Банк-молия соҳаси ривожи учун комплаенс-назорат олиб борилиши қанчалик долзарб аҳамиятга эга? Ушбу тизимни банк соҳасига татбиқ этилиши орқали коррупция ҳолатларини камайтиришга эришиш мумкинми?
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, БМТнинг тараққиёт дастури, KPMG ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда айни шу саволлар муҳокама марказида бўлди. “Коррупцияга қарши комплаенс тизимини банк соҳасига татбиқ этишнинг ўзига хос жиҳатлари” мавзусига бағишланган семинарда Марказий банк ходимлари ҳамда тижорат банкларининг раҳбар ва комплаенс-назорат тизимида фаолият юритувчи мутахассислари иштирок этишди.
Тадбирда халқаро ташкилотлар вакиллари сўзга чиқиб, комплаенс-назорат тизимини ташкил этишдаги долзарб масалалар, ушбу тизимни банк соҳасига жорий қилиш жараёнида хорижий тажриба ва халқаро стандартлар йўналишларидаги маърузаларини тақдим қилдилар. Семинар иштирокчилари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.