Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Молиявий оммабоплик – долзарб мавзу

Янгиланган сана:  23 Мар 2020, 10:34
25 Фев 2020

Ўзбекистон Республикаси
Марказий банки раиси М.Нурмуратовнинг 
Молиявий оммабоплик альянси сайтида
эълон қилинган мақоласи


Молиявий оммабоплик масаласи том маънода 2017 йил охирида миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва унинг очиқлигини таъминлаш доирасида Марказий банк фаолиятининг устувор йуналишларини қайта кўриб чиқиш даврида кун тартибидан ўрин олганди. Шу вақтгача барча саъй-ҳаракатлар асосан кичик бизнес ва тадбиркорлик масалаларига қаратилганди. Шу билан бирга, аҳолини молиявий хизматлар билан кенгроқ қамраб олиш, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва молиявий саводхонликни ошириш каби масалаларга етарли даражада эътибор берилмаган.

Молиявий оммабопликнинг ҳар бир йўналиши муҳимлиги ҳамда унинг иқтисодиёт, шу жумладан, молия соҳаси ривожига таъсирини англаган ҳолда, Марказий банк 2017 йилда ушбу жиҳатларни ўз фаолиятидаги муҳим устувор йўналиш сифатида белгилаб олди. 2019 йилда янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида бу йўналишдаги барча масалалар Марказий банкнинг функциялари ҳақидаги моддада ўз аксини топди. Хусусан, унда “кредит ташкилотлари хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонуний манфаатларини таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлигини ошириш ҳамда молиявий хизматларнинг оммабоплигини ошириш бўйича чора-тадбирлар” назарда тутилган.

Ўзбекистонда молия хизматларини асосан банклар кўрсатади ва кўп ҳолларда молия соҳаси деганда ҳам банклар тушунилади. Шу боис молия хизматларининг оммабоплиги тўғрисида сўз юритганда, мен ушбу соҳадаги фаолиятни назарда тутаман[1].

Мамлакатимиздаги 33 млн.дан зиёд аҳоли учун банк хизматлари оммабоплигини таъминлаш мақсадида биз масалага самарадорлик нуқтаи назаридан ёндашдик. Хусусан, банкларнинг фойда келтирмайдиган йирик филиалларидан воз кечиб, чекка ҳудудларни ҳам қамраб олиш мақсадида улар ўрнида бошқарув ходимларининг сони ва операцион харажатлари анча чекланган кичик банк хизматлари марказларини ташкил этдик.

Фаолияти тугатилган 60та филиал ўрнида 457 та банк хизматлари марказлари ташкил этилди. 2020 йилда яна 200 та шундай офисларни очиш режалаштирилган.

Жорий йил бошидан мамлакатда 30 та тижорат банки, уларнинг 850 та филиаллари, 595 та мини-банклари, 457 та банк хизматлари марказлари, 902 та ўзигаўзи хизмат кўрсатиш шохобчалари тунукун ишлаш тартибида фаолият юритмоқда.

Кўплаб мамлакатлар сингари, биз ҳам рақамли каналларни банк хизматлари оммабоплигини кенгайтиришнинг самарали йўли сифатида қараймиз. Айниқса, кичик шаҳарлар ва қишлоқларда масофавий банк хизматларини ривожлантириш орқали аҳолини банк хизматлари билан қамраб олиш кўзда тутилган.

Масофавий банк хизматларини ривожлантириш масалаларига ўтишдан аввал, 2020 йилнинг февраль ойидан “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисидаги”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга кирганини таъкидлаш жоиз. Ушбу ҳужжат тўлов тизимларини кузатиб бориш ва мониторингини амалга ошириш, тўлов тизимлари операторлари ва тўлов ташкилотларининг фаолиятини лицензиялаш тартибини, тўлов тизимларида ахборот хавфсизлиги ва уларнинг муҳофазасини таъминлашга қўйиладиган талабларни, электрон пул бозорини тартибга солиш ва электрон пул эгаларини идентификациялаш тартибини белгилайди.

Қонуннинг қабул қилиниши тўловларни узлуксиз амалга ошириш, иннновацион технологияларни кенг жорий этиш ҳамда тўлов тизимининг ишончли ва хавфсиз ишлашинитаъминлаш имконини беради.

Тўлов экотизимини ривожлантириш мақсадида Марказий банк ҳузурида Банклараро миллий процессинг маркази ташкил этилди. Амалдаги “Uzcard” тизимига муқобил сифатида “HUMO” тўлов тизими йўлга қўйилди. Қисқа муддат ичида мамлакатнинг барча ҳудудларида 180 мингдан зиёд тўлов терминаллари ва 2 мингдан кўпроқ “HUMO” тизимининг банкоматлари ўрнатилди. Шу боис ички бозорда рақобат ривожланмоқда ва истеъмолчида танлаш имконияти мавжуд.

Умуман олганда, республикада 392 мингдан зиёд терминал ва 4 мингта банкоматлар ўрнатилган, муомалада бўлган карталар сони 20,5 млн.тани ташкил этади.

“HUMO” тўлов тизимининг оператори бўлмиш “Банклараро миллий процессинг маркази” “Visa” ва “MasterCard” халқаро тўлов тизимлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, Ўзбекистон ҳудудида халқаро карталар билан операцияларни амалга ошириш имконини яратди. Тошкент метрополитенида янги лойиҳанинг амалга оширилиши муваффақиятли якунланди. Метронинг барча станциялари йўл ҳақи тўловини контактсиз қабул қилувчи ускуналар (валидаторлар) билан жиҳозланган.

2020 йилда “HUMO International”, яъни хорижда ҳисоб-китобни амалга оширишга мўлжалланган картани муомалага чиқариш ҳамда “HUMO”нинг барча инфратузилмаларида мобиль телефонлари ёрдамида контактсиз тўлаш имконини берувчи “HUMO Pay” тўлов хизматини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Масофадан туриб хизмат кўрсатиш мавзусига қайтиб шуни очиқ айтишимиз керакки, масофавий банк хизматларининг мобиль тизими банк мижозлари орасида кенг тарқалган. Бугунги кунда 9,5 млн.га яқин жисмоний шахслар ушбу хизматдан фойдаланишади.

Айни пайтда Марказий банк томонидан Клиринг ҳисоб-китоблар асносида QR-кодлар тизими ишлаб чиқилиб, синовдан ўтказилмоқда. Синов жараёнида бир нечта тижорат банклари иштирок этиб, уларнинг мобиль иловаларидан фойдаланилмоқда.

Жисмоний шахсларни масофадан туриб биометрик идентификациялашни йўлга қўйиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Бундай механизм мижознинг ёки банк филиалининг қаерда эканлигидан қатъи назар туну кун банк хизматларидан фойдаланишнинг анча қулай имкониятини вужудга келтиради.

Бундан ташқари, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, Марказий банкнинг тезкор тўловлар тизимини жорий этишнинг маҳаллий модели ишлаб чиқилди.

Бу тизимни жорий этишдан мақсад – жисмоний ва юридик шахслар томонидан банклараро тўловларни тунукун реал вақт режимида амалга оширадиган инновацион тўлов хизматини яратишдир.

Молия бозорининг инфратузилмасига тўхталганда, банкнинг риск-менежменти (рискларни бошқариш) сифати масаласини четлаб ўтиб бўлмайди. Кредит ташкилотларида потенциал қарз олувчилар тўғрисидаги ахборотнинг етишмаслигига барҳам бериш, шунингдек, кредит бозорида рақобатни ривожлантириш мақсадида Кредит бюроси ва кредит ахбороти алмашинуви тизими модернизация қилинди.Молия муассасаларидан, коммунал хизматлар ҳамда товарларни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотувчи бир қатор савдо корхоналаридан иборат 150 дан ортиқ ташкилотларнинг маълумотини қамраб олиб, таҳлил этувчи кредит скоринги йўлга қўйилди.

Яратилган шарт-шароитлар ва молия бозори маҳсулотларидан самарали фойдаланиш аҳолининг молиявий саводхонлиги даражаси ва истеъмолчилар ҳуқуқларининг қанчалик ҳимоя қилингани билан бевосита боғлиқ. Ушбу омиллар молия муассасалари ва мижозларнинг истиқболдаги ўзаро ҳамкорлигига асос бўлади.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳам катта ишлар амалга оширилди, биринчи навбатда, биз Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунини янги таҳрирда қабул қилдик. Ҳужжатда молия хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясига бағишланган алоҳида боб киритилди.

Эндиликда қонуннинг банк талабларига мувофиқ, хизматларни тақдим этиш шартлари, жумладан, комиссион ҳақлар, тарифлар ва фоиз ставкалари тўғрисидаги маълумотлар банкнинг расмий веб-сайтида мажбурий тартибда жойлаштириладиган бўлди.

Шунингдек, банкларда колл-марказларнинг бўлиши, веб-сайтларда истеъмолчилардан шикоятлар қабул қилиш воситалари бўлиши тўғрисидаги талаблар белгиланган.

Кредитларнинг шартларини таққослаш учун шарт-шароит яратиш ҳамда истеъмолчи учун маъқул кредитни танлаш мақсадида кредитларнинг асосий маълумотлари тўғрисидаги ахборот варақалари жорий этилди.

Шу билан бирга, истеъмол кредити ва микроқарзнинг тўлиқ қийматини ҳисоблаш методологияси ишлаб чиқилди ва йўлга қўйилди. Улар мажбурий тартибда истеъмолчиларга етказилиши ва кредиткелишувларида акс эттирилиши лозим.

Истеъмолчиларга ортиқча қарз юкини юкламаслик мақсадида кредит ташкилотларига микроқарз келишувлари, шунингдек, ломбардлар томонидан йилига қарз ҳажмининг ярмидан кўпроқ суммасида келишилган кредит келишувлари бўйича фоизларни ҳисоблаш, комиссия олиш ва неустойка (штраф, пеня) қонунчилик асосида тақиқланган.

Шунингдек, банклар томонидан кредит аризаларини кўриб чиқиш учун олинадиган турли комиссион тўловлар, ссуда ҳисоб рақамларига хизмат кўрсатиш, кредитлар ажратиш ҳамда жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кредитларни (микроқарзларни) муддатидан олдин тўлаганлик учун неустойка олиш таъқиқланди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги барча кўриладиган чоралар аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш мақсадида таълим тадбирлари билан бирга олиб борилади. Бундан ташқари, биз кичик ёшдан бошлаб, кекса ёшгача узлуксиз таълим билан таъминловчи ҳамда молиявий саводхонликни ривожлантириш имконини берувчи тизимни йўлга қўйиш учун асос яратмоқчимиз.

Шундай қилиб, қисқа вақт мобайнида молиявий оммабоплик соҳасида анчакатта ишлар амалга оширилди, аммо истиқболда яна қилинадиган ишлар кўп. Шу боис яқин келажакда бизнинг устувор йўналишларимизни белгилаб берувчи Стратегия ишлаб чиқилмоқда.

Молиявий оммабоплик альянсига аъзо бўлишимиз бизга халқаро тажрибани ўрганиш ва энг мақбуламалиётни қўллашга имкон беради. Шу билан бирга, альянснинг илмий ва амалий салоҳияти ушбу соҳада илк қадам ташлаётган мамлакатлар учун муҳим аҳамият касб этади.


[1] Ўзбекистонда Марказий банк мегарегулятор ҳисобланмайди

USD = 10209.86
+2.17
EUR = 12021.09
+125.05
RUB = 137.46
-4.91
GBP = 13362.66
+308.05
JPY = 96.43
+0.24
CHF = 11186.44
+98.36
CNY = 1463.91
+8.58
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X