Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Раиси М.Б. Нурмуратовнинг 2023 йил 26 январдаги Марказий банк бошқаруви йиғилиши натижалари юзасидан ташкил этилган матбуот анжуманидаги МАЪРУЗАСИ

Янгиланган сана:  26 Янв 2023, 16:50
26 Янв 2023

Бошқарувнинг бугунги таянч йиғилишида биз иқтисодиётимизда шаклланган ва кутилаётган шароитлар, жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришларни инобатга олиб Марказий банк асосий ставкаси даражасини ўзгаришсиз сақлаб қолишни лозим деб топдик ва 2023 йилда кутилаётган макроиқтисодий прогнозларни яна бир бор кўриб чиқдик.

Аввало, ушбу қарорни қабул қилишимизга асос бўлган омиллар тўғрисида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Ўтган 2022 йилда ички иқтисодий шароитларда бир қатор ижобий тенденциялар кузатилди. Йил якуни бўйича реал ЯИМ ўсиши Марказий банкнинг октябрь ойидаги прогнозларига яқин, 5,7 фоиз доирасида шаклланди.

2022 йилда:

саноатда ишлаб чиқариш ҳажмлари – 5,2 фоизга (+1.3 ф.б.);

қишлоқ хўжалигида – 3,6 фоизга (+0.8 ф.б.);

қурилиш соҳаси – 6,6 фоизга (+0.4 ф.б.);

хизматлар ҳажми – 15,9 фоизга (+3.2 ф.б.) ўсди.

Иқтисодий фаолликнинг муқобил индикаторлари: савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар (+29%), товар-хомашё биржасидаги операциялар ва банклараро транзакциялар ҳажмларида ҳам ижобий ўсиш тенденциялари кузатилди.

Асосий капиталга инвестициялар ҳажмида (266 трлн. сўм) сезиларли ўзгариш кузатилмаган бўлса-да, ялпи истеъмол ҳажмининг ўсиши иқтисодиётда талабни шакллантирувчи асосий омиллардан бўлди.

 

Шунингдек, олдинги йилларда амалга оширилган фискал рағбатлантиришлар ҳам юқори иқтисодий фаолликка сабаб бўлмоқда. 2022 йил якуни бўйича умумий фискал тақчилликнинг ЯИМга нисбатан 4 фоиз атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.

Жорий йилда фискал рағбатлантиришларнинг нисбатан мувозанатлашуви кутилаётган бўлса-да, ўтган 3 йилда кузатилган юқори фискал дефицитнинг ялпи талабни қўллаб-қувватловчи таъсирлари давом этиб бориши бўйича кутилмаларимиз бор.

Меҳнат бозоридаги барқарорликнинг сақланиб қолиши, меҳнат ҳақи ва трансчегаравий пул ўтказмаларини юқори ўсиш суръатлари узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ва кўчмас мулкларга бўлган талабни ошишига ва, ўз навбатида, ушбу бозорларда нархларни ўсишига олиб келмоқда.

Кузатувларимизга кўра, 2022 йилда иккиламчи уй-жой бозорида нархлар – 28 фоизга, бирламчи бозорда – 17 фоизга ошган.

Умуман олганда, ўтган йилда иқтисодий шароитларда кузатилган ижобий тенденцияларнинг 2023 йилнинг I ярмида ҳам давом этиши бўйича эҳтимоллик юқори.

Ўз ўрнида, январь ойидаги аномал об-ҳаво шароитлари туфайли таклиф билан боғлиқ қисқа муддатли хатарлар айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажмларига таъсир кўрсатди.

Оддий қилиб айтганда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозорларга етказиш, бозорларда савдони ташкил қилиш борасида узилишлар ва камчиликлар мавжуд. Шунингдек, қўшни давлатларда ҳам айрим маҳсулотлар экспортига чекловлар қўйилмоқда.

Бироқ, бугунги кунда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари таклифи билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда ва энг асосийси, ушбу вазият билан боғлиқ инфляцион хатарлар қисқа муддатли характерга эга.

2022 йил давомида шаклланган ташқи шароитларга тўхталиб шуни қайд этиш керакки, иқтисодиётимиз бу жараёнлардаги ўзгаришларга мослашиб борди ҳамда ташқи иқтисодий хатарларнинг таъсири дастлабки баҳолашларга нисбатан пастроқ бўлди.

2022 йил февраль ойида геосиёсий хатарлар бошланганда, унинг таъсири анча сезиларли бўлишини кутгандик.

Бироқ, иқтисодиётимизни ташқи иқтисодий шароитларга мослашиши, иқтисодий сиёсатидаги ўз вақтида кўрилган чоралар, ташқи савдо муносабатларининг қисқа вақтда қайта тикланиши ва мамлакатимизга валюта тушумларини сезиларли ўсишига имкон берди.

Хусусан, экспорт тушумлари ҳажми 2021 йилга нисбатан 28 фоизга ошган бўлса, мамлакатимизга кириб келган пул ўтказмалари ҳажми 2,1 баробарга ортиб, қарийб 17 млрд долларга етди.

Тўғри, бу пул ўтказмаларнинг бир қисми кичик экспорт тушумлари ёки қўшни давлатлар фуқароларининг тегишли ўтказмалари билан боғлиқ. Шу билан бирга, аҳолини валюта айирбошлашга йўналтирилган пул ўтказмаларининг ҳам сезиларли ўсиши (+68%) иқтисодиётда ялпи истеъмолни оширувчи асосий омиллардан бўлмоқда.

Банкларнинг аҳолидан валюта хариди ва аҳолига валюта сотуви ўртасидаги ижобий тафовут 2,9 млрд долларга тенг бўлди.

Бунда, аҳолининг валюта сотуви 11,9 млрд долларни ва аҳолининг валюта хариди 8,9 млрд долларни ташкил қилди.

Умуман олганда, мамлакатимизга валюта маблағлари кириши 2022 йилда 2021 йилга нисбатан 32 фоизга ортган бўлса, валюта чиқими – 22 фоизга ўсди ва ушбу вазият алмашув курсининг барқарор бўлишига ҳам ўз таъсирини кўрсатди (йиллик девальвация 3,9 фоизга тенг бўлди).

Ташқи савдо операциялари, валюта оқимлари ва пул ўтказмалари бўйича ижобий тенденциянинг жорий йилда ҳам сақланиб қолиши кутилмоқда.

Бироқ, 2023 йилда глобал иқтисодий фаоллик ва асосий савдо ҳамкорлар иқтисодиётлари ўсишини пасайиши билан боғлиқ юқори ноаниқликлар сақланиб қолмоқда ва бу албатта, иқтисодий кўрсаткичларимизни шаклланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Маълумот учун: ХВЖнинг октябрь ойидаги прогнозларида жаҳон иқтисодиёти ўсишининг 2023 йилда 2,7 фоизгача ва Жаҳон банкининг жорий йил январдаги прогнозларида эса 1,7 фоизгача пасайиши кутилмоқда.

Инфляция даражаси ва унинг омиллари борасида қайд этиш лозимки, 2022 йил бошида биз инфляциянинг йил якунида 8-9 фоизгача пасайишини кутгандик.

Юзага келган ташқи геосиёсий вазият ва унинг таъминот занжирларига таъсири, жаҳон бозорида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, хомашёлар ва энергия ресурслари нархининг юқори ўсиши ҳамда ички талабни қўллаб-қувватловчи омиллар таъсирида инфляция даражасида биз кутгандан юқори ўсиш кузатилди.

Натижада, 2022 йил якуни бўйича йиллик умумий инфляция 12,3 фоизга тенг бўлди. Олдинги матбуот анжуманларимизда қайд этганимиздек, сўнгги ярим йилликда базавий инфляцияда ҳам сезиларли ўсиш тенденциялари кузатилди ва йиллик 13,8 фоизгача етди.

Сизларга маълум, базавий инфляция даражасини юқори бўлиши иқтисодиётда шаклланаётган инфляцион жараёнларнинг кенг қамровли ва нисбатан узоқ муддатли характерга эга бўлиб бораётганлигини билдиради.

Охирги уч ойда аҳолининг инфляцион кутилмаларида ҳам мўътадил ўсиш кузатилмоқда ва уларнинг йўналиши келгусида инфляцион хатарларнинг янада кучайиши мумкинлигини билдиради.

2022 йил декабрь ойи сўрови натижаларига кўра аҳолининг келгуси 12 ой учун инфляцион кутилмалари 15,5 фоизни ва тадбиркорлик субъектлариники 14,7 фоизни ташкил этмоқда.

Бу эса, Ҳукумат ва Марказий банкдан 2023 йил давомида ҳам инфляцияни пасайтириш бўйича янада таъсирчан чоралар кўришни тақозо этади.

2022 йил давомида юқорида қайд этилган инфляцион босимлар таъсирини пасайтириш мақсадида “нисбатан қатъий” пул-кредит шароитлари сақлаб қолинди.

Натижада, пул бозорида бугунги кунда 2-3 фоизлик реал ижобий фоиз ставкалари таъминланмоқда. “UZONIA ставкаси 14 фоиз атрофида шаклланиб келмоқда.

Айни пайтда, жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 2022 йил декабрда 20,2 фоизни, юридик шахсларнинг депозитлари бўйича эса 16,9 фоизни ташкил этди.

Аҳолининг инфляцион кутилмаларига нисбатан ҳам камида 4-5 фоизлик ижобий фоиз ставкалари миллий валютадаги муддатли депозитлар ҳажмининг сезиларли даражада ўсишига хизмат қилмоқда.

Маълумот учун: аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари ҳажми 2021 йилда 1,7 баробарга ва 2022 йилда 1,6 баробарга кўпайди.

Марказий банк асосий ставканинг июнь-июль ойларидаги пасайтирилишига мос равишда кредитлар бўйича фоиз ставкаларида ҳам пасайиш кузатилди.

Декабрь ойида аҳолига ажратилган кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 22,4 фоизга ва юридик шахсларники бўйича 22,2 фоизга тенг бўлди.

Йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб миллий валютадаги кредитлар ҳажмининг ортиши ҳисобига иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг ўсиш суръати бироз тезлашди. Ушбу ҳолат, аҳолига ажратилган кредитларнинг юқори даражада ўсиши билан изоҳланади.

2022 йилда иқтисодиётга жами кредит қўйилмалари 21,4 фоизга ошган бўлса, аҳолига ажратилган кредитлар ҳажми 45,2 фоизга кўпайди.

Ўз навбатида, чакана кредитларнинг юқори суръатларда ўсиши иқтисодиётда ялпи истеъмолни қўллаб-қувватлаш орқали инфляцияга босим ўтказиши мумкин.

Умуман олганда, ўтган йилда иқтисодиётни молиялавий қўллаб-қувватлаш, яъни кредитлаш жараёнларида таркибий ўзгариш кузатилиб, банклар кўпроқ ички ресурслардан фойдаланган ҳолда фаолият юритишди.

Бу, ўз навбатида, мавжуд молиявий имкониятларни самарали мобилизация қилиниши билан биргаликда иқтисодиётда долларлашув даражасининг пасайишига хизмат қилди. Бу жараён жорий йилда ҳам давом этиши кутилмоқда.

Депозитлар долларизацияси 2021 йилдаги 39 фоиздан, 2022 йилда 34 фоизгача, кредитлар долларизацияси эса – 48 фоиздан 45,6 фоизгача пасайди.

Охирги пайтда, жаҳон иқтисодиётининг ўзгаришларга мослашуви ҳамда кўплаб давлатларнинг марказий банклари томонидан пул-кредит сиёсатини қатъийлаштириб борилиши кузатилмоқда.

Бу эса, глобал инфляцион жараёнларнинг кучсизланишига ва асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг биржа нархининг нисбатан пасайишига хизмат қилади.

Оддийроқ қилиб айтганда, 2023 йилда ташқи инфляцион омиллар ва валюта алмашув курсининг нисбатан барқарорлиги жорий йилда инфляцияни пасайтирувчи омиллардан бўлиши кутилмоқда.

2022 йил якунлари бўйича эълон қилинган статистик кўрсаткичлар, ички ва ташқи иқтисодий шароитлардаги ўзгаришлар ва кутилмалардан келиб чиқиб Марказий банк ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозларини янгилади.

Прогнозларга кўра, 2023 йил I чорагида ЯИМ ўсишининг маълум даражада секинлашиши бўйича эҳтимоллик юқори шаклланган бўлса-да, 2023 йил якунида иқтисодиётнинг 4,5-5 фоиз – базавий прогноз доирасида ўсиши кутилмоқда.

Глобал иқтисодиётда ва асосий савдо ҳамкорларимизда 2022 йилдагига нисбатан пастроқ ўсиш кўрсаткичларининг кутилаётганлиги турли каналлар (ташқи савдо, пул ўтказмалари, капитал оқими ва бошқалар) орқали бизнинг иқтисодиётимиз ўсишида ҳам ўз аксини топади.

Ўз навбатида, базавий сценарий бўйича 2023 йилда йиллик инфляциянинг 8,5-9,5 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Албатта, бу жорий йилдаги илк бошқарув йиғилиши ва тасдиқланган график асосида йил якунига қадар асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича яна 7 та йиғилиш ўтказилади. Бунда, кутилаётган омилларнинг юзага чиқиш даражаси ва инфляциянинг прогноз траекториясидан келиб чиқиб асосий ставка даражаси кўриб чиқиб борилади.

Бундай жараёнларда, асосий эътибор ва қабул қилинаётган қарорлар, инфляциянинг прогноз коридори доирасида шаклланишини ва 5 фоизлик ўрта муддатли прогнозига қадар пасайиб боришини таъминлашга қаратилади.

USD = 12690.00
-7
EUR = 13526.27
-21.43
RUB = 135.95
+0.9
GBP = 15802.86
-34.11
JPY = 82.14
-0.09
CHF = 13969.62
+3.06
CNY = 1752.47
-1.48
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X