Устувор мақсадли гуруҳларнинг молиявий саводхонлиги даражасини ошириш мақсадида жорий йилнинг 14-16 март кунлари Марказий банк томонидан тижорат банклари билан ҳамкорликда Қашқадарё вилоятида ўқув тадбирлари ўтказилди.
Банк депозитлари орқали жамғармаларни шакллантириш имкониятларини, фоизларни ҳисоблаш тартибини, молиявий хавфсизликнинг асосий қоидаларини, ижобий кредит тарихини шакллантириш учун масъулиятли қарз олишнинг аҳамиятини, шунингдек, аҳоли учун имтиёзли кредитлаш дастурлари мазмун-мохиятини ёритиш орқали Қашқадарё вилоятининг Қамаши, Муборак, Миришкор, Деҳқонобод туманларидаги 200 нафарга яқин кам таъминланган, “Аёллар дафтарига” киритилган хотин-қизлар ва 60 нафарга яқин ёшларнинг молиявий маданияти оширилди.
Тадбир давомида иштирокчиларга Марказий банк ва тижорат банклари мутахассислари томонидан интерфаол шаклда, шунингдек, назарий ва амалий ўқув материаллари ёрдамида кредит ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бизнес бошлаш масалалари атрофлича тушунтирилиб, керакли тавсиялар ва маслаҳатлар берилди.
Аҳолини янада кенгроқ хабардор қилиш мақсадида тадбир иштирокчиларига “Банк маҳсулотларига оид кўрсатмалар” номли тарқатма материаллар, шунингдек, фаол иштирокчиларга молиявий саводхонлик бўйича китоблар тақдим этилди.
Республиканинг чекка ҳудудларида устувор мақсадли гуруҳларнинг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича таълим тадбирлари Марказий банк томонидан тизимли амалга оширилмоқда.
Марказий банк томонидан республикамизнинг чекка ҳудудларида аҳолининг молиявий маданиятини шакллантириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда
Янгиланган сана: 23 Мар 2023, 12:28