Устувор йўналишлар
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фаолиятининг
2026-2030-йилларга мўлжалланган устувор йўналишлари юзасидан
ҚИСҚАЧА ШАРҲ
Жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган шиддатли ўзгаришлар, рақамлаштириш жараёнларининг жадаллашуви, молиявий технологиялар ривожланиши ҳамда давлат ташкилотлари фаолияти самарадорлигига нисбатан талабларнинг ортиши марказий банклар олдига янги вазифаларни қўймоқда.
Бундай шароитда Марказий банкдан нафақат нархлар ва молиявий барқарорликни таъминлаш, балки замонавий, барқарор ва инклюзив молия секторини ривожлантириш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда иқтисодиётда ишонч муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ролини янада кучайтириш талаб этилмоқда.
“Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фаолиятининг 2026-2030-йилларга мўлжалланган устувор йўналишлари” мамлакатда барқарор макромолиявий муҳитни шакллантириш, узоқ муддатли иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли, бизнес ва инвесторларнинг молия тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган стратегик ташаббуслар ва уларни амалга ошириш механизмларини белгилаб беради.
Мазкур ҳужжат комплекс институционал ёндашув асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг мақсадлари, республикада амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг жорий босқичи, ички таҳлил натижалари, шунингдек, етакчи хорижий марказий банклар ва халқаро молия институтларининг илғор тажрибаси инобатга олинган.
Ҳужжатда макромолиявий барқарорликни таъминлашни молия бозорларини ривожлантириш, рақамли инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда молиявий оммабопликни кенгайтириш билан уйғун ҳолда амалга оширишга қаратилган комплекс ёндашув акс эттирилган. Бунда нархлар ва молиявий барқарорликни таъминлаш узоқ муддатли иқтисодий ўсишнинг асосий шарти ва Марказий банк фаолиятининг устувор вазифаси сифатида сақланиб қолиши белгиланган.
2030-йилга келиб Марказий банк макромолиявий барқарорликни таъминлайдиган, рақобатбардош молия бозорини ривожлантирадиган, инновацияларни қўллаб-қувватлайдиган ҳамда аҳоли ва бизнес учун хавфсиз молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирадиган замонавий, технологик ва очиқ ташкилотга айланишни мақсад қилган.
Марказий банкнинг ўрта муддатдаги фаолияти қуйидаги бешта ўзаро боғлиқ ривожланиш устуворликлари асосида шакллантирилган:
1. Нархлар ва молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш;
2. Инновацияларни рағбатлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тартибга солиш ва назорат тизимини такомиллаштириш;
3. Хусусий сектор ривожланиши ва хусусийлаштириш жараёнларини қўллаб-қувватлаш мақсадида молиялаштириш манбаларини чуқурлаштириш ва диверсификация қилиш;
4. Тўловлар ва молиявий инклюзияни ривожлантириш мақсадида қулай ва хавфсиз рақамли молия воситаларини ривожлантириш;
5. Институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш, маълумотлар сифатини яхшилаш ҳамда ўзаро мувофиқлашувни кучайтириш.
Белгиланган мақсадларга эришиш учун Марказий банк фаолиятининг барча йўналишларини қамраб олган қарийб 200 та стратегик ташаббусдан иборат портфель шакллантирилди. Улар қаторига тўлиқ инфляцион таргетлаш режимига ўтиш, таваккалчиликка асосланган назорат тизимини жорий этиш, макропруденциал сиёсат инструментларини такомиллаштириш, тўлов инфратузилмасини модернизация қилиш, молиявий технологияларни ривожлантириш, рақамли молиявий хизматлар кўламини кенгайтириш, кибербарқарорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, маълумотларни бошқаришнинг замонавий ёндашувларини жорий этиш киради.
Мазкур стратегик ташаббусларни амалга ошириш уч босқичда ташкил этилади:
• 2026-йил якунига қадар - институционал ва меъёрий асосларни мустаҳкамлаш;
• 2027-йил якунига қадар - молиявий инфратузилма ва асосий жараёнларни жадал модернизация қилиш ва рақамлаштириш;
• 2028-2030-йилларда - ислоҳотларни чуқурлаштириш, инновацион ечимларни кенг жорий этиш ва эришилган натижалар барқарорлигини таъминлаш.
Шу билан бирга, тизимга бўлган ишончни янада мустаҳкамлаш мақсадида шаффофликни ошириш, коммуникация сиёсатини ривожлантириш, тадқиқот ва таҳлил салоҳиятини кучайтириш ҳамда қарор қабул қилишда маълумотларга асосланган ёндашувларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ўз навбатида, Марказий банкнинг институционал етуклигини ошириш, замонавий идоравий маданиятни шакллантириш, бошқарув ва тартибга солишнинг халқаро стандартларини жорий этиш учун зарур шарт-шароитлар яратилади.
Белгиланган ислоҳотларнинг изчил амалга оширилиши қабул қилинаётган қарорларнинг таҳлилий ва илмий асосларини мустаҳкамлаш, молия тизими барқарорлигини ошириш ҳамда молия секторининг рақамли трансформациясини жадаллаштириш имконини беради.
Мазкур ҳужжат Марказий банк фаолиятининг стратегик йўналишларини белгилаб бериш билан бирга, Ўзбекистон Республикаси молия тизимининг барқарорлиги, рақобатбардошлиги ва инклюзивлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотларни изчил амалга ошириш, қабул қилинаётган қарорларнинг таҳлилий ва илмий асосларини мустаҳкамлаш ҳамда молия секторининг рақамли трансформациясини жадаллаштириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.










