Ижтимоий тармоқларда Марказий банкнинг 2023 йил 29 сентябрда Адлия вазирлигида 3460-сон билан рўйхатга олинган “Тижорат банкларида фоизларни ҳисоблаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг амалдаги қонунчиликка зидлиги ҳақида тарқатилган хабар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 4 сентябрдаги ПҚ–292-сонли қарорининг 10-бандида 2024 йил 1 январдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилиши белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”нинг 29-бандида Марказий банкка аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш юзасидан суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланишини тўхтатишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган ва бугунги кунда Марказий банкда мазкур масалани тартибга солувчи тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 734-моддасида агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлиши белгиланган.
Кодекснинг 736-моддасида агар қонунчиликда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз қайтариб берилиши керак бўлган кундан бошлаб то у қарз берувчига қайтариб берилган кунгача фоизлар тўланиши кераклиги белгиланган.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасига асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжат ўзига нисбатан юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ бўлиши керак.
Шу билан бирга, Марказий банкнинг юқоридаги низомининг 9-бандида “бошқа асосларга кўра тегишли ҳисобварақдан ўчирилган” деб келтирилганида кредит суммаси қонунчилик, кредит шартномаси ёки суд қарори асосида ҳисобварақдан ўчирилиши назарда тутилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Марказий банкда ушбу низомни қабул қилишда амалдаги Фуқаролик кодексига асосланилганлигини маълум қиламиз.