Кредит ташкилотларининг пруденциал назорати – банк назоратининг[1], таркибий қисми бўлиб, у банк тизими барқарорлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган иқтисодий меъёрларга банклар қанчалик риоя этаётганини назорат қилади.
“Пруденциал” тушунчаси эҳтиёткор, узоқни кўрадиган деган маъноларни англатиб, “назорат” сўзи билан бирга қўлланилганда кредит ташкилотлари фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган хатарлар ва муаммоларни бартараф қилишга имкон берувчи масофадан назорат маъносини англатади.
Амалиётда айрим тижорат банклари кўпроқ фойда олиш мақсадида хатарларга асосланган фаолият юритишга мойил бўлади. Бунда улар ўз манфаатлари доирасида ҳаракатланиб, омонатчилар, кредиторлар ҳамда банк акциядорларининг қонуний манфаатларини инобатга олмасликлари мумкин. Юқорида келтирилган томонларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида Марказий банк назорат қилувчи орган сифатида майдонга чиқади.
Марказий банкнинг назорат функциялари “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунда белгиланган бўлиб, Банк назорати қўмитаси томонидан амалга оширилади.
Бунда Марказий банк тижорат банклари молиявий ҳолатининг ёмонлашишини олдини олишга қаратилган тегишли шарт-шароитлар яратилиши ва улар фаолиятини белгиланган талабларга мувофиқ юритилишини кузатиб боради.
Бунинг учун тижорат банкларида юзага келадиган ёки келиши мумкин бўлган хатарлар, шунингдек, регулятив мослик механизмларидан фойдаланган ҳолда, ушбу хатарларни оқилона бошқариш ва бартараф этиш бўйича назорат олиб борилади.
Иқтисодий меъёрларга резерв талаблари, капитал, ликвидлик, валюта позицияларига бўлган талаблар ҳамда хатарлардан келиб чиқиб, маълум операцияларга чекловлар ва қимматли қоғозлар билан операциялар бўйича нормативлар киради.
[1] Банк назорати пруденциал назоратдан ташқари кредит ташкилотлари томонидан банк қонунчилигига ҳам амал қилишларига қаратилади
Ушбу меъёрларни бажаришда тижорат банклари банк операциялари бўйича тегишли резервларни шакллантиради ва шу орқали хатарларни омонатчилар, кредиторлар ва бошқа банк хизматлари истеъмолчиларига ўтказилишининг олди олинади.
Мисол учун, банклар томонидан капитални етарли даражада шакллантирилиши кутилмаган йўқотишларни қоплаш манбаси бўлиб хизмат қилади ҳамда уларнинг институционал ўсишини таъминлайди. Ликвидликка қўйилган талаблар эса мижозларга узлуксиз хизмат кўрсатиш ва депозиторлар талабларини ўз вақтида бажарилишини таъминлайди.
Умуман олганда, пруденциал назорат банк хизматлари истеъмолчиларининг қонуний манфаатларини таъминлаш доирасида тижорат банкларини соғлом банк фаолиятини олиб боришга ва айрим банкларда носоғлом муҳитни бартараф этишга қаратилган.
Макропруденциал сиёсат эса пруденциал назоратдан фарқли равишда умумий молиявий тизим барқарорлигини таъминлашга қаратилиб, чора-тадбирлар макро даражада қўлланилади ва юзага келиши мумкин бўлган тизимли хатарларни бартараф этишга, шунингдек, стресс сценарийларда назарда тутилган ҳолатлар рўй берганда банкларни ўз фаолиятларини тиклашига етарли шароитлар яратишга хизмат қилади.
Маълумот учун: “тизимли хатарлар” деганда молиявий тизим иштирокчиларининг тўлов қобилиятларида занжирли узилишлар юзага келганда, бутун молиявий тизимда содир бўладиган, эҳтимоли кам, аммо юзага келиши мумкин бўлган хатарлар тушунилади.
Макропруденциал чораларга иқтисодиётни кредитлаш суръатларига, унинг алоҳида секторларида қарз юки ошмаслигига чекловлар, хорижий кредитлар жалб қилишга чекловлар ҳамда ушбу кўрсаткичларнинг ЯИМга нисбати, шунингдек, тизимли аҳамиятга эга банклар капиталига ва риск коэффициентларига алоҳида талаблар киради.
Одатда мазкур чоралар кредитлаш суръатларининг иқтисодий ўсиш суръатларидан тезлашиб кетганда, шунингдек, валютавий ва бошқа хатарларнинг катта қисми тизимли аҳамиятга эга банкларда жамланишининг олдини олиш мақсадларида қўлланилади.
Ушбу кўрсаткичлар узоқ муддатли трендлардан оғиб кетса, молиявий тизим барқарорлигини таъминлаш мақсадида Марказий банк тегишли макропруденциал чораларни қўллайди.
Нигора БЕГМАТОВА,
Кредит ташкилотлари пруденциал назорати департаменти бошқарма бошлиғи
Нозима МАМАЖОНОВА,
Пул-кредит сиёсати департаменти бош иқтисодчиси