Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Вера Платонова, Visa: “Ўзбекистонда нақд пулсиз тўловлар тизими – ривожланишнинг янги босқичида”

Янгиланган сана:  27 Мар 2023, 13:26
25 Мар 2023

Ўзбекистонда банк тизимини рақамлаштириш ва мамлакатнинг нақд пулсиз иқтисодиётга ўтиши ҳақида Украина, Грузия, МДҲ мамлакатлари ва Жануби-Шарқий Европадаги Visa компаниясининг катта вице-президенти ва минтақавий менежери Вера Платонова билан суҳбат.

– Дастлаб, Visa компаниясининг Ўзбекистондаги фаолиятига тўхталиб ўтсангиз?

Ўзбекистон Visa компанияси учун стратегик муҳим бозорлардан бири саналади. Мамлакат тўлов бозорига кириб келганимизга 30 йил бўлди ва нақд пулсиз тўловлар индустриясининг шаклланишига компания ҳам ўз ҳиссасини қўшган десак, муболаға бўлмайди. Бугунги кунда кўплаб шериклар, жумладан, регулятор, банклар, уяли алоқа операторлари ва финтех компаниялар кўмагида тўлов индустриясини ривожлантиришга сармоя киритишда давом этмоқдамиз.

Ўзбекистондаги асосий мақсадимиз – мамлакатнинг нақд пулсиз иқтисодиётини ривожлантиришга кўмаклашишдир. Биз татбиқ этаётган тўлов ечимлари аҳоли ва бизнес вакилларининг эҳтиёжларига йўналтирилган.

Таъкидлаш жоизки, Visa Ўзбекистон ҳукуматининг рақамли тўловлар қамровини кенгайтириш бўйича қарашлари ва мақсадларини қўллаб-қувватлайди. Дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, банкларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва соҳа инфратузилмасини ривожлантиришни давом эттириш бўйича ҳали ечимини топмаган масалалар мавжуд.

Бугунги кунда бутун дунёда контактсиз тўловлар сони ортиб бормоқда. Эътиборли жиҳати, ушбу йўналишда етакчилик, нафақат кучли иқтисодиётга эга йирик давлатларга тегишли бўлиши мумкин. Хусусан, Марказий Осиёда ҳам анча юқори кўрсаткичлар мавжуд.

Ўзбекистонда рақамли тўловлар сони ҳам ўсишда давом этмоқда. Бу илгари электрон тўловлар қўлланилмаган йўналишларда ҳам эндиликда нақдсиз тўловлар амалга оширилаётганидан дарак беради. Яқин келажакда бу тенденция янада кучаяди.

Сўнгги йилларда Visa компанияси томонидан Ўзбекистонда қандай асосий ечимлар татбиқ этилди?

Аввало, биз карталарни қабул қилиш тармоғини йўлга қўйдик ва айни пайтда унинг кўламини кенгайтириш устида ишлаяпмиз. Хусусан, 2021 йилда Visa карталарини мамлакатнинг 2800 та банкомати ва 185000 та тўлов терминалларида қабул қилиш йўлга қўйилди.

Шу билан бирга, Visa карта эгалари учун товар ва хизматлар тўловларини амалга оширишдаги комиссия олиб ташланди. Бу тўлов индустрияси учун муҳим қадам бўлиб, бизга нақд пулсиз тўловлар экотизимини мунтазам равишда ўзгартириш имконини беради.

2021 йил февраль ойида Visa компанияси Ўзбекистоннинг хусусий тижорат банкларидан бири ва ОCТО тўлов тизими билан ҳамкорликда Visa Token хизматига асосланган мамлакатдаги биринчи токенизация ечимини ишга туширди. Технологиянинг жорий этилиши электрон тижорат соҳасидаги инновацияларни ривожлантиришни тезлаштиришга ва тўловларни истеъмолчилар учун янада хавфсиз ва қулай қилишга ёрдам беради.

Шунингдек, тижорат банклари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда илк бор Visa карталарига телефон рақамлари орқали пул ўтказмаларини амалга ошириш йўлга қўйилди. Бу картадан картага глобал миқёсдаги онлайн мобил ўтказма хизмати бўлиб, пул ўтказиш жараёнини янада қулай ва хавфсизроқ бўлишига ёрдам беради. Эътиборли жиҳати, янги хизматдан фойдаланиб, пул ўтказиш учун фақат қабул қилувчининг телефон рақами ва исмини билиш кифоядир.

Электрон тўловларни қабул қилиш тармоғини ривожлантириш (айниқса йирик шаҳарлардан ташқарида) ва ушбу жараёнга ҳисса қўшадиган янги технологияларни жорий этиш биз учун устувор йўналишлардан бири саналади. Visa Tap to Phone бундай инновацион ечимлардан биридир. Технология молия институтларига NFC-модулини (қисқа масофали симсиз маълумотларни узатиш) қўллаб-қувватлайдиган Android смартфонларида контактсиз тўловларни қабул қилиш ечимларини яратиш имконини беради.

2021 йилда Mediasoft финтех-компанияси ва Orient Finance bank билан ҳамкорликда Ўзбекистондаги микро ва кичик бизнес вакиллари учун Tap to Phone (Marta) ечими ишга туширилди. Хусусан, ушбу ечим ёрдамида карталар, телефонлар ва бошқа гаджетлар ёрдамида рақамли контактсиз тўловларни қабул қилиш имконияти кенгайтирилди. Таъкидлаш жоизки, MayaSoft 2019 йилда Visa Everywhere Initiative халқаро финтех стартап танловининг минтақавий ғолибига айланган илк компаниядир.

Tap to Phone (Marta) ечими оддий принцип асосида ишлайди: илгари кичик бизнес эгалари POS-терминалини сотиб олиши ёки ижарага олишлари керак эди. Энди Marta иловасини Android смартфонига ўрнатиб, банкда рўйхатдан ўтиш ва мижозларнинг карталаридан ва бошқа гаджетлардан ҳам тўловларни қабул қилиш имкони мавжуд.

Шу билан бирга, Ўзбекистондаги стратегик ҳамкоримиз Humo тўлов тизими билан биргаликда жорий этилган маҳсулот – Humo Visa тўлов картасини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Ушбу карталар 2021 йилда Агробанк томонидан чиқарилган бўлиб, бундай маҳсулот нафақат Ўзбекистонда, балки МДҲ мамлакатларида ҳам илк бор жорий этилганлиги билан аҳамиятлидир. Карта эгалари ҳам Humo, ҳам Visa инфратузилмасида транзакцияларни амалга оширишлари мумкин.

Яна бир инновацион ечим – Humans финтех компанияси ва тижорат банки ҳамкорлигида ишга туширилган Visa Humans жисмоний ва виртуал тўлов картаси бўлди.

– Марказий банк билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Меморандумнинг асосий мақсади – электрон тўловларни қабул қилиш инфратузилмасини кенгайтириш ва нақд пулсиз тўловлар соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштиришга йўналтирилган. Шунингдек, Марказий банк билан ҳамкорликда инфратузилмани ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, инновацион тўлов технологияларини жорий этиш бўйича тажриба алмашиш ҳамда мамлакат бўйлаб карталарни қабул қилишни кенгайтириш ва рақамли тўловларни оммалаштириш мақсадида савдо корхоналари ва банклар билан ишлаш кўламини кенгайтириш режалаштирилган.

Биз ушбу йўналишларнинг ҳар бири устида ишлаяпмиз. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки иқтисодий жараёнларни ривожлантириш учун тегишли норматив базани таъминлаш бўйича амалий чораларни кўрмоқда.

2021 йил октябрь ойида жорий этилган масофадан туриб рақамли идентификация қилиш тартиби бугунги кунда ижобий натижа бермоқда. Айтиш жоизки, бу каби инновацион ечимларга эҳтиёж катта бўлишига қарамай, афсуски, камдан кам мамлакатларда бундай тартибга солиш майдони мавжуд.

Бугунги кунда Ўзбекистон банкларида ҳисоб очиш учун мижозларни масофадан туриб идентификациядан ўтказиш йўлга қўйилган. Бу ечим жудаям қулай ва муҳим бўлиши баробарида, молиявий инклюзивлик ва молия соҳасига кўпроқ фуқароларни жалб қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Tap to Phone, VTS ёки Visa Direct га асосланган телефон рақамига ўтказмалар каби татбиқ этилган ечимлардан ташқари, Visa Марказий банк билан аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш йўналишида ҳам фаол ишламоқда. Яқин келажакда қизиқарли интерфаол таълим лойиҳасини амалга оширишни режалаштираяпмиз.

Марказий банк билан олиб борилаётган ишларнинг яна бир йўналиши – тўловлар билан боғлиқ фирибгарликларнинг олдини олишга қаратилган. Регулятор билан биргаликда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва банк ходимлари учун амалий семинарлар ташкил қилинди. Хусусан, ўзбекистонлик мутахассисларнинг карта транзакциялари учун рискларни аниқлаш, рақамли скимминг, ижтимоий инжиниринг каби соҳалардаги билимларини мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш мақсадида Visa компаниясининг етакчи тренерлари жалб қилиниб, интенсив машғулотлар ўтказилмоқда.

Бундай чоралар бизга тўловларни қабул қилиш соҳасини ҳамкорликда ривожлантириш ва маҳаллий бозорда инновацион ечимларни жорий этишга ёрдам беради.

Ўзбекистонда яқин келажакда қандай инновацион тўлов ечимларини жорий этиш режалаштирилмоқда?

– Ўзбекистон бозорига янги маҳсулотлар ва технологияларни олиб кириш бўйича катта режаларимиз бор. Уларнинг барчаси бизнинг стратегик устувор вазифаларимиз, хусусан, нақд пулсиз тўловларни оммалаштириш, Visa карталарини қабул қилиш қамровини кенгайтириш, электрон тижоратни ривожлантириш каби вазифалар доирасида амалга оширилади. Шу билан бирга, мамлакатда Финтех компанияларини ривожлантириш ва қўллаб-қуватлаш ҳам устувор йўналишлар сирасига киради.

Аҳолининг молиявий саводхонлик даражасини оширишга йўналтирилган тадбирлар, яъни мамлакатнинг турли ёшдаги қатламлари учун молия соҳаси ва тўлов тизимларининг ишлаши бўйича дастурлар ва курслар яратишни ҳам режалаштирганмиз.

– Тўлов тизимининг қайси йўналишлари истиқболли саналади?

– Молия соҳасидаги бир нечта асосий трендларни мисол келтириш мумкин. Биринчидан, Buy Now Pay Later (BNPL) – бу истеъмолчиларга ҳар қандай харидни бўлиб тўлаш имконини берувчи хизматдир. Ушбу ечим янги эмас, ундан фойдаланувчилар сони дунё бўйлаб кун сайин ортиб бормоқда. Истеъмолчиларга жараён осон ва қулай бўлса, сотувчиларга юқори конверсия даражаси маъқул келади.

Яна бир тренд маҳсулот – “мобил ҳамён” ҳисоб концепцияси орқали пул ўтказмалари, тўловлар ва жамғармалар учун хавфсиз ва қулайликка эга мобил тўлов тизимлари ва мобил банкинг хизматидир.

Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес эгалари учун смартфон ёрдамида тўловларни қабул қилиш истиқболли йўналишдан бирига айланди. Бу ҳақда юқорида тўхталиб ўтгандик.

Амалдаги тренд йўналишларидан ташқари, рақобатни ривожлантириш зарур бўлган соҳалар ҳам мавжуд. Масалан, “ўрнатилган молия”, яъни бизнес вакилларига молиявий хизматларни кўрсатиш соҳаси. Бугунги кунда тўловлар нафақат банклар, балки номолиявий ташкилотлар томонидан ҳам амалга оширилади. Банклар API ва бошқа каналлар ёрдамида ўз хизматларини номолиявий ташкилотларга тақдим этиш имконига эга бўладилар.

Дунёдаги геосиёсий вазият компания фаолиятига ҳам таъсир қилдими?

– Бугунги кунда Visa 200 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудларда фаолият юритмоқда. Хусусан, компания хизматлари кириб борган барча бозорларда рақамли тўловлар экотизими ва нақд пулсиз иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида инновациялар, янги технологиялар жорий этилмоқда.

Ўзгаришларга тўхталадиган бўлсак, Visa Россия Федерациясида ўз фаолиятини тўхтатди. Хусусан, Россия Федерациясидаги молия институтлари томонидан чиқарилган Visa карталари билан амалга оширилган барча операциялар энди мамлакат ташқарисида қайта ишланмайди ҳамда Россия Федерациясига қарашли бўлмаган молия институтлари томонидан чиқарилган ҳар қандай Visa карталари ҳам Россия ҳудудида ишламайди.

Бошқа барча мамлакатларда Visa тўловларни амалга ошириш ва қабул қилишнинг энг мақбул усули бўлиш мақсадида нақд пулсиз иқтисодиёт ва тўлов экотизимини ривожлантириш йўналишларида фаол иш олиб бормоқда.

USD = 12599.92
-25.26
EUR = 13510.89
+5.73
RUB = 144.48
-2.14
GBP = 15962.84
-10.54
JPY = 78.92
-0.53
CHF = 14108.07
-40.96
CNY = 1735.60
-3.09
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X