Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича миллий комиссияси билан ҳамкорликда тадбиркор аёллар учун Молия кодексининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Йиғилишда халқаро экспертлар томонидан тадбиркор аёллар учун Молия кодекси (WE Finance Code)га оид маълумотлар тақдим этилди. Мазкур лойиҳа 2023 йил октябрь ойида Жаҳон банки ва ХВЖнинг Марокашда бўлиб ўтган йиллик йиғилишида расман ишга туширилгани ва дунёнинг 26 давлатида синовдан ўтказилаётгани таъкидланди.
"Тадбиркор аёллар учун Молия кодекси нафақат молия соҳасида, балки мамлакатнинг кенг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида ҳам трансформацион ўзгаришларни амалга ошириш имконини беради. Марказий банкнинг бу ташаббусдаги иштироки барқарор иқтисодий ўсиш ва тараққиётни таъминлашда хотин-қизлар муҳим рол ўйнашини чуқур англаганини акс эттиради, – деб таъкидлади Тадбиркор аёллар молия ташаббуси котибияти раҳбари Венди Телеки.
Шунингдек, тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича миллий комиссия ўртасида имзоланган “Тадбиркор аёлларни молиялаштириш кодекси”нинг Ўзбекистонда жорий этилишига оид меморандум ҳамда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 март куни қабул қилинган “Хотин-қизлар тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-122-сонли қарори мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.
– Лойиҳа гендер бўйича ажратилган маълумотларни тўплаш, молия институтларида аёллар етакчилигини рағбатлантириш ва тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича инновацион чора-тадбирларни жорий этиш муҳимлигини таъкидлайди. Бизнесни ривожлантириш банки ва Халқ банки билан ҳамкорликда имзоланган ушбу ташаббус Ўзбекистон бўйлаб аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришда муҳим босқич бўлди, – дея қўшимча қилди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси мамлакат операциялари раҳбари Мирзо Искандар Гуламов.
Ушбу мулоқот WE Молиявий кодексини амалга ошириш бўйича миллий коалицияни яратиш учун платформа бўлиб хизмат қилди.
Пресс-релиз
Тадбиркор аёлларнинг молия кодекси ишга туширилмоқда
Янгиланган сана: 25 Июл 2024, 09:16