Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк асосий ставкасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилган Бошқарув йиғилиши якунлари бўйича маъруза

Янгиланган сана:  23 Апр 2021, 12:22
23 Апр 2021

Бугунги кунда шаклланган иқтисодий шароитлар ва кутилаётган вазиятлар асосий ставкани ҳам маълум даражада оширишга, ҳам пасайтиришга омил бўлиб хизмат қиладиган асосларни вужудга келтирди. Лекин, ушбу омилларнинг баланси бугунги йиғилишда асосий ставкани ўзгаришсиз қолдириш томон кўриб чиқилишга сабаб бўлди.

Иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб ҳажмлари босқичма-босқич тикланиб бормоқда. Иқтисодиётнинг айрим тармоқларидаги ўсиш суръатлари пандемиягача бўлган даврлардаги кўрсаткичларга етди. Инфляция динамикаси январь-февраль ойиларидаги рақамлардан пасайиб, прогноз кўрсаткичларига яқинлашди.

Айни пайтда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши ва инфляцион кутилмаларнинг ошиши бўйича инфляцион хатарлар сақланиб қолмоқда.

Шу сабабли, 2021 йилнинг январь-март ойларида ҳам нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари сақлаб қолинди.

Бундан асосий мақсад, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ва инфляция даражасини пасайтириш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлашга бўлган интилишдир.

Ижозатингиз билан мазкур қарорга келинишига асос бўлган омилларга батафсил тўхталсак.

Биринчидан, иқтисодий фаолликнинг тикланиши ва ялпи талаб.

2020 йилда Марказий банкнинг асосий ставкаси 2 маротаба пасайтирилди. Унинг иқтисодиётга тўла таъсири 6-12 ойлик кечикиш билан юзага келади.

Яъни, 2020 йилда пул-кредит шароитларини бироз юмшатилганлиги 2021 йилнинг I ярим йиллигида ҳам иқтисодий фаолликни тиклаш ва ўсишни қўллаб-қувватлаш учун хизмат қилади.

Йил бошидан бошлаб иқтисодиётда ялпи талаб ва иқтисодий фаоллик босқичма-босқич тикланиб, ижобий тенденциялар намоён бўла бошлади. Шунингдек, айрим экспорт товарларимизга нисбатан ташқи талабнинг ҳам жонланиши кузатилмоқда.

Марказий банк томонидан товар хомашё биржасидаги операциялар ҳажми, банклараро транзакциялар, савдо ва пуллик хизмат кўрсатишдан тушумлар ўзгаришлари асосида ҳисоблаб чиқиладиган Иқтисодий фаолликнинг индикаторининг барча компонентларида ҳам январь ойидаги мавсумий пасайишдан сўнг март ойида сезиларли даражада тикланди.

2021 йил I чорагида ЯИМ ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан реал ҳисобда 3 фоизга ўсди.

Саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 3,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги – 3,1 фоизга, хизматлар – 5,8 фоизга ошди. Шунингдек, ушбу даврда чакана савдо айланмасида 2,8 фоизлик ўсиш кузатилди.

Шу билан биргаликда, сервис, хизматлар ва қурилиш соҳаларида иқтисодий ўсиш суръати бошқа соҳаларга қараганда бироз секин тикланмоқда.

Январь-март ойларида қурилиш ишлари ҳажминиг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиши 0,5 фоизни ташкил этди.

 Биринчидан, ўтган йилнинг 1-чорагида ушбу тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми юқори бўлган, иккинчидан, марказлашган инвестицион харажатлар энди бошланади.

Туризм соҳаси билан алоқадор тармоқлар, меҳмонхона хизмати, транспорт, пуллик хизмат кўрсатиш соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари пандемиядан олдинги ҳолатга тикланиб улгургани йўқ.

Март ойидаги сўровлар натижаси бўйича жами респондентларнинг 33 фоизи, жумладан хизматлар соҳасида 41 фоиз, савдо соҳасида 34 фоиз корхоналар фаолиятини пандемия давригача бўлган кўрсаткичларга тўлиқ тикланмаганлигини маълум қилган.

Таҳлилларга кўра, 2-3-чоракларда бу соҳаларда ҳам ўсиш тезлашади.

Биринчи чоракда асосий капиталга киритилган инвестициялар таркибида марказлашмаган манбалар ҳисобидан амалга оширилган инвестицияларнинг ўсиш суръатлари ижобий бўлиши, инвестицион талабнинг ҳам босқичма-босқич тикланиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Марказлашмаган манбалар ҳисобидан инвестициялар ҳажми 31,3 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,6 фоизга ўсди.

Умуман олганда, биринчи чорак якунлари бўйича янгиланган прогнозларимиз, 2021 йил сўнггида ЯИМ ҳажмининг реал ўсиши базавий сценарийда келтирилган 4,5-5,5 фоиз, прогноз коридорининг юқори чегарасига яқин бўлишини кўрсатмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жорий йил давомида иқтисодиётни фискал рағбатлантиришнинг давом эттирилиши ва пул-кредит шароитларининг ўзгаришсиз қолиши фонида ялпи талабнинг тикланиб бориши, иқтисодиётни эркинлаштириш бўйича амалга оширилаётган таркибий ислоҳотлар натижасида инвестицион муҳитнинг яхшиланиб бориши иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашда асосий омиллардан бўлади.

Иқтисодиётга ажратилган кредит қўйилмалари ўсиш суръатларининг ЯИМ номинал ҳажми ўсиши даражасида бўлиши молиявий барқарорлик кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатмайди.

Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида жорий йилда ажратилиши кўзда тутилаётган кредитлар, ҳудудларда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилса, аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурлари доирасида йўналтириладиган маблағлар қурилиш соҳасини ва унга туташ тармоқларни рағбатлантирувчи омил бўлади.

Иккинчидан, ташқи иқтисодий шароитлар.

Глобал иқтисодиёт ўсиши бўйича прогнозлар яхшиланиб бораяпти. Ушбу жараён, асосий савдо-ҳамкор давлатлар иқтисодиётининг босқичма-босқич тикланиб боришида ҳам кузатилмоқда.

Хомашё маҳсулотлари нархларидаги ўсиш динамикаси жорий йилнинг биринчи чорагида товарлар экспорти ҳажмининг (олтин ва газни ҳисобга олмаганда) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга ўсишига хизмат қилди.

Рангли металлар экспорти 58 фоизга, текстил маҳсулотлари – 38 фоизга ва кимё маҳсулотлари – 21 фоизга ошди.

Жорий йилнинг дастлабки уч ойида трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга ўсиб, 1,4 млрд. долларни ташкил этди.

Ушбу омил ҳам ялпи талабни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Айни пайтда пандемиянинг янги штамлари тарқалиши билан боғлиқ ташқи иқтисодий ноаниқликлар ҳам сақланиб қолмоқда.

Учинчидан, инфляцион жараёнлар ва кутилмалар.

Жорий йилнинг март ойида йиллик инфляция даражаси 10,9 фоизни ташкил этиб, январь ва февраль ойларидаги кўрсаткичлардан паст бўлди.

Ялпи талаб ва ялпи таклиф ҳажмларининг босқичма-босқич ўзаро мувозанатлашаётганлиги ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар инфляциясига ижобий таъсир килди.

Ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар гуруҳлари нархлари ўсиши мос равишда 8,8 ва 8,4 фоизни ташкил этиб, ушбу гуруҳлар умумий инфляцияни пасайтирувчи омил бўлди.

Айни пайтда, иқтисодиётда умумий инфляция даражаси пасайиб боришига қарамай, асосий озиқ-овқат товарлари нархларида сезиларли ўсиш кузатилмоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг йиллик ўсиши
13,8 фоизни ташкил этиб, умумий инфляция даражасига таъсири юқорилигича (5,8 фоиз банд) сақланиб қолмоқда.

Жумладан, март ойида ўсимлик ёғи нархлари йиллик ҳисобда – 35,6 фоизга, шакар – 25,4 фоизга, картошка – 25,1 фоизга ва гўшт маҳсулотлари – 16,6 фоизга ўсди.

Бирламчи аҳамиятга эга бўлган асосий истеъмол товарлари нархларининг юқори суръатларда ошиши ташқи бозорларда хосилдорлик ва логистика билан боғлиқ сабаблар таъсирида юзага келган коньюнктура ҳамда ички бозорлардаги рақобат шароитлари ва ишлаб чиқариш ҳажмининг чекланганлиги каби омиллар билан изоҳланади.

Таъкидлаш лозимки, пул-кредит сиёсати бўйича қарорлар қабул қилишда кўпроқ базавий инфляция динамикаси ва унинг прогнозидан келиб чиқилади.

Базавий инфляцияни ҳисоблашда умумий инфляциядан мавсумийликкка мойил бўлган мева ва сабзавотларни ҳамда нархлари тартибга солинадиган товарларни чиқариб ташланади.

Март ойи якунлари бўйича базавий инфляция даражаси 11,6 фоизни ташкил этди ва умумий инфляциядан бироз юқори бўлди. Бу ўз навбатида, иқтисодиётда маълум даражада инфляцион хатарларнинг сақланиб қолаётганлигидан далолат беради.

Йил бошидан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмаларида пасайиш тенденцияси кузатилаётган бўлсада, жорий инфляция кўрсаткичларидан сезиларли даражада юқори шаклланмоқда.

Хусусан, март ойида келгуси 12 ой учун аҳолининг инфляцион кутилмалари 15,5 фоизни, тадбиркорлик субъектлариники эса 15,9 фоизни ташкил этди.

Умуман олганда, инфляцион кутилмалар даражасининг босқичма-босқич пасайиб, 2020 йилнинг бошидаги кўрсаткичларга яқинлашаётганлиги, кутилмалардан ўтган йилги пандемия билан боғлиқ оширувчи таъсирлар ролини камаяётганлигини билдиради.

Тўртинчидан, пул-кредит шароитлари ва прогнозлар.

2021 йилнинг январь-март ойларида нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари шаклланди. Пул бозоридаги ўртача тортилган фоиз ставкалар март ойида 14,4 фоиз ёки реал ҳисобда 3 фоизлик ижобий даражада бўлди. “Uzonia” индекси ҳам биринчи чорак давомида тўлиқ асосий ставка фоиз коридори доирасида шаклланди.

Муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларнинг 2020 йил декабрь ойидаги 14,8 фоиздан 2021 йил март ойида 17,8 фоизгача ўсиши, биринчи чоракда муддатли депозитлар ҳажмининг 10,5 фоизга, жумладан, жисмоний шахсларнинг муддатли депозитларини 13,8 фоизга ошишига хизмат қилди.

Кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалар март ойида 21,4 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,4 фоиз бандга пасайганлиги жорий йилнинг биринчи чорагида ажратилган кредитлар миқдорининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11 фоизга ўсишига хизмат қилди.

Умуман олганда, йил сўнгига қадар пул бозоридаги фоиз ставкаларини реал ҳисобда ижобий 2-3 фоиз атрофида сақлаб қолиш бўйича чоралар кўриб борилади.

2021 йил охиригача инфляция прогнозлари

Марказий банк ташқи бозорлар ва асосий озиқ-овқатлар таклифидаги ўзгаришларнинг йил охиригача инфляцияга таъсирларининг сақланиб қолиши ва ялпи талаб ўсишининг нархларни оширувчи хусусияти ортиб боришини инобатга олган ҳолда 2021 йил якунлари бўйича инфляциянинг прогнозини 9,0-10,0 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди.

Бунда, йил сўнгига қадар инфляцион жараёнлар ва кутилмалар ҳам монетар ҳам номонетар омилларнинг турли йўналишдаги таъсирлари остида шаклланади.

Аввал таъкидлаганимиздек, жорий йил охиригача тартибга солинадиган нархларни оширилмаслиги, ўтган йилнинг апрель ойи ва октябрь ойларидаги юқори база эффекти ҳамда 2020 йилнинг IV чораги ва 2021 йилнинг I чорагида сўм алмашув курсининг нисбатан барқарор шаклланганлиги келгуси чоракларда йиллик инфляция даражасини пасайтирувчи омиллардан бўлади.

Озиқ-овқат нархлари ошиши бўйича хатарларнинг ошиб бориши шароитда ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида Ҳукумат, тегишли вазирлик ва идоралар билан ўзаро ҳамкорликда:

- мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлиги таъминлаш бўйича ягона давлат стратегиясини ишлаб чиқиш,

- импорт бозорларини диверсификация қилиш,

- импортда концентрациялашув даражасини пасайтириш ва транспорт харажатларини камайтириш борасида кўрилаётган чоралар ҳам ўз ижобий натижаларини кўрсатади.

Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини мувозанатлаштириш мева, сабзавот ва озуқа-ем маҳсулотлари ҳажмларини ошириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш ва ушбу маҳсулотларни етиштириш учун зарурий ер майдонлари ҳамда сув ресурслари ажратилишини тақозо қилади.

USD = 12690.00
-7
EUR = 13526.27
-21.43
RUB = 135.95
+0.9
GBP = 15802.86
-34.11
JPY = 82.14
-0.09
CHF = 13969.62
+3.06
CNY = 1752.47
-1.48
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X