Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

2022 йилнинг I ярим йиллиги учун тўлов баланси жорий операциялар ҳисобининг дастлабки кўрсаткичлари

Янгиланган сана:  22 Июл 2022, 12:26
22 Июл 2022

Марказий банк томонидан 2022 йил I ярим йиллиги учун тўлов баланси жорий операциялари ҳисобининг дастлабки кўрсаткичлари тайёрланди.[1]

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби дефицити 498,5 млн. долларни ташкил этди.

Бунда, савдо балансининг (товарлар ва хизматлар) манфий сальдоси (6,4 млрд. доллар), бирламчи ва иккиламчи даромадларнинг ижобий сальдоси (5,9 млрд. доллар) ҳисобига қисман қопланди.

Товарлар ва хизматлар экспорти

Жами товарлар ва хизматлар экспорти (олтинсиз) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга ёки 803 млн. долларга ошиб, 2022 йилнинг I ярим йиллигида 6,4 млрд. долларга етди.

Хусусан, товарлар экспорти ўтган йилга нисбатан 10 фоизга ёки 445 млн. долларга ошиб 5 млрд. долларни (2021 йилнинг I ярим йиллигида 4,6 млрд. доллар) ташкил этди.

Товарлар экспортининг асосий қисмини “тўқимачилик ва тўқимачилик буюмлари” – 1,7 млрд. доллар (2021 йилнинг I ярим йиллигида 1,5 млрд. доллар), “қимматбаҳо бўлмаган металлар ва улардан буюмлар” – 886,4 млн. доллар (2021 йилнинг I ярим йиллигида 760,7 млн. доллар), “келиб чиқиши ўсимликка мансуб маҳсулотлар” – 537,2 млн. доллар (2021 йилнинг I ярим йиллигида 494,5 млн. доллар) ҳамда “кимё саноати маҳсулотлари” – 409,3 млн. доллар (2021 йилнинг I ярим йиллигида 273,7 млн. доллар) товар гуруҳлари ташкил этди.

Хизматлар экспорти ўтган йилнинг I ярим йиллигига нисбатан 36 фоизга ёки 358 млн. долларга ошиб 1,4 млрд. долларни (2021 йилнинг I ярим йиллигида 988 млн. доллар) ташкил этди.

Хизматлар экспорти таркибида асосий ўсиш сафарлар компонентига тўғри келиб ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 баробарга ёки 224 млн. долларга ўсиб, 437 млн. долларга етди. Бунга яқин хорижий мамлакатлар фуқаролари Ўзбекистонга қисқа ва ўрта муддатга келиши сабаб бўлмоқда.

 

Товарлар ва хизматлар импорти

 

Жами товарлар ва хизматлар импорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга ёки 3 млрд. долларга ошиб, 2022 йилнинг I ярим йиллигида 15,7 млрд. долларга етди.

Жумладан, товарлар импорти 13 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоиз ёки 2,3 млрд. долларга кўпайди.

Товарлар импортининг асосий қисми “машиналар, ускуналар, механизмлар” – 3,7 млрд. доллар (2021 йилнинг I ярим йиллигида 3,1 млрд. доллар), “қимматбаҳо бўлмаган металлар ва улардан буюмлар” – 1,8 млрд. доллар (2021 йилнинг I ярим йиллигида 1,5 млрд. доллар), ”транспорт ускуналари” – 1,5 млрд. доллар (2021 йилнинг I ярим йиллигида 1,3 млрд. доллар) ва “кимё саноати маҳсулотлари” – 1,5 млрд. доллар (2021 йилнинг I ярим йиллигида 1,3 млрд. доллар) товар гуруҳларига тўғри келди.

Хизматлар импорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоиз ёки 700 млн. долларга ошиб, 2,7 млрд. долларни (2021 йилнинг I ярим йиллигида 2 млрд. доллар) ташкил этди. Бунда, хизматлар импорти таркибида 2021 йилнинг мос даврига нисбатан сафарлар компоненти 574 млн. долларга, транспорт хизматларида эса 109 млн. долларга ўсиш кузатилди.

Бирламчи ва иккиламчи даромадлар

 

Бирламчи даромадлар[2] сальдоси 524,8 млн. доллар (2021 йилнинг I ярим йиллигида 36,3 млн. доллар) миқдорида ижобий бўлиб шаклланди. Бу асосан чет элга ишлаш мақсадида кетган қисқа муддатли меҳнат муҳожирларининг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиши билан изоҳланади.

Иккиламчи даромадларнинг[3] ижобий сальдоси шахсий трансферт (ўтказма)лар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,1 баробарга ёки 3 млрд. долларга ошиши ҳисобига, 5,3 млрд. долларни ташкил этди (2021 йилнинг I ярим йиллигида 2,4 млрд. доллар).

Иккиламчи даромадларнинг ноодатий суръатларда ўсиши жаҳондаги мавжуд геосиёсий вазият натижасида пул ўтказмаларини жўнатувчи асосий мамлакатларига нисбатан чекловларнинг жорий қилиниши оқибатида маблағларнинг норасмий сектордан расмий секторга ўтиши ҳамда кичик (мавсумий) экспортёрлар томонидан экспорт тушумларини пул ўтказмалари тизимлари орқали жўнатилиши билан изоҳланиши мумкин.

Дастлабки кўрсаткичлар бўйича қўшимча ўрганишлар ва таҳлиллар ўтказилиб, 2022 йилнинг I ярим йиллиги учун тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи кўрсаткичлари бўйича якуний ҳисобот фойдаланувчиларга 2022 йилнинг сентябр ойида тақдим қилинади.




[1] Дастлабки кўрсаткичлар тезкор маълумотлар ва экспертлик баҳолашлар асосида тузилганлиги сабабли улар якуний маълумотлар билан фарқ қилиши мумкин.

[2] Хорижда ишловчи Ўзбекистон фуқароларига норезидентлар томонидан тўланган иш ҳақи ҳамда инвестицион даромадларни ўз ичига олади.[3] Резидент ва норезидентлар ўртасидаги ҳеч қандай мажбуриятларсиз ўтказилган жорий трансфертларни кўрсатади.



USD = 12628.05
+7.96
EUR = 13616.83
+17.42
RUB = 136.42
-0.31
GBP = 15927.76
+35.28
JPY = 83.44
+0.11
CHF = 14007.82
+81.44
CNY = 1748.70
+3.28
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X