Оммавий ахборот воситаларида банклар томонидан таълим кредитлари ажратилиши билан боқлиқ турли саволларга жавобан Марказий банк қуйидагиларни маълум қилади:
Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ банклар молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда мустақилдир (8-модда). Шунингдек, кредитлар, депозитлар бўйича фоиз ставкалари банк томонидан мустақил белгиланади (62-модда).
Шу ўринда кўпчиликни қизиқтираётган “Банклар кредит фоизи нимага қараб белгиланади?” “Фоизларнинг пасайишининг имкони йўқми?” каби саволларга жавоб бериб ўтсак:
Мамлакатимизда тижорат банклари томонидан ажратилаётган кредитларнинг фоиз ставкалари кредитлаш манбаси бўлмиш депозитларнинг фоиз ставкаларига боғлиқ. Депозитлар бўйича фоиз ставкалари аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари асосида шаклланади.
Кредитларнинг фоиз ставкалари инфляция даражасининг ва инфляцион кутилмаларнинг ҳамда банклар жалб қилган ресурсларнинг фоизларига бевосита боғлиқдир.
Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг инфляцион кутилмалари 16 фоиз атрофида бўлиб, банкларнинг муддатли депозитлари фоизлари ҳам шунга мос равишда 17-19 фоиз атрофида шаклланмоқда. Банк жалб қилган депозит ставкасида ёки ундан паст ставкада кредит бера олмайди албатта. Бунда тижорат банки операцион харажатлари (шунингдек кредит риски) ҳамда ички сиёсатидан келиб чиқиб, депозитлар фоиз ставкасига банк маржасини (фойда) қўшиб кредитларга фоиз белгилайди. Бундан кўринадики, тижорат банклари таклиф этаётган кредитлар фоизи жалб қилинган депозитлар фоизига бевосита боғлиқ.
Марказий банк томонидан пул-кредит сиёсатини инфляцион таргетлаш режимига ўтказиш бўйича ишлар фаол давом эттирилаётганлиги ва инфляция даражасининг пасайиб бораётганлиги ҳисобига келгуси даврларда депозитлар ва кредитлар фоиз ставкаларининг пасайиш тенденциясига ўзгаришини кутиш мумкинлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Умуман олганда, кредит бозорида кредит фоизлари миқдори асосий ставка, пул ресурсларига бўлган талаб ва таклифнинг ўзаро нисбати, инфляция ва инфляцион кутилмалар, кредит хизматлари бозорида банк рақобати, депозитлар бўйича мижозларга тўланадиган фоизлар, банк таваккалчилигини камайтириш мақсадида фоиз ставкаларини бошқариш, кредит ресурслари структураси ва бошқа бир нечта макро ва микроиқтисодий омилларга боғлиқдир.
Шунга кўра, банк кредитлари фоизлари ушбу омилларнинг барчасини бир вақтдаги таъсиридан келиб чиқиб шаклланади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид” давлат дастурининг 237-бандида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити бериш тартибини жорий этиш вазифаси белгиланган.
Бунда талабаларнинг ўқиш даври тугаб ишга жойлашгандан сўнг кредитни қайтариш, тўлов-контракти асосида таҳсил олаётган талабалар ва уларнинг ота-оналарига қўшимча молиявий ёрдам бериш имкониятларини яратиш назарда тутилган.
Бугунги кунда мазкур топшириқ ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларида икки ва ундан ортиқ фарзандлари тўлов-шартномаси асосида ўқиётган оилаларга таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, унга Марказий банк аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганган ҳолда тегишли таклиф ва мулоҳазаларини берганлигини маълум қиламиз.