Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

2023 йил 26 январда Марказий банк Бошқаруви асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди

Янгиланган сана:  17 Июл 2023, 15:26
26 Янв 2023

Иқтисодиётда ялпи талабга ички ва ташқи омилларнинг рағбатлантирувчи таъсири сақланиб қолмоқда. Ташқи инфляция ва иқтисодиётдаги даромадларнинг ўсиши базавий инфляциянинг cўнгги ойларда юқори шаклланишига сабаб бўлди.

Асосий ставканинг жорий даражаси иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш учун етарли, деб баҳоланмоқда. Иқтисодий вазиятнинг ривожланиб бориши ва фискал сиёсат хусусиятидан келиб чиқиб, келгуси чоракларда талаб ва таклифни мувозанатлаштириш учун қўшимча чоралар кўриш зарурати юзага келиши мумкин.

Сўнгги чоракларда барқарор юқори иқтисодий ўсиш динамикаси кузатилмоқда. Марказлашган инвестицияларнинг мувозанатлашуви шароитида ялпи истеъмолнинг ўсиши талабни шакллантирувчи асосий омиллардан бўлди. 2022 йил якуни бўйича ЯИМ ўсиши Марказий банкнинг октябрь ойидаги прогнозларига мос бўлиб, 5,7 фоизни ташкил этди.

Жорий йилда фискал рағбатлантиришларнинг нисбатан мувозанатлашуви кутилиётган бўлса-да, ўтган 3 йилда кузатилган юқори фискал дефицитнинг ялпи талабни қўллаб-қувватловчи таъсирлари сақланиб қолмоқда. Меҳнат бозоридаги барқарорликнинг сақланиб қолиши, меҳнат ҳақи ва трансчегаравий пул ўтказмаларининг юқори ҳажмлари узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ва кўчмас мулкларга бўлган талабни ўсишига ва, ўз навбатида, ушбу бозорларда нархларни ошишига олиб келмоқда.

Умуман олганда, жорий ва келгуси чоракларда иқтисодиётда ижобий тенденцияларнинг шаклланиши таклиф омилларини мувозанатлашишига боғлиқ бўлади. Аномал об-ҳаво шароитлари туфайли таклиф билан боғлиқ қисқа муддатли хатарлар юзага келиши айрим турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажмларига таъсир кўрсатади.

2022 йил давомида иқтисодиёт ташқи шароитларнинг ўзгаришига мослашиб борди. Ташқи иқтисодий хатарларнинг таъсири қисқа муддатли ва дастлабки баҳолашларга нисбатан пастроқ бўлиши ҳисобига экспорт ва трансчегаравий пул ўтказмалардан валюта тушумларининг ўсиши кузатилди.

Жаҳон бозорларидаги нархлар динамикаси бўйича ижобий кутилмалар шаклланган бўлса-да, глобал иқтисодий фаоллик ва асосий савдо ҳамкорлар иқтисодиётлари ўсиши бўйича прогнозлар пасайишининг салбий таъсири билан боғлиқ юқори ноаниқлик ва хатарлар сақланиб қолмоқда.

2022 йилда истеъмол товарлари нархларининг барча гуруҳларида кенг қамровли ўсиш кузатилди ва бу умумий йиллик инфляция даражасининг 12,3 фоизгача тезлашишида ўз аксини топди. Сўнгги ярим йилликда базавий инфляцияда ҳам барқарор ўсиш тенденцияси кузатилди ва йиллик 13,8 фоизга етди. Бу ишлаб чиқарувчилар нархлари индексининг нисбатан юқори динамикаси билан бирга келгусида инфляцион босимларнинг янада ортиши эҳтимоли бўйича сигнал бермоқда. Охирги уч ойдаги инфляцион кутилмалардаги ўсиш динамикаси келгусида инфляцион хатарлар юзага келиши эҳтимолларини оширган.

Жаҳон иқтисодиётининг ўзгаришларга мослашуви ҳамда марказий банклар томонидан пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириш бўйича кўрилаётган чоралар, глобал инфляцион жараёнларнинг янада кучсизланиши ва асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг биржа нархларининг нисбатан пасайиши бўйича эҳтимолликни оширмоқда. Ушбу омиллар валюта курсининг нисбатан барқарор динамикаси билан биргаликда инфляцион жараёнларга пасайтирувчи таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

Йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб миллий валютадаги кредитлар ҳажмининг ортиши ҳисобига иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг ўсиш суръати бироз тезлашди. Шу билан бирга, кредит портфели таркибида аҳолига ажратилган чакана кредитларнинг юқори суръатларда ўсиш тенденциялари давом этмоқда.

Ижобий реал фоиз ставкалари таъсирида банкларда депозитлар ҳажми, айниқса аҳоли омонатлари юқори суръатларда ўсиб бормоқда.

Умуман олганда, ўтган йилнинг иккинчи ярмидан иқтисодиётни молиялаштириш жараёнларида таркибий ўзгаришлар кузатилиб, банклар кўпроқ ички ресурслардан фойдаланган ҳолда фаолият юритишга ўтиши тезлашди. Бу, ўз навбатида, мавжуд молиявий имкониятларни самарали мобилизация қилиниши билан биргаликда иқтисодиётдаги долларлашув даражасини пасайишига хизмат қилди. Бу жараён жорий йилда ҳам давом этилиши кутилмоқда.

Макроиқтисодий ривожланишнинг прогнозларига кўра, I чоракда ЯИМ ўсишининг маълум даражада секинлашиши бўйича эҳтимоллик юқори ва 2023 йил якунида иқтисодиётнинг 4,5-5 фоизга ўсиши ва йиллик инфляциянинг 8,5-9,5 фоиз доирасида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Айни пайтда, базавий инфляциянинг ўсувчи динамикаси ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар даражаси, иккинчи томондан, ташқи иқтисодий шароитлар ва таклиф омилларидаги хатарлар пул-кредит сиёсати таъсир доирасини қисқартириши мумкин.

Марказий банк пул-кредит шароитларининг талаб, нархлар ва инфляцион кутилмаларга таъсирини синчковлик билан баҳолашда давом этади. Кўрилаётган чора-тадбирлар талаб ва таклиф мутаносиблигини таъминлаш ҳамда инфляциянинг прогноз коридори доирасида шаклланишига ва 5 фоизлик ўрта муддатли таргетига эришишига қаратилади.

Зарур ҳолларда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда инфляциянинг номонетар омилларини камайтириш, таъминот занжирларидаги узилишларни бартараф этиш ва зарурий таклиф ҳажмларини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023 йил 16 мартга белгиланган.

USD = 12601.08
+13.14
EUR = 13774.24
-2
RUB = 143.50
+0.31
GBP = 16368.80
-49.65
JPY = 80.53
+0.06
CHF = 14254.62
+75.82
CNY = 1735.95
+0.69
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X