Жорий йил 15-сентябр куни Марказий банкда “Аёллар тадбиркорлиги бўйича молиявий кодекс” – WE-Finance Code халқаро ташаббусининг Ўзбекистонда жорий этилишининг 1-йиллик натижаларига бағишланган танталнали тадбир бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Ушбу ташаббус бугунги кунда дунёнинг 30 дан ортиқ давлатида амалга оширилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Малика Кадрханова, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари маслаҳатчиси Нозима Давлетова, шунингдек, миллий ва халқаро экспертлар, банк ва молиявий ташкилотлар, давлат идоралари ҳамда халқаро ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида Кодекс доирасида эришилган юксак ютуқлар тақдим этилди. Хусусан:
1. Аёллар тадбиркорлиги бўйича молиявий кодекс доирасида тижорат банклари, микромолия ташкилотлари ва ассоциацияларни ўз ичига олган 17 иштирокчидан ташкил топган Миллий Коалиция тузилганлиги.
2. Марказий банк томонидан миллий координатор сифатида Миллий Низом ишлаб чиқилгани ва Ўзбекистон ушбу ташаббус доирасида Миллий Низом ишлаб чиққан минтақадаги биринчи давлат сифатида эътироф этилгани.
3. Тадбиркор аёлларнинг молиявий оммабоплик кўрсаткичларини қамраб олган янги маълумотлар платформаси (dashboard) тақдим этилди.
Ушбу ютуқлар халқаро ҳамжамият томонидан Ўзбекистоннинг инклюзив иқтисодий сиёсатни ривожлантириш ва мамлакат нуфузини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, тадбир доирасида Кодекснинг янги аъзолари – Савдо-саноат палатаси ва “Ҳамроҳ” компанияси томонидан мажбуриятномаларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
WE-Finance Code ташаббусининг йиллик натижалари нафақат аёллар тадбиркорлиги учун кенг имкониятлар очади, балки мамлакат иқтисодиётида инклюзивлик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.