Бугунги рақамли молиявий хизматлардан фойдаланишнинг долзарблиги ошиб бораётган пайтда, банклар билан бир қаторда тўлов ва микромолия ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган масофавий хизматлар истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилинишига доир талабларни белгилаб олишни тақозо этмоқда.
Шунга кўра, хорижий мамалакатларнинг ушбу йўналишдаги илғор тажрибалари асосида кредит ва тўлов ташкилотлари фаолиятига тадбиқ этилиши назарда тутилган “Рақамли молиявий хизматлар истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишга доир талаблар тўғрисида”ги низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Мазкур ҳужжат билан қуйидагиларни белгилаб қўйиш назарда тутилмоқда:
- рақамли хизматлар кўрсатишда фойдаланиладиган платформаларга қўйиладиган талаблар;
- рақамли хизматлар кўрсатилишида истеъмолчиларга ошкор қилинадиган минимал ахборотларнинг ҳажми ҳамда ушбу ахборотларни ошкор қилишнинг қоидалари;
- рақамли платформалар орқали кредит хизматлари кўрсатилиши бўйича жараёнларга қўйиладиган талаблар;
- истеъмолчиларга тааллуқли ахборотларни ҳимоя қилиш ва махфийлигини таъминлаш;
- рақамли хизматларни тақдим этишда истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни ташкил этиш ҳамда уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби.
Ушбу низом талабларини амалиётга жорий этиш орқали рақамли хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилинишини тартибга солиш, ушбу хизматлардан фойдаланишда истеъмолчилар учун юзага келиши мумкин бўлган хатарларни камайтириш ҳамда истеъмолчиларнинг рақамли молия бозорига бўлган ишончини мустаҳкамлаш каби натижаларга эришиш кутилмоқда.
Ҳужжат лойиҳаси билан ушбу ҳавола орқали батафсил танишишингиз ҳамда ўз таклиф ва мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин.