5 март куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЙТТБ) делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Мазкур ташриф ЙТТБ Директорлар кенгашининг Ўзбекистонга амалга оширилган маслаҳат ташрифи доирасида ташкил этилди.
Учрашув Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Ачилов билан ўтказилиб, унда Ўзбекистон банк секторини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, амалдаги фаолият муҳитидаги мавжуд муаммолар ҳамда молия секторида амалга оширилаётган ислоҳотларни татбиқ этишда Марказий банкнинг роли муҳокама қилинди.
ЙТТБ делегацияси директор Лилиана де Са Кирхкнопф бошчилигидаги турли аъзо давлатлар ва институтларга вакиллик қилувчи директорлар таркибидан иборат бўлди.
Учрашув давомида иштирокчилар банк сектори ислоҳотларининг бориши, молия бозорларини ривожлантириш ҳамда тартибга солиш ва назорат тизимини мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашдилар. ЙТТБ Директорлар кенгаши аъзолари мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар кун тартиби, инвестиция муҳити ҳамда молия тизимини янада модернизация қилиш истиқболлари юзасидан саволлар бердилар.