Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

2022 йил учун тўлов баланси жорий операциялар ҳисобининг дастлабки кўрсаткичлари

Янгиланган сана:  6 Фев 2023, 19:04
6 Фев 2023

Марказий банк томонидан 2022 йил учун тўлов баланси жорий операциялари ҳисобининг дастлабки кўрсаткичлари тайёрланди.[1]

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби сальдоси манфий бўлиб, 511 млн. долларни ташкил этди.

Бунда, савдо балансининг (товарлар ва хизматлар) манфий сальдоси (15,7 млрд. доллар), бирламчи ва иккиламчи даромадларнинг ижобий сальдоси (15,2 млрд. доллар) ҳисобига қисман қопланди.

Товарлар ва хизматлар экспорти

Жами товарлар ва хизматлар экспорти (олтинсиз) ўтган йилга нисбатан 23 фоизга ёки 2,8 млрд. долларга ошиб, 2022 йилда 15,1 млрд. долларга етди.

Хусусан, товарлар экспорти (олтинсиз) ўтган йилга нисбатан 18 фоизга ёки 1,8 млрд. долларга ошиб, 11,8 млрд. долларни (2021 йилда 10 млрд. доллар) ташкил этди.

Товарлар экспортининг асосий қисмини “тўқимачилик ва тўқимачилик буюмлари” – 3,3 млрд. доллар (2021 йилда 3,2 млрд. доллар), “қимматбаҳо бўлмаган металлар ва улардан буюмлар” – 1,7 млрд. доллар (2021 йилда 1,6 млрд. доллар), “минерал маҳсулотлар” – 1,3 млрд. доллар (2021 йилда 962 млн. доллар) ҳамда “келиб чиқиши ўсимликка мансуб маҳсулотлар” – 1,3 млрд. доллар (2021 йилда 1,2 млрд. доллар) товар гуруҳлари ташкил этди.

Хизматлар экспорти ўтган йилга нисбатан 46 фоизга ёки 1 млрд. долларга ошиб, 3,3 млрд. долларни (2021 йилда 2,3 млрд. доллар) ташкил этди.

Хизматлар экспорти таркибида асосий ўсиш транспорт ва сафарлар билан боғлиқ хизматлар компонентига тўғри келиб, 2,6 млрд. долларга етди. Бунда, мазкур кўрсаткичнинг ўтган йилга нисбатан 43 фоизга ёки 781 млн. долларга ошиши йўловчи ташиш билан боғлиқ бўлган халқаро хизматлар ҳажмининг юқори суръатларда ўсиши ҳамда яқин хорижий мамлакатлар фуқаролари Ўзбекистонга қисқа ва ўрта муддатга келиб кетиши билан изоҳланади.

Товарлар ва хизматлар импорти

Жами товарлар ва хизматлар импорти ўтган йилга нисбатан 26 фоизга ёки 7,2 млрд. долларга ошиб, 2022 йилда 35 млрд. долларга етди.

Жумладан, товарлар импорти 28,6 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 24 фоиз ёки 5,5 млрд. долларга кўпайди.

Товарлар импортининг асосий қисми “машиналар, ускуналар, механизмлар” – 7,9 млрд. доллар (2021 йилда 6,2 млрд. доллар), “қимматбаҳо бўлмаган металлар ва улардан буюмлар” – 3,7 млрд. доллар (2021 йилда 3,2 млрд. доллар), “транспорт воситалари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари” – 3,6 млрд. доллар (2021 йилда 2,8 млрд. доллар) ва “кимё саноати маҳсулотлари” – 3,3 млрд. доллар (2021 йилда 2,9 млрд. доллар) товар гуруҳларига тўғри келди.

Хизматлар импорти ўтган йилга нисбатан 34 фоиз ёки 1,6 млрд. долларга ошиб, 6,3 млрд. долларни (2021 йилда 4,7 млрд. доллар) ташкил этди. Бунда, хизматлар импорти таркибида 2021 йилга нисбатан транспорт хизматлари 440 млн. долларга ошган бўлса, сафарлар билан боғлиқ хизматларда эса 1 млрд. долларга ўсиш кузатилди.


Бирламчи ва иккиламчи даромадлар

 

Бирламчи даромадлар[2] сальдоси 321 млн. доллар (2021 йилда 195 млн. доллар) миқдорида ижобий бўлиб шаклланди. Бу асосан чет элга ишлаш мақсадида кетган қисқа муддатли меҳнат муҳожирларининг сони ўтган йилга нисбатан ўсиши билан изоҳланади.

Иккиламчи даромадларнинг[3] ижобий сальдоси шахсий трансферт (ўтказма)лар ўтган йилга нисбатан 2,3 баробарга ёки 8,6 млрд. долларга ошиши ҳисобига, 14,9 млрд. долларни ташкил этди (2021 йилда 6,4 млрд. доллар).

Иккиламчи даромадларнинг 2022 йилда ноодатий суръатларда ўсиши, геосиёсий вазият натижасида пул ўтказмаларини асосий жўнатувчи мамлакатларга нисбатан чекловлар жорий қилиниши, шу билан бирга маблағларнинг норасмий сектордан расмий секторга ўтиши ҳамда кичик (мавсумий) экспортёрлар томонидан экспорт тушумларини пул ўтказмалари тизимлари орқали жўнатилиши билан изоҳланиши мумкин.

Дастлабки кўрсаткичлар бўйича қўшимча ўрганишлар ва таҳлиллар ўтказилиб, 2022 йил тўлов баланси ва халқаро инвестицион позицияси кўрсаткичлари бўйича якуний ҳисобот фойдаланувчиларга 2023 йилнинг март ойида тақдим қилинади.




[1] Дастлабки кўрсаткичлар тезкор маълумотлар ва экспертлик баҳолашлар асосида тузилганлиги сабабли улар якуний маълумотлар билан фарқ қилиши мумкин.

[2] Хорижда ишловчи Ўзбекистон фуқароларига норезидентлар томонидан тўланган иш ҳақи ҳамда инвестицион даромадлар

[3] Резидент ва норезидентлар ўртасидаги ҳеч қандай мажбуриятларсиз ўтказилган жорий трансфертлар



USD = 12697.00
+2.04
EUR = 13547.70
+38.99
RUB = 135.05
+0.39
GBP = 15836.97
+11.43
JPY = 82.23
+0.12
CHF = 13966.56
+37.48
CNY = 1753.95
-0.18
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X