Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

2023 йил 14 декабрда Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилди

Янгиланган сана: 14 Дек 2023, 16:54
14 Дек 2023

Иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг секинлашиб боришига қарамасдан, ушбу тенденциянинг давомийлиги бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.

Юқори ялпи талаб шароитида инфляцияни 2025 йилда 5 фоизлик таргет даражасигача пасайтириш вазифаси нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини давом эттиришни тақозо этмоқда.

Инфляция даражаси октябрь-ноябрь ойларида пасайиб, йиллик 8,8 фоизни ташкил этди. Ушбу пасайиш ўтган йилги юқори база таъсири, импорт нархларининг оширувчи ҳиссасининг камайиши, юридик шахслар учун энергия тарифлари оширилиши таъсирининг ҳали тўлиқ юзага чиқмаганлиги ҳамда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг давом эттирилаётганлиги билан изоҳланади.

Прогнозларга кўра, 2024 йилда базавий прогноз шартлари доирасида инфляция даражаси 8-9 фоиз оралиғида шаклланиши кутилмоқда. Айни пайтда, халқаро савдодаги мавжуд нобозор чекловлар ва фрагментация фонида инфляцияни оширувчи ташқи хатарлар ҳамда тартибга солинадиган нархлар бўйича кутилаётган навбатдаги тузатишлар таъсирларининг кейинги чоракларда намоён бўлиш эҳтимоллари сақланиб қолмоқда.

Базавий инфляция йил бошидан секинлашиш динамикасини кўрсатиб, ноябрь ойида йиллик 9 фоизни ташкил этган бўлса-да, айрим товарлар бўйича оширувчи босимлар таъсири кузатилмоқда. Инфляциянинг барқарор пасайишига эришиш маълум бир муддатни талаб этади.

Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари жорий инфляция кўрсаткичларидан юқори даражада, 13-14 фоиз атрофида шаклланишда давом этмоқда.

Глобал инфляцион жараёнлар яхшиланишининг секин кечаётганлиги ҳамда жаҳон иқтисодиёти ривожидаги кутилмаларнинг ва халқаро хомашё бозорларидаги нархларнинг юқори ўзгарувчанлиги келгуси чоракларда ҳам ташқи молиявий шароитлар, хусусан, ташқи ресурслар ҳисобига молиялаштириш шартларининг қатъийлигича қолиши борасидаги тахминларни кучайтирмоқда.

Иқтисодий фаоллик асосан юқори ялпи истеъмол талаби ва хусусий инвестицияларнинг ўсиши ҳисобига таъминланмоқда. Истеъмол талабини давлат харажатлари ва чакана кредитлаш ҳажмларининг ошиши қўллаб-қувватламоқда. Таклиф томонидан иқтисодий ўсишнинг драйвери, ялпи ички маҳсулот ўсишининг қарийб ярмини таъминловчи хизматлар соҳаси бўлиб қолмоқда. Иш ҳақи ва аҳоли реал даромадлари ўсишининг ижобий динамикаси сақланиб қолиши келгусида истеъмол фаоллигини қўллаб-қувватлайди.

Юқорида келтирилган омиллар инфляцион жараёнларнинг барқарор пасайишини таъминлаш билан боғлиқ хатарлар сақланиб қолаётганлигини кўрсатмоқда.

Марказий банк бошқаруви ушбу шароитларда инфляциянинг мақсадли кўрсаткичига эришиш учун нисбатан қатъий пул-кредит сиёсатини давом эттиришга қарор қилди.

Инфляциянинг пасайиб бориши ҳолатида асосий ставканинг ўзгаришсиз сақлаб қолиниши пул бозоридаги реал фоиз ставкаларининг мўътадил сақланиб қолишига хизмат қилади. Бу эса, кредитлаш суръатларининг мувозанатлашуви шароитида, жамғариш фаоллигида жорий динамиканинг сақланиб қолишига хизмат қилади ҳамда ташқи молиялаштиришнинг қимматлашуви фонида ички молиявий манбалардан кенгроқ фойдаланиш имкониятини оширади.

Миллий валютадаги депозитлар бўйича юқори реал фоиз ставкалари шароитида банк депозитлари ҳажмининг юқори ўсиш суръатлари давом этиши кутилмоқда.

Келгусида узоқ муддатли нархлар барқарорлигига эришиш бюджет тақчиллигининг қисқариши ва иқтисодиётга бозор тамойилларини қўллаш кўламининг кенгайиш суръатлари билан боғлиқлиги тобора долзарб бўлиб боради.

Марказий банк инфляцияни пасайтиришга қаратилган пул-кредит шароитларни яратиш ва макропруденциал чораларни кучайтиришни давом эттиради ҳамда келгуси янгиланаётган маълумотларни ҳисобга олиб инфляциянинг прогнози ва кутилмалари асосида асосий ставка бўйича қарорларини қабул қилади.

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2024 йилнинг 25 январига белгиланган.

USD = 12825.43
-12.9
EUR = 13493.63
-4.59
RUB = 120.98
+1.28
GBP = 16258.80
-51.01
JPY = 85.61
+0.22
CHF = 14487.10
-3.11
CNY = 1760.77
-4.56
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X