Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Раиси М.Б. Нурмуратовнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2020 йилги ҳисоботи тўғрисидаги масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг Ялпи мажлисидаги маърузаси

Янгиланган сана:  23 Апр 2021, 18:41
23 Апр 2021

Марказий банкнинг 2020 йилдаги фаолияти “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонунда, Президентимизнинг коронавирус пандемияси ва унинг иқтисодиётга салбий таъсирини юмшатиш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорларида банк тизимига тегишли чора-тадбирлар ҳамда 2019 йилги ҳисоботимиз бўйича Олий Мажлис Сенати қарорида нархлар, банк ва тўлов тизими барқарорлигини таъминлаш борасида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросига қаратилди.

Ҳисобот йилида Марказий банк фаолияти пандемия таъсирида бир томондан, ички талаб ҳамда иккинчи томондан, ишлаб чиқариш фаоллигининг бир пайтда сустлашиши шароитларида амалга оширилди.

Хусусан, ҳисобот йилининг I чорагида нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида “қатъий” пул-кредит сиёсати юритилган бўлса, пандемия оқибатида инфляцияга талаб омилларининг таъсири ҳамда иқтисодий фаолликнинг пасайиши натижасида қатъий пул-кредит шароитлари юмшатилиб, “нисбатан қатъий” фазага ўтилди.

Хусусан, 2020 йилнинг II чорагидан бошлаб пул-кредит операциялари мамлакатимизда пандемиянинг кенг тарқалиши шароитида банкларни ликвидлик билан қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.

Бу борада Марказий банкнинг қисқа муддатли пул-кредит инструментлари – “Репо” ва “Своп” ҳамда депозит операциялари амалиётга жорий этилиб,

“Репо” ва “Своп” аукционлари бўйича тижорат банкларига ўртача кунлик 278 млрд. сўмлик,

овернайт “Репо” ва “Своп” операциялари бўйича эса ўртача кунлик 808 млрд. сўмлик ликвидлик тақдим этиб борилди.

Мажбурий захиралашнинг ўртачалаш коэффициенти 2020 йил апрель ва июнь ойларида 25 фоиздан 75 фоизгача оширилиши ҳисобига жами 3 трлн. сўмликдан ортиқ узоқ муддатли ликвидлик тижорат банкларига қайтарилди.

Пандемиянинг иқтисодиётимизга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида Марказий банк томонидан махсус “Репо” операциялари орқали (давлат қимматли қоғозларини гаровга олган ҳолда) тижорат банкларига 3 трлн. сўмлик ресурслар берилди.

Ушбу операциялар 2020 йил давомида пул бозори фоиз ставкасининг Марказий банкнинг фоиз коридори доирасида шаклланишига ҳамда коронавирус пандемияси даврида банкларни зарур ликвидлик билан таъминлашга ва тўлов тизимининг узлуксиз фаолият юритишига хизмат қилди.

2020 йил давомида инфляциянинг пасаювчи тенденцияси ва унинг прогноз динамикасидан ҳамда макроиқтисодий шароитлардан келиб чиқиб, Марказий банкнинг асосий ставкаси 2 марта 1 фоиз банддан (йиллик 16 фоиздан 14 фоизгача) пасайтирилди.

Марказий банкнинг асосий ставкаси 2 фоиз бандга пасайтирилишига қарамасдан, инфляция даражасининг пасайиб бориши ҳисобига банклараро пул бозоридаги реал фоиз ставкаларида сезиларли ўзгариш кузатилмади ва йил давомида ижобий 2-3 фоиз атрофида шаклланди.

Асосий ставканинг пасайтирилиши ва мақбул фоиз ставкалар механизмининг қўлланилиши орқали иқтисодиётдаги пул-кредит шароитлари бироз юмшатилиб, коронавирус пандемияси таъсирида иқтисодий фаолликнинг сусайиши шароитида инфляцияни пасайтириш ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш имконияти яратилди.

Натижада инфляция даражаси ҳисобот йили якуни бўйича 11,1 фоизни ташкил этиб, 2019 йилги кўрсаткичга (15,2 фоиз) нисбатан 4,1 фоиз бандга пасайди.

Айни пайтда пандемия шароитида аҳоли томонидан асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган юқори талабнинг сақланиб қолганлиги, жаҳон бозорларида ҳам озиқ-овқат товарлари нархларининг сезиларли даражада ўсганлиги 2020 йилда ички бозорларда ушбу товарлар инфляциясининг юқори шаклланишига сабаб бўлди. Ушбу вазият бугунги кунда ҳам сақланиб қолмоқда.

Шу сабабли нархлар барқарорлигини таъминлаш, нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик ҳамда пул-кредит сиёсати инструментларини ҳам ушбу мақсадга йўналтириш 2021 йилнинг асосий вазифаларидан бўлиб қолади.

- инфляцияга номонетар омиллар таъсирини пасайтириш ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир омилни юзага келиш сабабларини чуқур таҳлил этган ҳолда уларни бартараф этиш бўйича асослантирилган таклифлар ҳукумат, тегишли вазирлик ва идораларга киритиб борилади;

- иқтисодиётга йўналтирилган кредит қўйилмалари ўсиш суръатларини ЯИМ номинал ҳажми ўсиши суръатлари билан мувофиқлигини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрилади.

2020 йилда Марказий банк фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши – валюта бозорини ривожлантириш борасида аҳоли ва хўжалик субъектларига валюта операцияларини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, аҳолига хизмат қиладиган валюта айирбошлаш шохобчалари умумий сони 1 724 тадан 2 664 тагача, шу жумладан, “24/7” режимида ишловчи автоматлаштирилган валюта айирбошлаш шохобчалари сони 722 тадан 1 306 тагача кўпайтирилди ҳамда миллий валютани чет эл валютасига қулай айирбошлаш имконияти яратилди.

Мураккаб иқтисодий шароитларга қарамасдан 2020 йилда хўжалик юритувчи субъектларнинг ички валюта бозоридаги фаоллигининг ошиши кузатилди. Хусусан:

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан сотиб олинган жами валюта ҳажми 2019 йилга нисбатан 12 фоизга ошиб, 15,4 млрд. АҚШ долларини, сотилган валюта ҳажми эса 14 фоизга ошиб, 6,7 млрд. АҚШ долларини ташкил қилди.

Валюта бозорида иштирок этган хўжалик субъектларининг ўртача сони 2019 йилдаги 6 700 тадан 7 200 тагача кўпайди.

Шунингдек, нейтрал характердаги валюта интервенциялари давом эттирилиб, монетар олтин сотиб олиниши ҳисобига юзага келган қўшимча ликвидликнинг (5,2 млрд. АҚШ доллар ёки 53,0 трлн. сўм) тўлиқ стерилизация қилиниши миллий валюта алмашув курсининг фундаментал бозор омиллари таъсирида шаклланишига шароит яратди ва 2020 йилда валюта курсининг қадрсизланиши 10,1 фоиз доирасида бўлди.

Таъкидлаш керакки, 2020 йилда жаҳон бозорида олтин нархининг сезиларли даражада ошиши халқаро захираларнинг 5,7 млрд. АҚШ долларига кўпайишида, бюджет даромадлари ҳамда иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашда муҳим замин бўлди.

Коронакризис ва иқтисодий фаолликнинг пасайиши шароитида Марказий банк томонидан банк тизимининг узлуксиз ва барқарор фаолият юритишини таъминлаш бўйича ҳам тегишли ишлар амалга оширилди.

2018-2019 йилларда Президентимизнинг тегишли қарорларига асосан банк тизимида капитал ва ликвидлилик захираси бўйича макропруденциал буферлар шакллантирилганлиги, коронавирус пандемияси даврида иқтисодиётнинг кредитга бўлган талабини қондиришга ҳамда молиявий барқарорлик кўрсаткичларини мақбул даражада сақлаб қолишга имкон берди.

2020 йилда тижорат банклари томонидан ажратилган жами кредитлар ҳажми 127 трлн. сўмни ташкил этиб, пандемия шароитларига қарамасдан қарийб 2019 йил даражасида бўлди.

Йил давомида Марказий банк асосий ставкасининг 2 фоиз бандга пасайтирилиши ҳамда мақбул фоиз ставкалари механизмининг киритилиши шароитида кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг барқарор пасайиб бориши кузатилди.

Миллий валютадаги қисқа муддатли кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкалари йил бошидаги 25,7 фоиздан декабрь ойида 19,9 фоизгача пасайган бўлса, узоқ муддатли кредитлар бўйича январь ойидаги 25,8 фоиздан декабрь ойида 19,6 фоизгача пасайди.

Банкларда кредит ва ликвидлилик хатарлари ортишининг олдини олиш ҳамда пандемиянинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида:

Апрель ойида банклар томонидан жами 2,2 млн. та шартнома бўйича 26,6 трлн. сўмлик, шундан 105 мингта тадбиркорлик субъектларининг 21,4 трлн. сўмлик (жами қарздор субъектларининг 58 фоизи) ва 2,1 млн. нафар фуқароларнинг (75 фоизи) 5,1 трлн. сўмлик кредит тўлови муддатлари 2020 йилнинг 1 октябрига қадар узайтирилди.

2020 йилнинг 1 октябридан кейин эса фаолиятини тўлиқ тиклаб улгурмаган 4 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг 9,5 трлн. сўмлик кредит тўловлари муддати яна 3-6 ойгача кечиктирилди.

Кредит тўловлари бўйича узайтириш устувор равишда пул тушуми ва даромадлари камайган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қаратилди.

Тўлов муддати узайтирилган кредитларнинг банклар молиявий ҳолатларига салбий таъсирини камайтириш мақсадларида ушбу кредитлар таснифини ёмонроқ тоифага ўзгартирмасликка ва улар бўйича қўшимча захира шакллантирмасликка рухсат берилди.

Кредитлар бўйича кредит тўловлари муддати кечиктириб тўланганда жарима санкциялари (пеня) қўлламаслик ҳамда кредит қарздорлигини таъминотга қаратмаслик юзасидан тегишли тавсиялар берилди ҳамда зарур шарт-шароитлар яратилди.

Кредитлар муддатларини кечиктирилганлигига қарамасдан банкларнинг барча депозиторлар олдидаги, шу жумладан, хорижий банклар олдидаги мажбуриятлари (1 млрд. АҚШ доллари) тўлиқ банклар ҳисобидан қайтарилди.

Бундан ташқари 2020 йилнинг март-декабрь ойларида банклар томонидан 59 235 та хусусий сектор корхоналарига айланма маблағларни тўлдириш учун 26,8 трлн. сўмлик револьвер кредитлар ажратилди.

Амалга оширилган ишлар ҳисобига 2020 йил охирига келиб жами 204 мингта тадбиркорлик субъектларининг пул тушумлари карантинга қадар бўлган даврдаги ҳажмга етказилган ҳолда корхоналар пул тушумларининг тикланиш даражаси 94 фоизга етди.

Айни пайтда банк тизими бўйича капитал монандлиги кўрсаткичи йил бошидаги 23,5 фоиздан 2021 йил 1 январь ҳолатига 18,4 фоизгача пасайган бўлса-да, ўрнатилган 13 фоизлик пруденциал меъёрга нисбатан юқори даражада шаклланиши таъминланди.

Коронавирус инқирози таъсирида банкларда муддати ўтган кредитлар ҳажмининг ошиш хавфи шароитида капитал етарлилиги кўрсаткичини мақбул даражада сақлаб қолинишини таъминлаш мақсадида банкларга 2020 йил бўйича олинган соф фойдани капиталга йўналтириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Ҳисобот йилида банк назоратида Базел III (халқаро) тамойилларини босқичма-босқич йўлга қўйиш, хусусан, таваккалчиликка асосланган назорат тизимини жорий этиш бўйича:

- Жаҳон банки билан ҳамкорликда тизим учун аҳамиятли  банкларни аниқлаш ва банкларнинг риск профилини баҳолашнинг дастлабки лойиҳаси;

- банк тизимида вужудга келиши мумкин бўлган хатарларга олдиндан таъсир чоралари кўриш имконини берувчи назорат индикаторлари (кредит ва ликвидлик риски, капитал монандлиги, даромадлилик кўрсаткичлари ва бошқалар) ишлаб чиқилди.

2020 йилда кредит ташкилотлари фаолиятини масофавий назорат қилиш билан бир қаторда банклар ва уларнинг филиалларида келгусида юзага келиши мумкин бўлган банк хатарларини, яъни молиявий йўқотишларни баҳолаш ёндашувида комплекс ва тематик характердаги текширувлар ҳам ўтказиб борилди.

Текширувлар натижаларига кўра:

- Марказий банк томонидан 2020 йил мобайнида банк қонунчилиги талабларини бузганлиги учун 30 та банкка нисбатан 66 та ҳолат бўйича жами 8,1 млрд. сўм миқдорида жарима санкциялари;

- 5 та банкка нисбатан айрим банк операцияларини амалга оширишни вақтинчалик тақиқлаб қўйиш чоралари қўлланилди.

Хабарингиз бор, банк тизимини ислоҳ қилиш бўйича Президентимизнинг “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси” тўғрисида Фармони қабул қилиниб, мазкур Фармон ижроси доирасида:

Халқаро молия корпорацияси, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки халқаро молия ташкилотлари ҳамда “PWC”, “KPМG”, “Deloitte” ва “McKinsey & company” каби халқаро  консальтинг компаниялари банкларни трансформация қилиш жараёнларига жалб этилди.

Корпоратив бошқарув тизими самарадорлигини ошириш мақсадида 9 та тижорат банкларининг банк кенгашига банк-молия соҳасида етук малака ва тажрибага эга бўлган 31 нафар хорижий мутахассислар мустақил аъзо сифатида киритилди.

Банкларда бизнес жараёнларни рақамлаштиришни ва рақамли хизмат турларини жорий этишни жадаллаштириш мақсадида 9 та йирик давлат банкларида IT-аудити ўтказилди ва натижаси бўйича рақамли трансформациясини амалга оширишга қаратилган “йўл харита”лари ишлаб чиқилди.

2021 йилда ҳам тижорат банкларида трансформация жараёнлари давом эттирилиб, Саноатқурилишбанк, Асака банк, Ипотека-банк, Алоқабанк, Туронбанк ва Қишлоқ қурилиш банкини хусусийлаштиришга тайёрлаш бўйича ишлар жадаллаштирилади ҳамда камида битта йирик банкдаги давлат улушини тўлиқлигича стратегик инвесторларга сотиш чоралари кўрилади.

Ҳисобот йилидаги банк тизимининг иқтисодиётни кредитлаш фаолияти натижаларига тўхталиб шуни қайд этиш лозимки, 2020 йилда иқтисодиётда кузатилган мураккаб шароитларга қарамай, кредит қўйилмалари қолдиғи йил бошига нисбатан 34,3 фоизга ёки ЯИМ номинал ўсишига нисбатан 2,5 баробар юқори суръатларда ўсиб, 2021 йил 1 январь ҳолатига 280,4 трлн. сўмга етди.

Хусусан, юридик шахсларга ажратилган кредит қўйилмалари қолдиғи 1,3 баробарга ёки 56,7 трлн. сўмга (жами 222,5 трлн. сўм), жисмоний шахсларга ажратилган кредит қўйилмалари эса қарийб 1,4 баробарга ёки 15 трлн. сўмга (жами 54,9 трлн. сўм) ўсди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 215 мингта лойиҳага жами 6,1 трлн. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Хусусан:

- “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 184 мингга яқин аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига жами 4,8 трлн. сўм;

- ҳунармандчиликни ривожлантириш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини кенгайтириш доирасида 25 мингга яқин лойиҳаларга 785,7 млрд. сўм;

- ёшларнинг 1 818 та бизнес ташаббуслари ва лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашга 427,8 млрд. сўм;

- хотин-қизларнинг, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларнинг оилавий ва хусусий тадбиркорлик борасидаги 4 615 та лойиҳаларига 95,7 млрд. сўм миқдорида кредитлар берилди.

Бугунги кунга қадар республика бўйича ўрта ҳисобда ҳар 1000 хонадоннинг 94 таси ушбу дастурлар доирасида ўз тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйганлигини алоҳида қайд этиш лозим.

2021 йилда ҳам давлат дастурлари доирасида оилавий-тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги тадбирлар давом эттирилади. Хусусан:

- оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 9,1 трлн. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилади;

- аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш учун аризалари “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси” орқали қабул қилиниши йўлга қўйилади.

2021 йилдан тижорат банкларининг мижозга йўналтирилган банк сиёсати ва “маҳаллабай” ишлаш тизими амалиётга жорий этилади.

Таъкидлаш керакки, пандемия даврида иқтисодий фаолликнинг пасайиши, молиявий қийинчиликларга дуч келган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит тўловлари муддатининг узайтирилиши натижасида банк тизимида муаммоли кредитлар улуши (90 кундан ортиқ муддатга кечиктирилган) 0,6 фоиз бандга ошиб, 2020 йил якуни бўйича 2,1 фоизни (5,8 трлн. сўм) ташкил этди.

Келгусида кредитлаш ўсиш суръатларининг юқори даражада сақланиб қолиши, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши билан бирга банк тизими барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи хатарларни ҳам юзага келтириши мумкин.

Шу муносабат билан мазкур ҳолатларнинг юзага келишининг олдини олиш мақсадида 2021 йилда:

- ажратилган кредитларни устувор равишда аввал берилган кредитларнинг қайтиши ҳисобидан амалга ошириш;

- банклар томонидан 2020 йил якунлари бўйича олинган соф фойдани банклар капиталини оширишга йўналтириш орқали банкларнинг капитал буферини мақбул даражада сақлаб қолиш;

- лойиҳаларни молиялаштиришда ташаббускорларнинг камида 30 фоиз ўз маблағи билан иштирок этиш бўйича ўрнатилган талабга қатъий риоя этиш;

-  банк кенгашлари томонидан кредитлаш ҳажмларини банкларнинг молиявий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда бизнес-режа параметрлари доирасида амалга оширилишини қатъий назоратга олиш каби макропруденциал чоралар кўриб борилади.

Марказий банк фаолиятининг яна бир асосий йўналиши – тўлов тизимларининг узлуксиз ҳамда барқарор ишлашини таъминлаш, тўлов тизимлари инфратузилмасини янада кенгайтириш борасида ҳам тегишли ишлар амалга оширилди.

Биринчидан, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали тўловларни туну-кун 24/7 режимида амалга ошириш имконини яратиш мақсадида Тезкор тўловлар тизими ишга туширилди.

Бугунги кунда Тезкор тўловлар тизими орқали жами 128,3 трлн. сўмлик қарийб 5,4 млн. та транзакциялар, жумладан, Ғазначиликка 232 мингдан ортиқ 2 трлн. сўмлик бюджет тўловлари ўтказилди.

Иккинчидан, банк картаси ва тўлов терминалидан бевосита фойдаланмаган ҳолда тезкор тўловларни амалга ошириш имкониятини берувчи “QR-online” ахборот тизими йўлга қўйилди;

2021 йил 1 январь ҳолатига 64 мингта хўжалик юритувчи субъектларга “QR-online” ахборот тизими томонидан QR-кодлар (стикерлар) тақдим этилган.

- тўлов терминалига муқобил восита сифатида смартфонлар орқали тўловларни амалга ошириш ва қабул қилиш;

- “Онлайн назорат касса машиналари” орқали банк карталаридан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга ошириш имконияти яратилди.

Учинчидан, замонавий технологик ечимларга асосланган ҳолда тўловларни тезкор ва қулай усулда бажариш мақсадида электрон пулларнинг жорий этилиши бўйича ҳуқуқий асослар яратилиб, Марказий банк томонидан 5 та тўлов ташкилотларига электрон пуллар соҳасида фаолиятини амалга оширишга рухсат берилди.

Тўртинчидан, тўлов инфратузилмасини янада кенгайтириш мақсадида, 2020 йилда 2 597 дона банкомат ва инфокиосклар ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 11 800 донага, терминалларнинг умумий сони 435,7 минг донага етказилди.

2021 йилда ҳам тўлов тизими барқарорлигини таъминлаш ва ривожлантириш, шунингдек, рақамли технологияларни банк тизимига кенг татбиқ этиш бўйича ишлар давом эттирилади.

Хусусан:

- халқаро молия ташкилотлари экспертлари билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси” ишлаб чиқилади;

- тўловларни “контактсиз” амалга ошириш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини QR-код ва NFC технологиялари билан қамраб олиш кўлами ошириб борилади;

- банклар ва тўлов ташкилотлари томонидан хизматлар кўрсатиш жараёнида мижозларни масофавий биометрик идентификация қилиш тизими амалиётга жорий этилади.

Банк ва нобанк кредит ташкилотлари инфратузилмаси ҳамда рақамли молиявий хизматларнинг ривожлантирилиши молиявий хизматлар оммабоплигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Шу сабабли 2020 йилда банк тизимида рақобат муҳитини яхшилаш, хорижий инвесторлар иштирокини кенгайтириш борасидаги чора-тадбирлар доирасида:

 - Грузия давлатининг йирик банкларидан бири “TBC Bank”нинг Тошкент шаҳрида “TBC Bank” акциядорлик тижорат банки;

- рақамли банк хизматларини кўрсатувчи “Анор банк” акциядорлик жамияти ўз фаолиятини бошлади.

Шунингдек, 20 та ташкилотга тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялар берилди.

2020 йилда тижорат банклари томонидан базавий банк хизматларини кўрсатувчи 409 та янги банк хизматлари офислари ташкил этилиб, уларнинг сони 866 тага етди.

Банклар томонидан 691 та 24/7 режимида ишловчи ўзига-ўзи банк хизматларини кўрсатиш марказлари ташкил этилиб, уларнинг сони 1 452 тага етказилди.

Банклар ва микрокредит ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларга ажратиладиган микроқарз миқдори – 50 миллион сўмгача, микрокредит миқдори – 300 миллион сўмгача, микролизинг миқдори эса
600 миллион сўмгача этиб белгиланди.

Янги банк хизматлари ва маҳсулотлари таклифини кўпайтириш мақсадида тижорат банклари томонидан:

- жисмоний шахслар учун 24 та ва тадбиркорлик субъектлари учун 65 та янги модулли кредит маҳсулотлари яратилди;

- истеъмол товарларини кредит ҳисобига масофадан сотиб олиш имкониятини берувчи махсус платформа, яъни электрон савдо майдончалари (market place) ишга туширилди;

- халқаро пул ўтказмалари орқали келиб тушадиган пулларни банкка бормасдан мобил илова орқали ёки тўғридан-тўғри банк картасига қабул қилиш имконияти яратилди;

- банк карталарига онлайн ариза қабул қилиш ва уни мижозга етказиб бериш хизмати йўлга қўйилди.

Молиявий саводхонликни ошириш ва банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида:

Марказий банкнинг молиявий саводхонлик бўйича “Finlit.uz” ахборот-таълим ресурси ишга туширилди;

банк хизматлари истеъмолчиларининг банк хизматларидан тўғри фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган “Истеъмолчи эслатмаси” буклети ишлаб чиқилди ва (57,1 минг дона) тижорат банклари орқали аҳолига тарқатилди.

Нобанк кредит ташкилотлари ва уларнинг хизматлари истеъмолчилари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш мақсадида тегишли низом ишлаб чиқилди.

Даврий сўровлар ўтказиш орқали банкларнинг “Банк хизматларини кўрсатиш сифатини баҳолаш услубиёти” амалиётга жорий этилди.

Аҳолининг молиявий саводхонлиги ва мамлакатдаги молиявий оммабоплик даражасини холисона баҳолаш мақсадида:

 ҳудудлар аҳолиси ўртасида 2020 йилда Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда кенг қамровли сўровлар ўтказилди.

Сўров натижалари таҳлили асосида Жаҳон банки билан ҳамкорликда 2021–2023 йилларга мўлжалланган Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.

2021 йилда халқаро тажриба асосида янги молиявий маҳсулот ва хизматларни синов тарзида жорий этиш имконини яратиш мақсадида “тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режимидан фойдаланиш тартиби ишлаб чиқилади.

Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва шу орқали банклар ва нобанк кредит ташкилотларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш мақсадида:

2020 йилда банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйган 30 та тижорат банкидан жами 730 млн. сўм миқдорида жарималар ундирилди,

асоссиз ундирилган 445,6 млн. сўм миқдоридаги комиссион маблағларнинг фуқароларга қайтариб берилиши таъминланди.

USD = 12640.21
-49.76
EUR = 13559.15
+1.19
RUB = 137.02
-0.18
GBP = 15817.96
+46.87
JPY = 81.22
-0.68
CHF = 13850.77
-28.67
CNY = 1744.13
-7.15
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X