Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида тижорат банклари ва микромолия ташкилотлари иштирокида “Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш йўналишида молиявий хизматлар кўрсатиш стратегияси”нинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу стратегия Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 17 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-103-сонли қарорига мувофиқ Марказий банк томонидан тижорат банклари билан яқин ҳамкорликда ишлаб чиқилди.
Мазкур Стратегия инклюзив иқтисодий ўсишга қаратилган ислоҳотларнинг давоми бўлиб, банк-молия секторида гендер сиёсатини институционаллаштириш, тадбиркорлик салоҳиятини ошириш ва молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган. Тадбирда Стратегиянинг устувор йўналишлари, амалий ижро механизмлари ҳамда аниқ натижаларга эришишга йўналтирилган Йўл харитаси тақдим этилди.
Тадбир давомида 2025 йил 20 август куни бўлиб ўтган давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар Стратегиянинг устувор йўналишлари билан уйғунлаштирилган ҳолда муҳокама қилинди. Шунингдек, Стратегияни самарали амалга ошириш механизмлари ва бу жараёнда халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш зарурияти алоҳида таъкидланди.