Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида тижорат банклари экспертлари иштирокида ногиронлиги бўлган шахслар учун молиявий оммабопликни ошириш масалалари бўйича ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Учрашув 2025-2030 йилларга мўлжалланган Молиявий оммабопликни ошириш миллий стратегияси (NFIS), шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан тузилган йўл харитасини амалга ошириш доирасида ўтказилди.
Йиғилишнинг асосий мақсади молия муассасалари учун янада инклюзив молиявий муҳитни шакллантириш ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг банк хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ягона тавсияларни ишлаб чиқиш бўйича ишларни бошлашдан иборат бўлди.
Муҳокамалар давомида иштирокчилар ногиронлиги бўлган шахсларнинг банк хизматларидан фойдаланишида юзага келадиган тўсиқларни, шунингдек, тавсияларни ишлаб чиқишнинг эҳтимолий муддатларини кўриб чиқдилар. Аҳолининг ушбу тоифадаги эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда банк маҳсулотларини мослаштириш, тижорат банклари филиаллари тармоқларининг имкониятларини ҳисобга олиш, финтех-технологияларни қўллаш ҳамда оммабоп банк хизматлари соҳасидаги хорижий банкларнинг илғор тажрибасини ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Марказий банк томонидан тижорат банкларида ногиронлиги бўлган шахслар учун молиявий оммабоплик ҳолати бўйича дастлабки мониторинг ўтказилди. Мониторинг натижаларига кўра, аксарият банкларда фақат жисмоний инфратузилманинг қулайлиги учун бошланғич шароитларгина яратилган, аҳолининг ушбу тоифаси учун ихтисослаштирилган банк маҳсулотлари ва хизматлари эса деярли мавжуд эмас.
Учрашув якунида фаолиятнинг келгуси йўналишларини ва тавсияларини ишлаб чиқишга доир асосий ёндашувлар белгилаб олинди, шунингдек, уларни тайёрлаш бўйича навбатдаги босқичлар келишиб олинди.
Тавсияларни ишлаб чиқишдан асосий мақсад – ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятларни таъминлайдиган, янада қулай ва инклюзив молия тизимини шакллантиришдир.