Марказий банкка Россия Федерацияси Молия вазирлиги Илмий-тадқиқот молия институти раҳбари Владимир Назаров ташриф буюрди.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикасида аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди ва ушбу йўналишдаги тизимли ҳамкорлик ҳамда қисқа ва узоқ муддатли истиқболли тадбирларнинг ҳамжиҳатликда ўтказилиши хусусида келишиб олинди.
Томонлар ўзаро ҳамкорлик, таълим муассасаларида молиявий саводхонликни жорий этиш бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, ўқитувчи ва педагогларни тайёрлашга ихтисослашган федерал методик марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирдилар.
Маълумот учун: Илмий-тадқиқот молия институти (ИТМИ) – федерал давлат бюджети ташкилоти ҳисобланади. ИТМИнинг асосий вазифалари иқтисодиёт ва молия соҳасида фундаментал ва амалий илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда молия, кредит, шунингдек, валюта муносабатларини молиявий бошқариш, прогнозлаш, режалаштириш ва тартибга солиш назарияси ва методологиясини ишлаб чиқишдан иборат. Институтда аҳолининг молиявий саводхонлик даражасини ошириш миллий дастурини амалга оширувчи Молиявий саводхонлик дирекцияси фаолият кўрсатмоқда.
Россия Федерациясининг Молия вазирлиги Илмий-тадқиқот молия институти раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди
Янгиланган сана: 29 Сен 2021, 19:41