Марказий банк бошқарувининг “Банкларга ўрнатиладиган макропруденциал нормативлар ҳамда улар томонидан бериладиган кредитлар (микроқарзлар) бўйича тўловларнинг энг юқори қийматларига доир талаблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори Адлия вазирлигида 2025 йил 22 апрелда 3618-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Мазкур низомда банкларга ўрнатиладиган макропруденциал нормативлар, шу жумладан қарз юки кўрсаткичи (DSTI), кредитнинг гаровга нисбати кўрсаткичи (LTV), кредитлар (микроқарзлар) кесимида тўпланиш (концентрация) коэффициентлари, шунингдек банклар томонидан бериладиган кредитлар (микроқарзлар) бўйича тўловларнинг энг юқори қийматларига доир талаблар белгиланган.
Хусусан, ушбу ҳужжат билан қарз юки кўрсаткичининг энг юқори даражаси белгиланмоқда, шунингдек қарз юки ҳисоб-китобида қарз олувчининг ўртача ойлик тўловлари ва ўртача ойлик даромадларини аниқлашга доир талаблар халқаро тажриба асосида такомиллаштирилмоқда.
Бундан ташқари, автомобиль сотиб олиш учун кредит ва ипотека кредитлари бўйича кредитнинг гаровга нисбати кўрсаткичига (LTV) қўйиладиган талаблар, шу жумладан кредитнинг гаровга нисбати кўрсаткичининг энг юқори даражалари, мазкур кўрсаткичлар ҳисоб-китобида кредит суммаси ва гаров қийматига доир талаблар белгиланмоқда.
Бундан ташқари, кредитлар (микроқарзлар) кесимида тўпланиш (концентрация) коэффициентлари, шу жумладан микроқарзлар, кредит карталари (овердрафтлар) ҳамда автокредитларнинг банкнинг жами кредит портфелидаги энг юқори улишларига доир талаблар белгиланмоқда.
Шунингдек, мазкур низомда банкларда қарз юки ўсишини чеклаш меъёрига доир талаблар ўз аксини топган.
Шу билан биргаликда, Марказий банк бошқарувининг “Қарз олувчи жисмоний шахсларнинг қарз юкини тартибга солиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори Адлия вазирлигида 2025 йил 21 апрелда 3205-4-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди. Бунда, мазкур низом талаблари микромолия ташкилоти ва ломбардларга нисбатан татбиқ этилиши белгиланди.
Мазкур ҳужжатларнинг қабул қилиниши Марказий банкнинг макропруденциал воситаларини самарали қўллаш ҳамда банк тизими барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ҳужжат билан ушбу ҳавола орқали батафсил танишишингиз мумкин.