Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

2023 йилнинг I чораги учун тўлов баланси жорий операциялар ҳисобининг дастлабки кўрсаткичлари

Янгиланган сана:  5 Май 2023, 17:28
5 Май 2023

Марказий банк томонидан тўлов баланси жорий операциялари ҳисобининг дастлабки кўрсаткичлари тайёрланди.[1]

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби сальдоси манфий бўлиб, 1,6 млрд. долларни ташкил этди.

Бунда, савдо балансининг (товарлар ва хизматлар) манфий сальдоси (3,6 млрд. доллар), бирламчи ва иккиламчи даромадларнинг ижобий сальдоси (2 млрд. доллар) ҳисобига қисман қопланди.

Товарлар ва хизматлар экспорти

Жами товарлар ва хизматлар экспорти (олтинсиз) 2022 йилнинг I чорагига нисбатан 15 фоизга ёки 443 млн. долларга ошиб, 2023 йилнинг I чорагида 3,4 млрд. долларга етди.

Хусусан, товарлар экспорти (олтинсиз) ўтган йилга нисбатан 10 фоизга ёки 211 млн. долларга ошиб, 2,5 млрд. долларни (2022 йилнинг I чорагида 2,3 млрд. доллар) ташкил этди.

Хизматлар экспорти ўтган йилга нисбатан 35 фоизга ёки 233 млн. долларга ошиб, 903 млн. долларни (2022 йилнинг I чорагида 670 млн. доллар) ташкил этди.

Хизматлар экспорти йўловчи ва юк ташиш билан боғлиқ бўлган халқаро хизматлар ҳажми ҳамда яқин хорижий мамлакатлар фуқаролари Ўзбекистонга қисқа ва ўрта муддатга келиб кетиш кўламининг сезиларли даражада ортиши ҳисобига ўтган йилга нисбатан 54 фоизга ёки 268 млн. долларга ўсди.

Товарлар ва хизматлар импорти

Жами товарлар ва хизматлар импорти ўтган йилга нисбатан 15 фоизга ёки 1,2 млрд. долларга ошиб, 2023 йилнинг I чорагида 9,4 млрд. долларга етди.

Жумладан, товарлар импорти 7,7 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 18 фоиз ёки 1,2 млрд. долларга кўпайди.

Хизматлар импорти ўтган йилнинг мос даври даражасида сақланиб қолиб, 1,6 млрд. долларни ташкил этди. Бунда, хизматлар импорти таркибида 2022 йилнинг I чорагига нисбатан транспорт хизматлари 10,5 млн. долларга ошган бўлса, сафарлар билан боғлиқ хизматларда эса 13,8 млн. долларга камайиш кузатилди.

Бирламчи ва иккиламчи даромадлар

Бирламчи даромадлар[2] ижобий сальдоси 378 млн. доллар (2022 йилнинг I чорагида 500 млн. доллар) миқдорида шаклланди. Ушбу сальдонинг қисқариши чет элга ишлаш мақсадида кетган қисқа муддатли меҳнат муҳожирларининг даромадлари юқорилигича сақланиб қолишига қарамасдан, уларнинг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайиши билан изоҳланади.

Иккиламчи даромадларнинг[3] ижобий сальдоси шахсий трансферт (ўтказма)лар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,1 баробарга ёки 901 млн. долларга ошиши ҳисобига, 1,6 млрд. долларни ташкил этди (2022 йилнинг I чорагида 646 млн. доллар).

Мазкур ўсиш пул ўтказмаларини асосий жўнатувчи мамлакатларга нисбатан чекловларнинг сақланиб қолиши ҳамда маблағларнинг расмий каналлар орқали келиб тушишининг давом этиши билан изоҳланиши мумкин.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, жаҳонда юзага келган геосиёсий вазият натижасида халқаро пул ўтказмаларининг ноодатий тарзда ўсиш суръатлари жорий йилдан бошлаб олдинги ойларга нисбатан секинлашганлиги кузатилди.

Дастлабки кўрсаткичлар бўйича қўшимча ўрганишлар ва таҳлиллар ўтказилиб, 2023 йил I чораги тўлов баланси ва халқаро инвестицион позицияси кўрсаткичлари бўйича якуний ҳисобот фойдаланувчиларга 2023 йилнинг июнь ойида тақдим қилинади.




[1] Дастлабки кўрсаткичлар тезкор маълумотлар ва экспертлик баҳолашлар асосида тузилганлиги сабабли улар якуний маълумотлар билан фарқ қилиши мумкин.

[2] Хорижда ишловчи Ўзбекистон фуқароларига норезидентлар томонидан тўланган иш ҳақи ҳамда инвестицион даромадлар

[3] Резидент ва норезидентлар ўртасидаги ҳеч қандай мажбуриятларсиз ўтказилган жорий трансфертлар



USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X