос келадиган соҳага оид комплекс тизим шакллантирилган бўлиб, у қуйидагиларни ўз ичига олади:
- Соҳага оид талабларни белгилайдиган Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 26 августадги 660-II-сонли “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда қонун ости ҳужжатлари;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 сентябрдаги ПҚ-3947-сонли Қарорига мувофиқ ташкил этилган Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши кураш бўйича Идоралараро комиссияси фаолияти;
- ФАТФ, ЕАГ (Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи) ва БМТ каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик.
Марказий банк ушбу соҳада миллий сиёсатни амалга оширишда фаол иштирок этади, молиявий секторнинг барқарорлигини, шаффофлигини ва жиноий таҳдидлардан ҳимоя қилишни таъминлайди.