Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк бошқаруви 2024 йил 31 октябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди

Янгиланган сана: 31 Окт 2024, 12:42

Иқтисодиётдаги юқори истеъмол ва инвестицион фаоллик ҳамда айрим турдаги товарлар ва хизматлар таклифидаги ўзгаришлар таъсирида инфляцияни оширувчи босимлар сақланиб қолмоқда.

Инфляциянинг барқарор пасайиб бориши ва ўрта муддатда 5 фоизлик таргет кўрсаткичига эришишини таъминлаш мақсадида пул-кредит шароитларини нисбатан қатъий даражада сақлаб қолиш лозим бўлади.

Макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари ва инфляция омиллари бўйича кутилмалардан келиб чиқиб, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди.

2024 йил сентябрь ойида умумий инфляция йиллик 10,5 фоизни ташкил этиб, III чорак давомида ўзгаришсиз қолди. Базавий инфляция динамикаси юқори истеъмол талаби, ёқилғи ресурслари нархи ва тарифларини эркинлаштирилишини хизматлар нархларига ўтиши ҳамда айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошиши таъсирида сентябр ойида йиллик 7,1 фоиз доирасида шаклланди.

Мева ва сабзавотлар ўртача нархларида пасайиш динамикаси давом этиб, умумий инфляцияни пасайтирувчи омиллардан бўлмоқда. Октябрь ойидаги ҳафталик кузатувлар истеъмол товарлари нархларининг нисбатан барқарор бўлганлигини ва ойлик ўзгариш ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичлардан паст шаклланишини кўрсатмоқда.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ҳамда инфляциянинг жорий ва прогноз даражаси ўртасидаги тафовут юқорилигича қолмоқда. Сентябрда ўтказилган сўров натижаларига кўра, аҳолининг инфляцион кутилмалари 13,3 фоизни, тадбиркорларнинг кутилмалари эса 12,6 фоизни ташкил этди.

Жорий йилнинг сўнгги чорагида нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари таъсирида инфляцион жараёнларнинг маълум даражада пасайиши ҳамда йил якунида умумий инфляциянинг
9,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда.

2024 йил январь-сентябрь ойларида иқтисодиётнинг барча асосий тармоқларида кузатилган ижобий ўсиш динамикаси ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 6,6 фоизни ташкил этди. Инвестицион фаолликнинг юқорилиги иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватловчи асосий драйверлардан бўлмоқда.

Трансчегаравий пул ўтказмаларининг ўтган йилга нисбатан юқори суръатларда ўсиши аҳоли даромадларининг ошишига ҳисса қўшмоқда. Иқтисодиётда ўртача иш ҳақи ва реал даромадларнинг ўсиб бориши истеъмол фаоллигини қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, хизматлар ва чакана савдо соҳаларидаги юқори ўсиш суръатлари кучли истеъмол талаби шаклланаётгани билан изоҳланади.

Иқтисодий ривожланишнинг ушбу тенденцияларидан келиб чиқиб, 2024 йилда ЯИМнинг реал ўсиши 6,0-6,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

Пул бозори фоиз ставкалари ва давлат қимматли қоғозлари даромадлилиги иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари сақланаётганлигини акс эттирмоқда. Банк тизимидаги юқори реал фоиз ставкалари аҳолининг жамғариш фаоллигини оширишда давом этмоқда. Кредит қўйилмалари ўсишининг мўътадиллашуви ва омонатлардаги юқори ўсиш суръатлари ялпи талабни мувозанатлаштириш ва инфляцияга монетар омиллар таъсирини пасайтириш имконини беради.

Шу билан бирга, иқтисодиётда инфляцияни оширувчи, хусусан, келгуси чоракларда энергия ресурсларининг етарли таъминоти ва нархининг қисқа муддатли ўзгариши, айрим товарлар таклифида узилишлар ва хизматлар нархининг нисбатан юқори даражаларини сақланиб қолиши билан боғлиқ хатарлар юзага чиқиши мумкин.

Ҳар қандай шароитда ҳам Марказий банк инфляциянинг 5 фоизлик таргетига эришишга қаратилган пул-кредит сиёсатини амалга оширишда давом этиб, иқтисодиётдаги талаб ва таклиф мутаносиблиги, инфляцион кутилмалар ва таркибий ислоҳотлар суръатларига алоҳида эътибор қаратади.

Марказий банк бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йил 12 декабрга белгиланган.




Улашиш:

 
USD = 12865.66
-8.36
EUR = 13510.23
-48.69
RUB = 125.14
-3.07
GBP = 16377.99
-42.82
JPY = 84.26
-0.66
CHF = 14548.98
-72.28
CNY = 1769.67
-4.39
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X