Марказий банкда “Franklin Templeton” компаниясининг Сингапурда жойлашган минтақавий офиси раҳбарияти билан учрашув ўтказилди.
Компания вакилларига дастлаб банк тизими ва мамлакатдаги макроиқтисодий шароитлар ҳақида маълумот берилди. Учрашув давомида капитал бозорини ривожлантиришда Марказий банкнинг роли ҳамда мамлакатдаги хусусийлаштириш жараёнлари, айниқса, давлат банкларининг хусусийлаштирилишига доир масалалар муҳокама этилди.
Шу билан бирга, компания хусусийлаштириш борасида хорижий давлатларда амалга оширган муваффақиятли лойиҳалари ва тажрибаси билан ўртоқлашди ҳамда халқаро молиявий бозорларга чиқиш, хорижий инвесторларни жалб этиш юзасидан ўз хизматларини таклиф қилди.
Маълумот учун: “Franklin Templeton” 1947 йилда Нью-Йоркда ташкил этилган глобал инвестиция компанияси бўлиб, асосий фаолият йўналиши капитал ва активларни бошқаришга қаратилган. Компания томонидан бошқариладиган активларнинг умумий қиймати 1,4 трлн. доллардан зиёдни ташкил этади ва унинг 100 дан ортиқ офислари 30 мамлакатда фаолият юритади.
“Franklin Templeton” компанияси вакиллари билан учрашув
Янгиланган сана: 30 Мар 2023, 10:49