2025 йил 17 апрель куни Президент томонидан “Тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.
Мазкур Қонун билан:
1. Тадбиркорлик субъектларига кафолат (кафиллик) бериш ҳамда қонунчиликда назарда тутилган бошқа хизматларни кўрсатувчи юридик шахс – кафолатлар бериш ташкилоти ва факторинг хизматларини кўрсатишга ихтисослашган юридик шахс – факторинг ташкилотини ташкил этиш учун ҳуқуқий асос яратилди.
Устав капиталининг энг кам миқдори кафолатлар бериш ташкилоти учун 100 млрд сўм, факторинг ташкилотлари учун 2 млрд сўм миқдорида белгиланди. Ушбу ташкилотлар нобанк кредит ташкилоти сифатида Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтказилади ҳамда уларнинг фаолияти Марказий банк томонидан тартибга солиниб, назорат қилинади.
2. Факторинг соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш Хусусий ҳуқуқни унификация қилиш халқаро институти (УНИДРУА) томонидан қабул қилинган Факторинг бўйича намунавий қонундан келиб чиқиб такомиллаштирилди. Хусусан:
факторинг объекти сифатида юридик шахсга ёки тадбиркорлик субъектига нисбатан келиб чиқадиган пул талабномаси белгиланди;
пул талабномасидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш бўйича тақиқни бузганлик учун жавобгарлик бекор қилинди;
мижознинг контрагенти норезидент бўлганда факторинг операцияларини хорижий валютада амалга оширишга рухсат берилди;
пул талабномасидан воз кечиш тўғрисидаги хабарномаларни гаров реестрида рўйхатга олиш амалиёти жорий қилинади.
3. Нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солишга қаратилган бир қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан:
нобанк кредит ташкилотларига жисмоний шахс бўлган таъсисчиларидан амалдагига нисбатан 2 баравар кўп миқдорда қарз маблағларини жалб қилишга рухсат берилди;
нобанк кредит ташкилоти устав фондидаги 10 фоиздан 20 фоизгача бўлган улуш олинганда Марказий банкни хабардор қилиш тартиби жорий этилди;
нобанк кредит ташкилотлари акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилиши белгиланди;
микромолия ташкилотлари томонидан юридик шахсларга хорижий валютада хизмат кўрсатилишига рухсат берилди;
микромолия ташкилотлари тегишли лицензия асосида тўлов ташкилоти фаолиятини амалга оширишлари мумкинлиги белгиланди.