Марказий банкда Mastercard билан ҳамкорликда “Киберинқироз ҳолатидан самарали чиқиш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда Марказий банк ва тижорат банкларидан ходимлар иштирок этди.
Тренинг молия секторида юзага келиши мумкин бўлган киберхавфларга қарши самарали жавоб бериш, хавфларни бошқариш ва тизимларнинг барқарорлигини таъминлашга қаратилган. Унда иштирокчилар киберҳужумларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини камайтириш ҳамда тизимларни тезкор тиклаш бўйича амалий билим ва кўникмаларини оширди.
— Киберинқирозлар ва киберхатарлар тобора ортиб бораётгани сабабли, киберхавфсизлик бугунги кунда бутун дунёдаги ҳар бир корхона ва ҳар бир шахс учун муҳим масалага айланмоқда. Шунингдек, биз Mastercard компанияси сўнгги йилларда Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан қатор лойиҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Mastercard дунё бўйлаб мижозларни ҳимоя қилиш мақсадида 11 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган, — дейди Resat Kokcen, Mastercard’нинг Шарқий Европа бўйича киберхавфсизлик ечимлари раҳбари.
Семинар давомида реал вазиятларга яқинлаштирилган машғулотлар ва симуляциялар орқали киберинқироз шароитида қарор қабул қилиш, жамоавий ҳамкорлик ва тезкор мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, маълумотлар хавфсизлиги, мижозлар маълумотларини ҳимоя қилиш ва узлуксиз фаолиятни таъминлаш бўйича замонавий ёндашувлар кўриб чиқилди.
Mastercard билан ҳамкорликда ўтказилаётган бундай тренинглар молия тизимининг кибербардошлигини ошириш, халқаро тажрибани жорий этиш ва замонавий таҳдидларга тайёрликни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.