Тадқиқот стипендияси
Марказий банк ёш тадқиқотчилар учун Тадқиқот стипендияси дастурини эълон қилади
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки магистратура ва докторантура босқичида таҳсил олаётган талабалар ҳамда мустақил изланувчилар учун Тадқиқот стипендияси дастури бўйича танлов эълон қилади.
Дастур ёш тадқиқотчиларни иқтисодиёт ва молия соҳасидаги долзарб мавзуларда илмий изланиш олиб боришга жалб этиш ҳамда уларнинг амалий билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.
Танловда иштирок этиш учун номзодлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:
- таржимаи ҳол / резюме;
- илмий тадқиқот режаси, тадқиқот саволлари ва мақсади аниқ кўрсатилган ҳолда 1 500–2 500 та сўздан иборат бўлиши керак;
- дастур давомида бажарилиши режалаштирилган ишларнинг ойма-ой режа-графиги;
- мавжуд бўлса, олдин чоп этилган илмий мақолалар.
Тадқиқот мавзулари Марказий банкнинг асосий вазифалари, стратегик мақсадлари ва устувор тадқиқот йўналишлари, глобал иқтисодий, молиявий ва технологик тенденциялар, шунингдек, молия-иқтисод соҳасидаги долзарб муаммолар ва янги феноменлар билан боғлиқ бўлиши лозим.
Танловдан муваффақиятли ўтган номзодлар билан тадқиқот мавзусининг мураккаблигига асосан 3 ойдан 12 ойгача бўлган муддатга шартнома тузилади.
Магистратура босқичида таълим олаётган танлов ғолибларига давлат олий таълим муассасаларидаги ассистент-ўқитувчининг ойлик маоши — 7 620 142 сўм миқдорида, докторантура босқичида илмий изланиш олиб бораётган танлов ғолибларига эса катта ўқитувчининг ойлик маоши — 8 568 102 сўм миқдорида стипендия тўланади.
Бундан ташқари, тадқиқотчиларга қуйидаги имкониятлар тақдим этилади:
— Марказий банкнинг ички статистик маълумотларидан фойдаланиш;
— тадқиқот натижаларини Марказий банк семинар ва конференцияларида тақдим этиш;
— тадқиқот хулосаларини амалиётда қўллаш имконияти.
Аризаларни nurbekomonov@cbu.uz электрон почта манзилига юборишингиз сўралади.
Ҳужжатлар 3 июнь соат 18:00 га қадар қабул қилинади.
Қўшимча саволлар юзасидан 71 233 00 65 ҳамда 71 212 73 94 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.