Самарқанд исломий молия форуми – 2026

Марказий банк томонидан Малайзиянинг INCEIF университети ва «Al Muamalat Consulting» МЧЖ билан ҳамкорликда 2026 йил 27–28 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида «Самарқанд исломий молия форуми (SIFF 2026)» ташкил этилмоқда.
Форумда Ислом тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Халқаро молия корпорацияси, Исломий молиявий хизматлар кенгаши (IFSB), Исломий молия институтлари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти (AAOIFI), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (UNDP) каби халқаро ташкилотлар, Малайзия, Индонезия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон марказий банклари вакиллари, исломий молия олимлари, чет эл исломий банклари мутахассислари, шунингдек, маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.
Мазкур форум тартибга солувчи органлар ҳамда халқаро молия институтлари вакиллари, молия бозори иштирокчилари, исломий молия олимлари ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш ҳамда амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун мулоқот платформаси бўлиб хизмат қилади.
Форум доирасида қуйидаги мавзулар муҳокама қилинади:
Марказий Осиёда исломий молиянинг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби Марказий Осиё давлатларида исломий молиянинг ривожланиш тенденциялари, соҳани тартибга солиш бўйича сўнгги ташаббуслар, бозор динамикаси ва институционал ривожланиш;
Исломий молияни ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича устувор вазифалар – исломий молияни қўллаб-қувватловчи экотизимни шакллантириш бўйича минтақавий тажриба алмашиш, ҳамкорлик ва шериклик алоқаларини ўрнатиш;
Исломий молия стандартларига мувофиқ бўлган бошқарув тизими – исломий молия стандартларига мувофиқликни таъминловчи самарали бошқарув тизимини жорий этиш, исломий молияда таваккалчиликларни бошқариш, ички назорат воситаларини такомиллаштириш;
Исломий капитал бозорлари ва ликвидлик воситалари – исломий капитал бозорларини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, амалий ёндашувлари, ликвидликни бошқариш воситалари, зарур бозор инфратузилмаси ва тартибга солиш механизмлари;
Исломий молия соҳасида инсон капиталини ривожлантириш – исломий молия соҳасида самарали таълим тизимини жорий этиш, касбий тайёргарлик ва малака ошириш дастурларини оммалаштириш;
Исломий молия соҳасида жамоатчилик ишончини қозониш – аҳолининг исломий молия бўйича саводхонлигини ошириш, исломий молия хизматлари фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.
Форум марказий банклар ва молия бозорини тартибга солувчи органлар, халқаро молия ташкилотлари, банклар ва исломий молия ташкилотлари вакиллари, исломий молия олимлари ва мутахассислари, капитал бозори иштирокчилари, илмий-таълим муассасалари профессор ва ўқитувчилари учун мўлжалланган.










