Марказий банкнинг Банк назорати қўмитаси томонидан 2025 йилнинг октябрь ойидаги йиғилишларида (7 марта) 24 та масала кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 14 та масала, шу жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (3 та), янги очилаётган микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш (2 та), микромолия ташкилотини реестрдан чиқариш (1 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (3 та), шунингдек, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (5 та) билан боғлиқ масалалар кўрилди.
Шу билан бирга, кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 10 та масала – Марказий банкнинг кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, тижорат банклари ва микромолия ташкилотларида ўтказилган инспекция натижалари, банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга қаратилган масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Пруденциал норматив талабларига риоя этилмаганлиги, ўз фаолиятини қонунчилик ҳужжатлари талабларига белгиланган тартибда мувофиқлаштирмаганлиги ҳамда инспекция текширувлари давомида аниқланган камчиликлар учун 1 та банк ва 1 та тўлов ташкилоти чора ва санкциялар қўлланилиши тўғрисида огоҳлантирилди.
Шунингдек, Марказий банк талаблари ва ўтказилган инспекция текширувлари давомида, ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш қоидаларига риоя қилинишида аниқланган қоидабузарликлар учун 3 та банк, 5 та микромолия ташкилоти ва 2 та тўлов ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўлланилди.
Бундан ташқари, “TEZPAY” ва “NATIONAL PAY” акциядорлик жамиятларида аниқланган қоидабузарликлар учун тўлов ташкилотларига тўлов хизматларининг ва (ёки) операцияларнинг айрим турларини амалга оширишни, жумладан электрон шаклдаги тўловларга ишлов бериш ва тўловни амалга ошириш учун зарур ахборотни банкка бериш ёки мазкур тўловлар бўйича пул маблағларини қабул қилиш ва пул ўтказмалари тизими орқали пул маблағларини қабул қилиш ва амалга ошириш жорий йил
13-ноябрдан бошлаб олти ой муддатга чекланди.