Марказий банкда тижорат банкларида хатарларни бошқаришга масъул мутахассислар иштирокида Ўзбекистоннинг молиявий барқарорлик ҳолати юзасидан навбатдаги давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир доирасида Марказий банк томонидан Ўзбекистон молия тизимидаги заифликлар, мамлакат иқтисодиётидаги макромолиявий шароитлар, активлар бозори ҳолати, молия ва номолия секторлари таҳлили, молиявий барқарорликка таъсир кўрсатиши мумкин бўлган тизимли хатарлар бўйича тақдимот бўлиб ўтди. Тақдимот давомида аҳолининг қарз юки даражаси, микроқарзлар бозоридаги ҳолат, Ўзбекистонда фоиз ставкаларнинг шаклланиши каби долзарб мавзуларга тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, учрашувда банкларнинг шокларга бардошлилигини баҳолаш мақсадида асосий ва хатарли сценарийлар бўйича ўтказилган тўлов қобилияти ҳамда ликвидлилик макро стресс-тест натижалари муҳокамалар марказида бўлди.
Тадбир давомида молиявий барқарорликни таъминлаш бўйича Марказий банк томонидан олиб борилаётган макропруденциал сиёсат борасида фикр алмашинилди.
Шу билан бирга, маълум соҳаларда юзага келаётган заифликлар ва уларнинг олдини олишга қаратилган амалий чоралар юзасидан банк мутахассислари фикр алмашилди. Бу борада, Марказий банк томонидан қайд этилган хатарлар юзасидан тижорат банкларига таҳлилларни кучайтириш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича зарурий чораларни кўриш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.