Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида раис ўринбосари Н. Ачилов иштирокида ҳалоллик тамойилларига риоя қилиш, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, коррупцияга қарши муросасиз муҳитни шакллантириш ҳамда тизимни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ҳар қандай ташкилотнинг обрўси, аввало, унда фаолият юритаётган ходимларнинг ҳалоллиги, масъулияти ва касбий этикага амал қилиши билан белгиланади. Шу боис, ушбу мавзуларда ходимлар билан мунтазам учрашувлар ўтказиб бориш нафақат муҳим, балки долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Таъкидланганидек, ҳалоллик тамойили — бу фақат қонунчилик талабларига риоя қилиш эмас, балки ҳар бир қарорда виждон, адолат ва шаффофликни устувор қўйишдир. Ходим ўз хизмат вазифаларини бажаришда шахсий манфаатлардан эмас, ташкилот манфаатларидан келиб чиқиши лозим.
Одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш эса жамоада соғлом иш муҳитини шакллантиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Ҳурмат, хушмуомалалик, масъулият ва интизом ҳар бир ходимнинг кундалик фаолиятида намоён бўлиши зарурлиги қайд этилди. Зеро, ички маданияти юқори бўлган жамоада самарадорлик ҳам юқори бўлади.
Йиғилишда манфаатлар тўқнашуви масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Ушбу ҳолат ходимнинг шахсий манфаатлари унинг хизмат вазифаларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятларда юзага келиши, бундай ҳолатларни яшириш эмас, аксинча, ўз вақтида очиқ маълум қилиш ва қонунчилик асосида ҳал этиш муҳим экани таъкидланди.
Шунингдек, Марказий банкда ISO 37001:2025 халқаро стандарти талабларига бағишланган учрашув ҳам бўлиб ўтди. Унда “CERT International” халқаро аудиторлик компанияси вакиллари ташқи аудит натижалари, хулосалар ва муҳим тавсиялар билан ўртоқлашди.
Мазкур стандарт коррупцияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффоф бошқарув маданиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, энг муҳими эса ҳар бир ходим фаолиятида ҳалоллик, масъулият ва ишонч тамойилларини янада кучайтиришга қаратилгани алоҳида қайд этилди.
Йиғилиш якунида коррупциянинг ҳар қандай кўринишига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш барчанинг устувор вазифаларидан бири экани таъкидлаб ўтилди.