Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Раиси М.Б. Нурмуратовнинг 2022 йил 20 январдаги Марказий банк асосий ставкаси бўйича бошқарув йиғилиши натижалари юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманидаги МАЪРУЗАСИ

Янгиланган сана:  20 Янв 2022, 18:45
20 Янв 2022

Бошқарувнинг бугунги йиғилишида Марказий банк асосий ставкасини йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилинди.

Мазкур қарор юқори иқтисодий ўсиш динамикаси фонида жорий йил учун инфляциянинг прогноз кўрсаткичларига эришиш, нархлар ўсишини секинлаштирувчи ва жамғаришни қўллаб-қувватловчи пул-кредит шароитларини сақлаб қолиш мақсадларидан келиб чиқилган.

Асосий ставка бўйича қарор қабул қилишда асосан 2 та йўналишда муҳокама бўлди. Бир томондан, пасайиб бораётган инфляция кўрсаткичлари фоиз ставкасини пасайтириш бўйича имкониятларни юзага келтираётган бўлса, иккинчи томондан, ички ва ташқи иқтисодий шароитларда сақланиб қолаётган хатарлар ва ноаниқликлар фоиз ставкани жорий даражасида қолдиришни талаб этмоқда.

Муҳокамаларда якуни билан хатарлар ва ноаниқликлар бўйича чуқур таҳлилий ўрганишларни ва истиқболларни кўрмасдан туриб бозорга нотўғри сигнал беришдан сақланишни қарор қилинди.

Марказий банк бошқарувининг бугунги қарори учун асос бўлган ички ва ташқи иқтисодий шароитлар, инфляцион жараёнлар ва пул-кредит шароитлари қуйидагилар.

Биринчидан, инфляция даражаси 2021 йил учун мўлжалланган 10 фоизлик таргет кўрсаткичигача пасайган бўлсада, глобал инфляция фонида асосий озиқ-овқатлар нархлари ва инфляцион кутилмаларнинг баландлиги каби хатарлар сақланиб қолмоқда.

Агар ўтган 2021 йилда кузатилган вазиятни таҳлил қиладиган бўлсак, иқтисодиётда инфляцион муҳитни юзага келтирган асосий омиллар озиқ-овқат ва ёқилғи-энергия маҳсулотлари нархининг сезиларли даражада ўсиши бўлди.

Нархларнинг ўсиши, бир жиҳатдан, глобал инфляцион тенденциялар билан изоҳланса, иккинчи жиҳатдан, ички бозордаги рақобат ва таклиф билан боғлиқ сабаблар билан изоҳланади.

2021 йил бошидан бутун дунёда асосий озиқ-овқат товарлари ва энергия ресурслари нархларини ўсиши кузатилмоқда. Мазкур ҳолат карантин чораларининг юмшатилиши билан юзага чиққан ялпи талабни қоплаш учун таклиф ҳажмининг етарли бўлмаганлиги билан изоҳланади.

Иқтисодиётда ялпи таклифнинг тикланиши талабга нисбатан секинроқ кечади одатда. Бунда, айниқса, жорий инқирозда таъминот занжирларидаги узилишлар ва транспорт-логистика тизимидаги муаммолар таклиф тақчиллигини юзага келтириши орқали инфляция даражасини оширувчи асосий омиллардан бўлди.

Аксарият давлатлар эътироф этилган инфляцион жараёнларни дастлаб вақтинчалик омил сифатида баҳолаган бўлса, ноаниқлик ва хатарларнинг сақланиб қолиши шароитида йил сўнгига қадар ушбу омилларнинг инфляцияга таъсири узоқроқ муддат давом этиши мумкинлиги аён бўлмоқда.

Базавий инфляция даражаси 2021 йил якунида йиллик 8,8 фоизгача пасайиб, сўнгги беш йилликдаги энг паст кўрсаткични ташкил этди. Базавий инфляциянинг пасайиб бориши, ўз навбатида, бугунги кунда кузатилаётган вақтинчалик омиллар таъсирининг тугаб бориши билан умумий инфляциянинг ҳам келгусида пасайиб боришига бўлган ишончни оширади.

Инфляцияни 2023 йил якунига қадар 5 фоизгача пасайтиришга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.

Ўтган йил декабрь ойида ўтказган сўров натижалари келгуси 12 ой учун аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари сентябрь-ноябрь ойларидаги ўсувчи тенденциядан кейин пасайиш трендига ўтганлигини кўрсатмоқда. Хусусан, кутилмалар мос равишда 15,7 ва 14,9 фоизни ташкил этган. Бу жараёнларни барқарор тус олиши келгуси қарорларга тегишли асос бўлади.

Сўровда иштирок этганлар томонидан инфляцион кутилмаларнинг асосий омиллари сифатида ёқилғи маҳсулотлари ошиши, транспорт харажатлари, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва импорт товарлари нархининг ўсиши келтирилган.

Инфляцион кутилмаларнинг пасайиш томонга ўтганлиги ижобий ҳолат бўлсада, уларнинг умумий инфляция даражасига нисбатан 4-5 фоиз бандга юқори бўлиши пул-кредит сиёсатини юмшатиш фазасига ўтиш учун бироз вақтли эканлигини кўрсатмоқда.

Иккинчидан, иқтисодий фаоллик ва макроиқтисодий кўрсаткичларининг ўсувчи динамикаси кузатилмоқда.

Ўтган 2021 йил иқтисодий кўрсаткичларнинг 2020 йилдаги кескин пасайишидан сўнг “тикланиш йили” бўлди.

Бунда, ҳам аҳолининг, ҳам тадбиркорлик субъектларининг пандемия шароитига мослашган ҳолда фаолият кўрсатишга ўтганликлари ҳамда иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳукумат томонидан амалга оширилган чоралар ўзининг ижобий натижаларини берди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021 йил якунлари бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажми реал ҳисобда 7,4 фоизга ўсди.

Иқтисодиётга йўналтирилган йирик ҳажмдаги марказлашган манбалар ҳамда тижорат банклари кредитлари иқтисодий ва инвестицион фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлди.

Хусусан, тижорат банклари томонидан ўтган йилда иқтисодиётга 2020 йилга нисбатан 31 фоизга кўп кредитлар (167 трлн. сўм) ажратилди. Кредитларнинг қайтувчанлик даражаси ҳам сезиларли даражада яхшиланиб, 71 фоизга етди.

Натижада иқтисодиётга кредит қўйилмалари қолдиғи йиллик 18,4 фоизга ошиб, базавий сценарий бўйича прогнозлар доирасида, яъни ЯИМ номинал ҳажми ўсишидан ошиб кетмади.

Шунингдек, жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар ҳажми 42 фоизга ўсиб, аҳолининг истеъмол ва ипотекага бўлган талабини қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.

Аҳолига ажратилган кредитлар таркибида оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва давлат ипотека дастурлари доирасида берилган кредитлар ҳажми муҳим ўрин тутди.

Баҳолашларга кўра, 2021 йилдаги юқори фискал рағбатлантиришларнинг иқтисодиётни қўллаб-қувватловчи таъсирлари 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳам рағбатлантирувчи омил сифатида сақланиб қолади.

Учинчидан, ташқи иқтисодий шароитларда кузатилган ўзгаришлар.

2021 йилда ташқи макроиқтисодий вазият асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва ёқилғи-энергетика ресурслари нархининг сезиларли ўсиши натижасида глобал инфляцион жараёнларнинг тезлашиши ҳамда бунга жавобан кўпчилик ривожланаётган мамлакатларда пул-кредит шароит-ларининг қатъийлаштирилиши шароитида шаклланди.

Ўз навбатида, ўтган йилнинг якунига келиб коронавирус янги штаммининг аниқланиши ҳамда тез суръатларда тарқалиши фонида пандемик вазият билан боғлиқ хатарлар яна кун тартибига чиқди.

Пандемия билан боғлиқ ушбу вазият макроиқтисодий прогнозлар ва қабул қилаётган қарорларга таъсир этаётган асосий хатарлардан бўлмоқда.

Ўтган йил давомида асосий савдо ҳамкорлар миллий валюталарида (Туркиядан ташқари) юқори даражадаги тебранишлар кузатилмади. Айни пайтда, жорий йилда кутилаётган барқарорлашув тенденциялари ҳисобига ташқи омиллар томонидан сўмнинг алмашув курсига ортиқча босимнинг юзага келмаслиги кутилмоқда.

Савдо ҳамкорларда 2022 йилда ҳам ижобий реал иқтисодий ўсиш кўрсаткичларининг кутилаётганлиги экспорт ҳажмини қўллаб-қувватловчи омиллардан бўлади.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йилда мамлакатимизга экспортдан тушумлар ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг мос равишда 34 фоиздан ошиши, ички валюта бозорида валюта таклифини қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлди.

Натижада, ўтган йилда сўм алмашув курсининг қадрсизланиши 3,4 фоиз бўлиб, сўнгги уч йилликдаги энг паст кўрсаткични ташкил қилди.

Тўртинчидан, пул-кредит соҳасида кутилган шароитлар юзага келмоқда.  

2021 йил якунлари бўйича пул бозоридаги вазият “нисбатан қатъий” шароитлар доирасида шаклланиб, “Uzonia” ва “Uzwia” индекслари кичик тебранишлар билан 13-14 фоиз оралиғида бўлди.

Умуман олганда, ўтган йил давомида ликвидликни тартибга солишда пул-кредит инструментларини фаоллаштирилиши, ўз навбатида, улар бўйича харажатлар ва Марказий банк мажбуриятларини сезиларли даражада ошишига ҳам олиб келди.

Тижорат банклари томонидан тақдим этилаётган депозит маҳсулотлари фоизлари йил давомида асосий ставкага нисбатан ижобий тафовут билан шаклланиб келмоқда. 

2021 йил декабрда аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача даромадлилик 20,2 фоизни, юридик шахслар депозитлари бўйича эса – 15,1 фоизни ташкил этди.

Депозитлар фоиз ставкаларининг реал ҳисобда ижобийлиги иқтисодиётда жамғариш фаоллигини қўллаб-қувватламоқда.

Хусусан, 2021 йилда миллий валютадаги муддатли депозитлар қолдиғи 1,5 баробарга, шу жумладан, аҳолининг муддатли депозитлари  1,7 баробарга кўпайди.

Келгусида ушбу динамиканинг давом этиши иқтисодиётда инвестицион жараёнларни рағбатлантиришга хизмат қилади.

2021 йилнинг сўнгги ойларида миллий валютадаги кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг ҳам мувозанатлашуви кузатилиб, йил давомида 20-22 фоизлик коридор доирасида бўлди.

Хусусан, декабрь ойида миллий валютадаги қисқа муддатли кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 21,2 фоизни ва узоқ муддатли кредитлар бўйича 20,5 фоизни ташкил этди.

Энди бевосита макроиқтисодий прогноз ва хатарларларга тўхталсам.

Макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийсига кўра, жорий йилда ҳам Марказий банк томонидан “нисбатан қатъий” пул-кредит шароитларининг сақлаб қолиниши кўзда тутилган.

Тадқиқотлар, глобал инфляциянинг давом этаётганлиги, ташқи бозорларда хомашё ва энергия ресурслари нархларини ўсиши, пандемик вазият, жаҳонда иқтисодий ўсишнинг секинлашиши билан боғлиқ хатарларга қарамасдан жорий йил якуни бўйича инфляция даражасини 8-9 фоиз доирасида шаклланишини таъминлаш мумкинлигини кўрсатмоқда.

Шунингдек, 2022 якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг реал ўсиши 5,5-6,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Бунда, юқорида таъкидлагандек, ўтган 2020-2021 йилларда иқтисодиётга йўналтирилган фискаль рағбатлантиришларнинг 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳам иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватловчи асосий омиллардан бўлади.

Бугунги кунда шаклланган пул-кредит шароитлари макроиқтисодий мақсадли кўрсаткичлар динамикасига мос ҳисобланади. Келгусида инфляция прогнозининг пасайиб бориши билан реал фоиз даромадлилигини ҳолда номинал фоиз ставкаларини пасайтириш учун имкониятлар юзага келиши мумкин.

Айни пайтда, инфляция даражаси пасайиб борса Марказий банк асосий ставкасини ҳам унга мос равишда пасайтириб борилади.

Қайд этиш лозимки, инфляцияни юзага келтираётган омилларнинг характери ва даврийлиги, инфляцион кутилмаларнинг шаклланиш даражаси ҳамда ички ва ташқи иқтисодий шароитлардаги эҳтимолий хатарлар ва ноаниқликлар асосий ставкани пасайтириш бўйича қарорларни кечиктиришни талаб этиши мумкин.

USD = 12705.00
-6
EUR = 13543.53
+5.04
RUB = 136.11
-0.2
GBP = 15704.65
+12.92
JPY = 82.06
-0.07
CHF = 13932.45
-11.17
CNY = 1753.14
-1.63
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X