Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк бошқарувининг йиғилиши якунлари бўйича Марказий банк бошқаруви раисининг МАЪРУЗАСИ

Янгиланган сана:  22 Окт 2021, 10:12
21 Окт 2021

Бошқарувнинг таянч йиғилишида иккита масала кўриб чиқилди.

Биринчиси, жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган пул-кредит сиёсати ва Марказий банкнинг асосий ставкасини кўриб чиқиш бўлса, иккинчиси, пул-кредит сиёсатининг келгуси 2022 йил ва 2023-2024 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларининг концептуал лойиҳаси муҳокама қилиниб, дастлабки тарзда маъқулланди.

Энди ушбу лойиҳа кенг жамоатчилик, экспертлар ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар муҳокамасига тақдим этилади.

2021 йилнинг январь-сентябрь ойида шаклланган иқтисодий шароитларга тўхталиб шуни қайд этиш лозимки, пандемия даврида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш борасида Ҳукумат ва банк тизими томонидан кўрилган чора-тадбирлар бугунги кунда иқтисодий фаоллик, ишлаб чиқариш суръатларини пандемиягача бўлган ўсиш траекториясига чиқиб олишига имкон берди.

2021 йил 9 ойи якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 6,9 фоизни ташкил этди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан:

саноатда ишлаб чиқариш ҳажмлари – 9 фоизга;

қишлоқ хўжалигида – 4,2 фоизга;

қурилиш соҳаси – 4,5 фоизга;

асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар – 5 фоизга ўсди.

2021 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича аҳоли даромадлари реал ҳисобда 10,4 фоизга ошди.

Шу билан бирга, иқтисодиётнинг барча соҳаларида ҳам бир ҳил юқори тикланиш суръатлари кузатилмаяпти. Ички ва ташқи туризм, йўловчи ташиш, автомобил ишлаб чиқариш умумий овқатланиш соҳалари ҳали ҳам 2019 йил даражасига етгани йўқ.

Келгуси йилда ушбу соҳаларда ҳам иқтисодий жараёнларнинг тўлиқ тикланиши юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичларини қўллаб-қувватловчи омил бўлади.

Пандемиянинг давом этаётганлиги, глобал иқлим шароитларининг ноқулайлиги, ишлаб чиқариш ва етказиб беришдаги узилишлар жаҳонда аксарият озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини сезиларли даражада ўсишига олиб келди. Бу, ўз навбатида, ички нархларга ҳам таъсир кўрсатмай қолмади.

Шунингдек, жаҳонда иқтисодий тикланишнинг жадаллашуви асосий энергия манбаларига ва халқаро юк ташиш тизимига босимни юзага келтириб, жаҳон бозорларида ёнилғи маҳсулотлари ва юк ташиш хизматлари нархларини ошиши кузатилмоқда.

Ушбу омиллар таъсирида, инфляция динамикаси прогнозларимизнинг юқори чегарасида шаклланмоқда. Сентябрь ойи якунлари бўйича йиллик инфляция даражаси 10,8 фоизни ташкил этиб, охирги тўрт ойдан бери биринчи марта пасаювчи динамикага ўтди.

Инфляцияни ўзгарувчан компонентларсиз акс эттирувчи - барқарор инфляция индикаторлари (базавий инфляция) – ҳам бизнинг прогнозларимиз доирасида шаклланиб, пасайиш динамикасини кўрсатмоқда.

Хусусан, сентябрь ойи якунлари бўйича базавий инфляция, ўтган ойга нисбатан 0,3 фоиз бандга, йил бошига нисбатан эса 3 фоиз бандга пасайди ва 9,2 фоизни ташкил этди.

Аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмаларида сентябрь ойида пасайиш кузатилган бўлса ҳам (аҳоли – 15,8 фоиз, бизнес субъектлари – 14,7 фоиз), кўплаб давлатлар қатори бизда ҳам ҳамон юқори даражаларда сақланиб қолмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ялпи талаб нуқтаи назаридан, инфляцияни оширувчи асосий хатарлардан бўлиб қолмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш зарурки, бугунги кунда дунё иқтисодиётида нархлар ўзгариши аралаш таъсирлар босими остида қолган. Бир томондан, пандемия давридаги фискал ва монетар юмшатишлар ҳисобига вужудга келган юқори ялпи талаб бўлса, иккинчи томондан, инфляцияга пул-кредит сиёсатига боғлиқ бўлмаган кўплаб омиллар таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, халқаро биржаларда товарлар нархининг ўзгариши, геосиёсатдаги протекционизм элементлари, қишлоқ хўжалигида иқлим ва ҳосилдорликдаги ўзгаришлар, халқаро маҳсулот етказиб бериш занжиридаги узилишлар ва бошқа ҳолатлар нарх-навони шаклланишида ўз аксини топмоқда.

Шу сабабли бўлса керак, охирги пайтларда “Пул-кредит сиёсати ушбу омилларга таъсир кўрсата олмас экан, унинг асосий тамойилларидан фойдаланмаслик ёки инкор этиш” борасида фикрлар учрамоқда.

Таъкидлаш керакки, бундай қарашлар муҳим бир ҳолатни, яъни бу омилларнинг аҳоли ва бизнеснинг инфляцион кутилмаларига бевосита таъсир кўрсатишини инобатга олмаяпти.

Юқори инфляция кутилмалари ялпи талабни ўсишига, қўшимча харажатларни истеъмолчилар зиммасига (нарх-навога) юкланишига олиб келади. Ишлаб чиқарувчилар харажатларини камайтириш ёки оптималлаштириш ўрнига уларни тўлиқ товар ва хизматлар нархига ўтказишга ҳаракат қилади ва бу орқали истеъмолчилар ҳисобидан рентабеллик даражасини оширишга интилади. Натижада иқтисодиётда доимий товар ва хизматлар нархларини ўсиш “спирали” ёки занжири пайдо бўлади.

Бундай вазиятларда одатда, пул-кредит сиёсати ва унинг инструментлари ушбу шаклдаги инфляция спиралини кучайишини олдини олишга йўналтирилади. Айниқса, аҳоли ва бизнеснинг инфляция кутилмалари юқори бўлган ҳозирги шароитда ушбу масала муҳим аҳамиятга эга.

Ялпи таклифдаги маълум бир муаммолар (хом-ашё ва комплектлашувчи материаллар етказиб бериш занжиридаги узулишлар, қурғоқчилик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришини камайиши, локдаун ҳамда карантин ҳолатлари ва бошқ.) мавжуд бўлган ҳолатларда пул-кредит сиёсати инструментлари ва чоралари билан ялпи талаб ва истеъмолни рағбатлантириб бўлмайди.

Ушбу қайд этилган “ялпи таклиф”даги муаммолар, уларни вужудга келтирган омилларни пасайиб бориши билан инфляцияга ўз таъсир кучини йўқотиб боради ва шу сабабли доимий характерга эга эмас.

Иқтисодиёт ўз потенциаллари даражасига чиқиши кутилаётган шароитларда пул-кредит сиёсатини юмшатиш бозорларда “молиявий пуфакларни” пайдо бўлишини рағбатлантириши мумкин.

Шу сабабли, инфляция даражасини (қандай омиллар, яъни глобал ёки ички омиллар таъсирида вужудга келганлигидан қатъи назар) прогноз доирасида шаклланишини таъминлаш учун Марказий банклар барча монетар инструментлардан фаол фойдаланади.

Пул кредит шароитлари

Жорий йилнинг 9 ойи якунларига кўра, депозит ва кредит фоиз ставкаларининг Марказий банк асосий ставкасига мослашиши биз кутгандан тезроқ содир бўлмоқда (одатда 4-6 чорак давом этади).

Кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари йил бошидан бери 20-21 фоиз доирасида (узоқ муддатли кредитлар бўйича 21,2 фоиз) шаклланиб келмоқда.

Узоқ муддатли фоиз ставкаларининг барқарорлиги инвестиция ва ипотека кредитлари бўйича фоиз ставкалари барқарорлигининг асосий шарти ҳисобланади.

Депозитлар бўйича фоиз ставкалари, аҳоли омонатлари бўйича – 20,3 фоизни, юридик шахслар маблағлари бўйича эса 15,3 фоизни ташкил этиб, 6-8 фоиз реал даромадлиликни таъминламоқда. Бу, ўз навбатида, жамғариш кайфиятини мустаҳкамланиши, яхшиланиши ва келгусида инфляцион кутилмаларни пасайишида муҳим аҳамиятга эга.

Иқтисодиётдаги кредит қўйилмаларининг ўсиш суръатлари ЯИМ номинал ўсиши доирасида сақланиб турибди (9 ой якунлари бўйича кредитлар ўсиши 13,2 фоиз). Кредитларнинг қайтувчанлик даражаси ўтган йилга нисбатан 15-16 фоиз бандга ортиб, 2021 йил 9 ойи якунлари бўйича 72 фоизни ташкил қилди (берилган кредитлар – 119,5 трлн. сўм, қайтган кредитлар – 86,4 трлн. сўм).

Тижорат банклари томонидан юридик шахсларга ажратилган кредитларнинг ўтган йилга нисбатан ўсиши 29 фоизни ташкил этган бўлса, аҳолига ажратилган чакана кредитлар ўсиши 46 фоиз бўлди.

Бунда 2020 йилнинг 9 ойида жисмоний шахсларга қарийб 20 трлн. сўмлик кредитлар ажратилган бўлса, 2021 йилнинг мос даврида 29 трлн. сўмлик кредитлар берилди. Юқори ўсиш суръатлари автокредитлар, микроқарз ва оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида берилган кредитларда кузатилди.

Таъкидлаш жоизки, глобал иқтисодиётда бўлаётган ўзгаришлар ҳали ҳам аниқ прогнозлаш имкониятини бермаяпти, жуда кўплаб ноаниқликлар сақланиб қолмоқда.

Жаҳонда пандемия билан боғлиқ вазият, навбатдаги янги тўлқинларнинг давом этаётганлиги, албатта, ташқи иқтисодиётдаги ўзаро муносабатлар, ўсиш суръатлари ва нархлар динамикасига таъсир кўрсатади.

Юқоридаги омилларни инобатга олиб, бугунги Бошқарув йиғилишида Марказий банк асосий ставкаси 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолинди.

Бугунги пресс-брифингда пул-кредит сиёсати самарадорлигига таъсир кўрсатувчи яна бир масала, депозит ва кредитларнинг долларлашув даражасига ҳам қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз.

Пандемия даврида мазкур кўрсаткичларда сезиларли ошиш кузатилиб, жорий йилда ҳам юқори даражада – қарийб ўзгаришсиз сақланиб турибди. 1 октябрь ҳолатига банк тизимидаги депозитларнинг 41,2 фоизи ва кредитларнинг 47,5 фоизи хорижий валюталарда шаклланган.

Ушбу масалани хорижий валютадаги депозитлар бўйича юқори мажбурий захира нормаларини қўллаш, чет эл валютасидаги кредитлар бўйича рискка тортиш меъёрлари каби анъанавий пул-кредит ва макропруденциал чоралар орқали маълум маънода тартибга солишга ҳаракат қилинмоқда.

Лекин шу билан бирга, нисбатан узоқ йиллар юқори инфляция шароитида яшаганимиз, яқин ўтмишда бўлган валюта айирбошлашдаги чекловлар, банк тизимига бўлган ишончнинг тўла шаклланмаганлиги ҳам жамғармаларни эркин айирбошланадиган валютада сақлашга мойилликнинг секин ўзгаришига сабаб бўлмоқда.

Банк тизимида эса, узоқ муддатли ресурс базасининг шаклланмаганлиги, охирги 5 йилда кузатилаётган “инвестицион чанқоқлик”, иқтисодиётнинг очиқланиши ҳисобига халқаро молия бозорларининг очилиши ҳамда уларда фоиз ставкаларининг нисбатан пастлиги тадбиркорларнинг ҳам чет эл ваютасида кредитлар олишга интилишини кучайтирмоқда.

Халқаро амалиётда йирик валюта инқирозларини бошидан ўтказмаган иқтисодиётларда алмашув курси нисбатан барқарор бўлган даврларда мижозларнинг хорижий валютада кредит олишга бўлган қизиқиши ортиб, валюта рискига бўлган эътибори ёки эҳтиёткорлиги пасайиб боради.

Бу албатта, тадбиркорлик риски, лекин келажакда шундай рисклар рўй берган пайтида нафақат бизнес субъектларининг молиявий аҳволига, улар орқали тижорат банкларининг молиявий ҳолатига ва охир-оқибат макроиқтисодий ҳамда молиявий барқарорликка салбий таъсир кўрсатиш эҳтимоли мавжуд.

Шу сабабли, жорий йилнинг август ойида тадбиркорлар билан ўтказилган “очиқ мулоқот”да муҳтарам Президентимиз иқтисодиётда валюта хатарларини пасайтириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар бердилар.

Хусусан, валюта хатарларини бошқариш компанияси ташкил этилиб, бозор механизмлари асосида тижорат банкларининг хорижий валютада олган қарз маблағларини миллий валютага айирбошлайди.

Бунинг натижасида тижорат банклари томонидан хорижий ресурслар ҳисобига миллий валютада узоқ муддатли кредитлар бериш имконияти яратилади ва бу, ўз навбатида, иқтисодиётда банклар ва тадбиркорлик субъектлари учун вужудга келиши мумкин бўлган валюта рискларини олдини олиш имкониятини беради.

Юқоридагиларни инобатга олиб, сентябрь-октябрь ойларида тижорат банклари томонидан валютада 1 млн. долларгача қарзи бўлган (қарздорлик 2,5 млрд. доллар) 15 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектларига хорижий валютада ажратилган кредитларни миллий валютага ўтказиш бўйича таклифлар юборилди.

Таклифларга розилик билдирган 561 та тадбиркорлик субъектларининг 123 млн. долларлик кредитлари миллий валютага ўтказилиб, қайта расмийлаштирилди ва бу амалиёт келгусида ҳам давом этади.

Энди бевосита ички валюта бозоримизда кузатилаётган ҳолатга тўхталиб ўтсак.

Йил бошидан бошлаб миллий валюта курсининг девальвация даражаси 2 фоиздан бироз юқори бўлди. Буни энг аввало, иқтисодиётда амалга оширилаётган ислоҳотлар, очиқлик сиёсатининг натижаси дейиш мумкин.

Нисбатан барқарор валюта курсига эришиш омиллари сифатида:

- жорий йилнинг 9 ойида экспортдан тушадиган валюта тушумларини ўтган йилга нисбатан 35 фоизга ошганлиги;

- валюта биржасида ўтган йилнинг 9 ойида экспортёр хўжалик юритувчи субъектлар ва банклар томонидан томонидан 5,2 млрд. долларлик валюта маблағлари сотилган бўлса, бу йил 9 ойда – 9,5 млрд. долларлик, яъни 85 фоизга кўп маблағлар сотилганлигини келтириш мумкин.

Шу билан бирга, Марказий банк томонидан олтин-валюта захираларинг нейтраллиги тамойили асосида харид қилинган олтин доирасида ички валюта бозорига сотиладиган валюта маблағлари ҳажми жорий йил январь-сентябрь ойларида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга камайиб, 2,5 млрд. долларни ташкил этди.

Шунингдек, хўжалик субъектларининг импорт бўйича тўловлари ҳам жорий йил 9 ойида 25 фоизга ўсди. Бунда импорт тўловлари манбалари таркибида бизнес субъектларнинг ўз валюта маблағлари улуши 24 фоизга етди.

Умуман олганда, ушбу тенденциялар, ички валюта бозорининг ўзини-ўзи маблағ билан таъминлаш имкониятларининг босқичма-босқич кенгайиб бораётганлигини кўрсатади.

Иккинчи масала.

Марказий банк томонидан Пул-кредит сиёсатининг 2022 йил ва 2023-2024 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари тайёрланди ва унда асосий эътибор, иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш, инфляция даражасини 2023 йил сўнггида 5 фоизгача пасайтириш мақсадларига қаратилган.

Мазкур ҳужжатда келгуси йиллардаги макроиқтисодий ривожланиш истиқболлари, турли хил ташқи ва ички шарт-шароитлар таъсирида шаклланадиган макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозлари ва албатта, ушбу шароитлардан келиб чиқиб, амалга оширадиган пул-кредит сиёсати, шунингдек, пул-кредит сиёсати инструментлари, ички валюта ва пул бозорини такомиллаштириш, таҳлилий-прогнозлаш салоҳиятни ривожлантириш бўйича мўлжаллаган режалар ҳам ўрин олган.

Ташқи ва ички шароитларнинг келгуси 2-3 йилда ўзгариши бўйича ҳали ҳам юқори ноаниқликлар сақланиб қолаётганлиги ва турли хил омилларнинг макроиқтисодий кўрсаткичларга таъсири кўлами ҳамда давомийлигини инобатга олиб ўрта муддатли макроиқтисодий ривожланишнинг асосий ва муқобил сценарийлари ишлаб чиқилди.

Ушбу сценарийларда амалга оширилиши мўлжалланган таркибий ислоҳотлар, уларнинг натижадорлиги ҳамда иқтисодий ва молиявий барқарорликка таъсири муҳим омиллар сифатида инобатга олинди.

Макроиқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийси доирасида иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашнинг асосий драйвери сифатида хусусий ички ва ташқи инвестициялар ва иқтисодиёт тармоқларида амалга ошириладиган таркибий ислоҳотлар қаралмоқда.

Таркибий ислоҳотлар доирасида истеъмол бозорида рақобат муҳитини ривожлантириш ва концентрациялашув даражасини пасайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда ҳудудларда савдо инфратузулмасини ривожлантириш борасидаги ислоҳотларни фаол давом эттирилиши муҳим шарт сифатида қаралмоқда.

Асосий сценарий шартларида:

- ташқи ва ички иқтисодий шароитларнинг босқичма-босқич яхшиланиб бориши;

- пандемия билан боғлиқ вазият нормаллашиб, инсон ресурслари миграцияси ва трансчегаравий ҳаракатлар бўйича чекловлар юмшатилиши;

- иқтисодий фаоллик жадаллашиб, инвестицион ва истеъмол талаб ўсишининг ижобий суръатлари сақланиб қолиши;

- асосий экспорт товарлари нархларининг ижобий динамикаси, савдо ҳамкорларда кутилаётган иқтисодий ўсиш суръатларида кескин тебранишларнинг кутилмаётганлиги кўзда тутилмоқда.

Ушбу омиллар таъсиридан 2022 йилда ЯИМ реал ўсиши 5,5-6,5 фоизни, инфляция даражаси 8-9 фоизни ташкил этиши, 2023-2024 йилларда эса ЯИМ ўсиши 6 фоиз атрофида бўлиши ва инфляция даражасини 5 фоизгача пасайиши кутилмоқда.

Макроиқтисодий ривожланишнинг муқобил сценарийсига жаҳонда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кескинлигича қолиши сабабли ташқи шароитлар ноқулай шаклланиши, жаҳон молия бозорларида тебранишлар ва асосий савдо ҳамкорларда иқтисодий фаолликни пасайиши каби эҳтимоллар асос қилиб олинган.

Муқобил сценарий шароитида иқтисодиётни рағбатлантириш мақсадида иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадлари ўртасидаги мувозатни таъминлашга алоҳида эътибор берилади.

Юқорида келтирилган сценарийларнинг иккаласида ҳам иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлаш ва инфляциянинг таргет кўрсаткичига эришиш пул-кредит сиёсатининг асосий мақсади этиб белгиланган.

Сценарийларда келтирилган вазиятлар шаклланишига қараб пул-кредит шароитлари қатъийлик даражаси белгиланиб борилади.

Марказий банк томонидан келгусида пул-кредит сиёсати операцион механизмини янада такомиллаштириш ва трансмиссон механизми самарадорлигини ошириш, шунингдек, молия тизимида юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг олдини олиш, банк ва тўлов тизимини узлуксизлик фаолият юритиши, умуман олганда, молиявий барқарорликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X