Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк қайта молиялаш ставкасини йиллик 16 фоиз даражасида сақлаб қолди

Янгиланган сана:  16 Сен 2019, 13:53
Муҳим
20 Июл 2019

Марказий банк Бошқарувининг 2019 йил 20 июлдаги қарори билан қайта молиялаш ставкаси йиллик 16 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирилди.

Марказий банк Бошқарувининг мазкур қарори иқтисодиётда инфляцион хатарларнинг сақланиб қолаётганлиги ҳамда кредитлар учун ресурслар манбаларини шакллантиришда давлат маблағларидан анъанавий бозор инструментларига ўтиш зарурияти юзага келган шароитида банклардаги узоқ муддатли жамғармалар ва улар улушининг ошиши суръатларини мустаҳкамлаш вазифаларидан келиб чиқиб қабул қилинди.

Жорий йилнинг I ярим йиллигида аввал эълон қилинган иккита пресс-релизларда назарда тутилган айрим инфляцион хатарларнинг юзага кела бошлаганлигини инобатга олиб, инфляция прогнози 13,5-15,5 фоиз оралиғида ўзгаришсиз қолдирилди.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар. Жорий йилнинг I ярим йиллигида истеъмол нархлари ошиши 5,6 фоизни ташкил этиб, 2018 йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 0,6 фоиз бандга паст бўлди.

Инфляция асосан озиқ-овқат товарлари ва хизматларнинг бозор нархлари ошиши таъсирида шаклланган бўлса, маъмурий тартибга солинадиган хизматлар тарифлари ва ноозиқ-овқат товарлари нархларининг юқори даражада ошмаганлиги инфляциянинг кескин ўсишининг олдини олди. Шу билан бирга, энергия ресурслари тарифлари оширилишининг олдин эълон қилинган муддатга нисбатан кейинга қолдирилиши ҳам мазкур даврда инфляция даражасининг кутилгандан паст даражада шаклланишига хизмат қилди.

Йиллик ҳисобда инфляция даражаси 13,6 фоизни ташкил этиб, базавий прогноз коридорининг қуйи чегарасига яқин даражада сақланиб қолди. Бунда, йиллик инфляция даражаси охирги 5 ой давомида 13,5-13,7 фоиз оралиғида сақланиб қолди.

Иқтисодиётда ишлаб чиқариш ҳажмларига нисбатан кредитлар ажратиш ва давлат харажатларининг юқорироқ суръатларда ўсиши ҳисобига ички нархларга ялпи талаб томонидан босимнинг ортиши, аҳоли даромадлари кўпайиши ҳамда ишлаб чиқариш харажатларининг ошиши маълум даражада инфляция даражасини пасайтириш вазифасини қийинлаштирмоқда.

Озиқ-овқат инфляцияси мева ва сабзавот маҳсулотлари нархлари ўзгаришини ҳисобга олмаганда апрель ойида ўзининг энг юқори даражасига етди. Бунга нархларнинг солиқ тизимидаги ўзгаришлар ҳамда ишлаб чиқариш харажатларининг ошишига мослашиши сабаб бўлди. Ушбу омиллар таъсирининг секин-аста камайиши жорий йилнинг май-июнь ойларида мазкур маҳсулотлар нархлари динамикасининг пасайишида ўз аксини топди.

Айрим турдаги мева ва сабзавотлар нархларининг ўтган даврда паст бўлганлиги ҳисобига 2019 йилнинг II чорагида улар нархларининг ўсиш суръати тезлашиб, йиллик инфляцияга оширувчи таъсир кўрсатди. Таққослаш учун, 2018 йил II чорагида мева ва сабзавот маҳсулотлари нархлари 18,7 фоизга пасайган бўлса, жорий йилнинг II чорагида 8,1 фоизга камайди.

Мазкур даврда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари, умуман олганда, пасаювчи динамикани намойиш этди. Юридик шахсларнинг инфляцион кутилмаларида барқарор пасайиш тренди кузатилган бўлса, айни вақтда, жисмоний шахслар кутилмаларида 2019 йил январь-апрель ойларидаги пасайишдан сўнг, охирги икки ойда ўсиш кузатилди.

Марказий банк пул-кредит сиёсатини юритишда, инфляция даражасини 2021 йилда бир хонали рақамгача пасайтириш вазифасидан келиб чиқади. Бунда, базавий сценарий бўйича 2020 йил учун инфляция прогнозини 10-12 фоиз даражасида сақлаб қолди.

Келажакда инфляция даражасини пасайтириш вазифаси давлат харажатлари ва кредитлаш ҳажмлари ўсиш суръатларини мақбуллаштиришни талаб этади. Инфляция даражасини пасайтиришда яна бир муҳим омил бўлиб, таркибий ислоҳотлар, хусусан соғлом рақобат шароитларини яратиш, инвестицион муҳитни яхшилаш йўлидаги фундаментал тўсиқларни олиб ташлаш бўйича таъсирчан чораларнинг кўрилиши, инфратузилмани ривожлантириш, давлат корхоналарини ислоҳ қилишни ўз вақтида амалга ошириш, олиб борилаётган солиқ ислоҳотлари самарадорлигини ошириш кабилар ҳисобланади.

2019 йил I ярим йиллигида макроиқтисодий шароитлар асосан, айрим хом-ашё товарлари экспорти учун қулай бозор конъюнктураси ҳамда ялпи талабнинг юқори ўсиш суръатлари таъсирида шаклланди.

Мазкур даврда ЯИМ ўсиш суръати 5,8 фоизни ташкил этди. Бунда, юқори иқтисодий фаоллик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш (6,9 фоиз), қурилиш ишлари (20 фоиз) ва хизматлар соҳасида (12,7 фоиз) кузатилди. Шунингдек, асосий капиталга инвестициялар 58,9 фоизга ўсди.

Ўзбекистон иқтисодиётининг жорий ҳолати ўзига хос ҳисобланиб, йиллар давомида йиғилиб келган инвестицион “чанқоқлик”, ижтимоий-иқтисодий харажатларнинг кечиктирилганлиги ва иқтисодиётни эркинлаштириш билан биргаликда бугунги кунда молиявий ва инвестициявий ресурсларга қўшимча талабни яратмоқда. Бунда, иқтисодиётни кредитлаш ҳажмининг кенгайиши ҳамда бюджет харажатларининг дастлабки кўзда тутилган ҳажмларга нисбатан юқорироқ суръатларда ўсиши 2019 йилнинг I ярим йиллигида талабни оширувчи асосий омиллар бўлди.

Ушбу даврда ташқи савдо балансининг салбий сальдоси 2,8 млрд. долларни ташкил этди ва йил охиригача ошиши кутилмоқда. Ташқи савдо баланси тақчиллиги жорий операциялар балансининг бирламчи ва иккиламчи ҳисоблари соф даромадлари ҳамда молиявий ҳисоблар эвазига қопланиши кутилмоқда. Бу миллий валютанинг алмашув курсига сезиларли босим яратмайди.

2019 йил дастлабки ярим йиллигида миллий валюта алмашув курси экспорт тушумлар ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳисобига ички валюта бозорига хорижий валютанинг мўътадил таклифи натижасида нисбатан барқарор бўлди. Йил бошидан сўм алмашув курси 2,7 фоизга қадрсизланди.

Иқтисодиётда ялпи талабнинг сезиларли даражада ошиши 2019 йил якунига кўра реал ЯИМ ўсиш суръатининг дастлабки прогнозларга нисбатан бироз тезлашишига хизмат қилиши мумкин.

Пул-кредит шароитлари. Банк тизимида ликвидликнинг таркибий профицит билан шаклланишига боғлиқ ҳолда банклараро пул бозорида фоиз ставкалари 13,7 фоиздан 15,1 фоизгача оралиқда тебраниб турди. Июль ойининг ўтган даврида ўртача тортилган фоиз ставкаси 15,4 фоизгача кўтарилди.

I ярим йиллик якунлари бўйича тижорат банкларининг кредит қўйилмалари 23,4 фоизга (38,6 трлн. сўмга) ошган бўлса, йиллик ўсиш суръати прогноз кўрсаткичларидан 2 баробардан зиёдроқ ошиб, 52,8 фоизгача тезлашди. Бунда, миллий валютадаги кредитлар йил бошидан 22 фоиз ёки 16,3 трлн. сўмга (2018 йилнинг мос даврида 37,4 фоиз ёки 16,2 трлн. сўм), йиллик ҳисобда эса 54,0 фоизга кўпайди.

Кредит бозорининг жорий сегментлашган ҳолатида пул-кредит шароитлари алоҳида қарздорлар гуруҳи учун турлича бўлиб қолмоқда. Пул-кредит сиёсатининг қатъий шароитлари бозор шартларида кредит олувчи бизнес субъектларига кўпроқ сезилмоқда.

Таҳлил қилинаётган даврда муддатли депозитлар бўйича ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолди. Аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари 32,7 фоизга ошиб, уларнинг миллий валютадаги жами депозитлар таркибидаги улуши 32 фоизга (2018 йилнинг мос даврида 21 фоиз) етди.

Жорий ҳолатда депозитлар бўйича юқори фоиз ставкалари пул-кредит шароитлари билан бир қаторда инфляцион кутилмалар юқорилиги билан изоҳланади. Бу, ўз навбатида, кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг шаклланишига таъсир кўрсатади.

Прогноз ва асосий хатарлар. Биринчи ярим йилликда инфляция даражаси прогноз коридорининг қуйи чегарасида шаклланишига қарамасдан, пул-кредит сиёсатининг 2019 йил ва 2020-2021 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларининг муқобил сценарийсида назарда тутилган баъзи бир хатарлар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.

Хусусан, энергия ресурслари нархларининг босқичма-босқич эркинлаштирилиши, ҚҚС бўйича имтиёзларнинг бекор қилиниши, божхона божлари ва тарифларини қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги, кредитлашнинг жадал суръатлари, инфляцион кутилмаларнинг жиловланмаганлиги ва уларнинг нисбатан юқорилиги каби омиллар келгусида қўшимча инфляцион босимнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Марказий банк юқорида таъкидлаб ўтилган инфляцион хатарларнинг амалга ошиш эҳтимоллигини ҳисобга олиб, 2019 йил охирига инфляция прогнозини 13,5-15,5 фоиз даражасида ўзгартиришсиз сақлаб қолмоқда.

Бунда, 2019 йил III чорагида йиллик инфляция даражаси энергия ресурслари тарифлари, иш ҳақи ва пенсия тўловларининг кутилаётган оширилиши натижасида жорий кўрсаткичларга нисбатан бироз юқори бўлиши мумкин. Лекин, 2019 йилнинг IV чорагида тартибга солинадиган нархлар оширилишининг йиллик инфляцияга таъсири камайиб, инфляциянинг прогноз кўрсаткичлари доирасида бўлишига ёрдам беради.

Бюджет харажатларини мақбуллаштириш заруриятининг юзага келиши шароитида банкларни ўз ресурс базасини шакллантиришда марказлашган ресурслардан анъанавий бозор инструментларига йўналтиришни рағбатлантириш талаб этилади. Бу, ўз навбатида, пул-кредит сиёсатининг кейинги даврдаги йўналишини белгилашда инобатга олиб борилади.

Келгусида Марказий банк инфляциянинг ички ва ташқи омиллари таъсирини, иқтисодиёт ҳолатини диққат билан кузатиб боради, банкларнинг молиявий барқарорлиги мониторингини амалга оширади ҳамда иқтисодиётда ноаниқликлар ва таркибий шокларнинг босқичма-босқич камайишидан келиб чиқиб тегишли чоралар кўриб боради.

Бошқарувнинг қайта молиялаш ставкасини кўриб чиқиш бўйича навбатдаги мажлиси 2019 йил 20 октябрга режалаштирилган. Пресс-релиз Тошкент вақти билан соат 15-00 да чоп этилади.

USD = 12620.09
+19.95
EUR = 13599.41
-42.76
RUB = 136.73
+0.81
GBP = 15892.48
-16.46
JPY = 83.33
+0.09
CHF = 13926.38
+8.19
CNY = 1745.42
+1.99
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X