Шрифт ўлчами: A A A
Масштаб: A A A A
Ранг: A A A A
Расмлар: Ёқиш Ўчириш

“Исломий банк тизимини жорий этиш: Барқарор молиявий тизим сари юксалиш” ХХ Халқаро исломий молия олимлари форуми (ISSF 2025)

Янгиланган сана: 19 Сен 2025, 12:24
19 Сен 2025

Ўзбекистон “Исломий банк тизимини жорий этиш: Барқарор молиявий тизим сари юксалиш” мавзусида ХХ Халқаро исломий молия олимлари форуми (ISSF 2025) га мезбонлик қилди

Ўзбекистон пойтахтидаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида “Исломий банк тизимини жорий этиш: Барқарор молиявий тизим сари юксалиш” мавзусида ХХ Халқаро исломий молия олимлари форуми (ISSF 2025) бўлиб ўтди. Форумни INCEIF университети ва унинг ISRA институти Al Muamalat Consulting (Ўзбекистон) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тадбирнинг стратегик ҳамкори сифатида уни халқаро даражада ўтказилишини таъминлади. Шунингдек, мамлакатдаги етакчи тижорат банклари ва молия ташкилотлари форумни қўллаб-қувватлади.

Форумнинг асосий мақсади

Форумнинг асосий мавзуси исломий молияни ривожлантириш, илғор амалиётларни молия тизимига жорий этиш, олимлар, регуляторлар, стандартларни белгиловчи ташкилотлар ва соҳа мутахассислари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда исломий ҳуқуққа оид масалалар юзасидан фикр алмашиш майдонини яратишга қаратилди.

Форум доирасида исломий банк тизимига ўтиш жараёни, банкни исломий банкка трансформация қилишда корпоратив бошқарув масалалари, молиявий маҳсулотлар, ҳуқуқий ва меъёрий қийинчиликлар, амалиётдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди.

Форум иштирокчилари

ISSF 2025 дунё миқёсидаги етакчи олимлар, мутахассислар ва амалиётчиларни бирлаштиради. Форумда Халқаро мусулмон уламолари иттифоқи президенти проф. д-р Али Мухйиддин ал-Қорадоғий, ислом иқтисоди ва молияси бўйича эксперт проф. д-р Монзер Каҳф, ислом банкчилиги бўйича маслаҳатчи д-р Муҳаммад Имрон Усмоний, шунингдек INCEIF ва ISRAдан таниқли олимлар — Датук проф. д-р Моҳамад Акрам Лалдин, проф. д-р Азнан Ҳасан, проф. д-р Энку Рабия Адавия, проф. д-р Саид Бухерауа, проф. д-р Юнус Суалҳи, проф. д-р Обиятулла Исмат Бача, д-р Маржан Муҳаммад қатнашди. Шунингдек, халқаро экспертлардан д-р Низом Якубий ва д-р Сами ал-Сувайлем (IsDB Institute) ҳам иштирок этди.

Меморандум имзоланиши

         Алоҳида қайд этиш керакки, форум доирасида Марказий банкда INCEIF билан биргаликда ўқув дастурлари, тренинг ва семинарлар ташкил қилиш, исломий молия соҳасида қўшма тадқиқотлар олиб бориш йўналишларида ўзаро ҳамкорлик қилишга қаратилган англашув меморандуми ҳам имзоланди. Ушбу меморандумга асосан INCEIF билан ислом молияси соҳасидаги 4 та китобни ўзбек тилига таржима қилиб, фойдаланувчиларга тақдим қилишга келишиб олинди.

ISSF 2025 Ўзбекистон учун ислом молияси соҳасида муҳим қадам бўлиб, тегишли ҳуқуқий ва меъёрий асосларни такомиллаштиришга, инсон капитали ва институционал салоҳиятни ривожлантиришга, шунингдек мамлакатнинг ислом молиясида минтақавий марказ сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Форум очилиши

Очилиш маросимида INCEIF университети раҳбарияти, Al-Muamalat Consulting асосчиси Искандар Турсунов ва Ўзбекистон Марказий банки раисининг ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев нутқ сўзладилар. Аброрхўжа Турдалиев исломий молия тизимининг мамлакатдаги истиқболлари ҳақида сўзлади.

1-кун — 17 сентябр

Биринчи кун сессиялари:

  • Исломий банк моделлари: д-р Маржан Муҳаммад (Малайзия), шейх д-р Муҳаммад Низом Салих Яқубий (Баҳрайн), шейх д-р Башир Алийу Умар (Нигерия).
    • Хулоса: турли моделларнинг (исломий банк, «шуъба ташкилот» ва исломий «дарча») афзалликлари ва камчиликлари таққосланди. Ўзбекистон учун миллий қонунчилик ва бозор талабларига уйғун ечим танлаш муҳимлиги қайд этилди.
  • Шариат бошқаруви роли: Шейх проф. д-р Али Мухйиддин ал-Қорадоғий (Қатар), Шейх Датук проф. д-р Муҳаммад Акрам Лалдин (Малайзия), д-р Абдулбарий Машал (АҚШ), д-р Саид Адеқунле Микаил (Нигерия).
    • Хулоса: ислом банкчилигининг шаффофлиги самарали шариат қўмиталари ва ички назорат тизимларини шакллантиришга боғлиқлиги таъкидланди.
  • Maqasid al-Shariah молиявий маҳсулотларда: проф. д-р Юнус Суалҳи (Жазоир), Шейх проф. д-р Азнан Ҳасан (Малайзия), д-р Сами Суайлэм (Саудия Арабистони).
    • Хулоса: молиявий маҳсулотлар нафақат фойда, балки ижтимоий адолат ва жамоат манфаатларига хизмат қилиши кераклиги белгиланди.

2-кун — 18 сентябр

Иккинчи кун асосий маърузасини Шейх проф. д-р Али Мухйиддин ал-Қарадағий (Халқаро мусулмон уламолари иттифоқи президенти) сўзлади. У ислом банкчилигининг барқарор молия ва глобал иқтисодиётдаги аҳамияти ҳақида фикр билдирди .

Кун сессиялари:

  • Ҳуқуқий ва меъёрий қийинчиликлар: д-р Мазлан Ҳуссайн (Малайзия), проф. д-р Энгку Рабия Адавия (Малайзия), д-р Муотаз Абужеиб (Сурия).
    • Хулоса: анъанавий маҳсулотларни исломий муқобиллари билан алмаштириш жараёнида қонунчилик уйғунлиги ва глобал стандартларга мослашиш зарурлиги қайд этилди.
  • Шариат масалалари ва ечимлар: Шейх проф. д-р Азнан Ҳасан (Малайзия), мр. Алхазур Тазбаев (Россия), Жумадий Қодир (Малайзия), Нассер Хидюр (Алжир).
    • Хулоса: янги шартномаларга ўтиш, ман қилинган элементларни бартараф этиш ва халқаро тажрибаларни интеграция қилиш йўллари муҳокама этилди.
  • Исломий банк ва ижтимоий молия уйғунлиги: д-р Муҳаммад ал-Башир Муҳаммад ал-Амин (Чад), Шейх д-р Муҳаммад Низом Салих Яқубий (Баҳрайн), Жо Брадфорд (АҚШ), проф. д-р Обиятулла Исмат Бача (Малайзия).
    • Хулоса: закот, вақф ва садақа каби ижтимоий воситаларни банк маҳсулотлари билан уйғунлаштириш орқали молиявий оммабопликни кучайтириш ва жамоатчиликни қўллаб-қувватлаш имкониятлари кўрсатилди.

Форум ёпилиши

Ёпилиш маросимида Марказий банк вакиллари, Al-Muamalat Consulting раҳбари ҳамда проф. д-р Саид Бухерауа (ISRA) иштирок этдилар. Форумнинг умумий хулосалари ва резолюцияси эълон қилинди .


ISSF 2025 икки кунлик муҳокамалар давомида исломий молия соҳасидаги нуфузли олимлар ва мутахассисларни Тошкентда тўплади. Форум Ўзбекистон учун инсон капиталини ривожлантириш, исломий молия бўйича ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ва исломий банкчиликни жорий этишда муҳим босқич бўлди.


USD = 12091.22
+9.59
EUR = 13844.45
+7.36
RUB = 149.16
-1.28
GBP = 16018.45
-5.42
JPY = 75.89
+0.14
CHF = 15316.97
-5.33
CNY = 1753.32
+1.34
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X