Ижтимоий тармоқларда Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга оширилаётган ишлар бўйича билдирилаётган фикрлар юзасидан Марказий банк қуйидагиларни маълум қилади.
Мамлакатимиз Президентининг ҳудудларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир қарорларига мувофиқ, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш (“Ҳар бир оила – тадбиркор”, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш, “Yoshlar – kelajagimiz”, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш, Ҳунармандчиликни ривожлантириш, Маҳаллий ҳокимликлар ҳузуридаги жамғармалар ва Бандликка кўмаклашиш) дастурлари ижросини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимлари, туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари” ташкил этилган.
Туман (шаҳар) Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказларига:
ҳар бир оила ва хонадонларни хатлов асосида қамраб олган ҳолда тадбиркорлик билан шуғулланиш салоҳияти, истак ва таклифларни синчковлик билан ўрганиш;
ўрганиш давомида оилаларнинг тадбиркорлик ғояси ва кўникмаси, ушбу фаолиятни амалга ошириш учун етарли шароитлари мавжудлигини аниқлаш;
ҳовли ва кўп қаватли хонадонларда яшовчи ҳар бир оиланинг тадбиркорлик салоҳияти ва имкониятларини таҳлил қилиш, яшаш ҳудудининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда уларнинг тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишлари учун кенг қамровли йўналишлар бериш ва кўмаклашиш;
тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ривожлантириш истагида бўлган шахсларга тижорат банклари томонидан кредитлар ажратиш ишларини ташкиллаштириш;
аҳолининг шахсий томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш юзасидан таклифлар бериш, уларни амалга оширишга кўмаклашиш;
тадбиркорлик билан шуғулланаётган ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган оилаларга янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда айрим сабабларга кўра фаолиятини тўхтатган тадбиркорлик субъектлари ва ҳунармандлар фаолиятини қайта тиклаш учун тегишли шарт-шароитлар яратилиши ҳамда мавжуд муаммолар ҳал этилишига амалий ёрдам бериш;
тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш, уни амалга оширишда ҳужжатларни расмийлаштириш ва бошқа давлат хизматлари кўрсатилишида тавсиялар ҳамда кўмак бериш;
ҳар ойда камида бир марта тадбиркорликни янги ташкил қилган оилаларга ташриф буюриб, фаолияти давомида юзага келаётган муаммоларни ўрганиб бориш, уларни бартараф этиш ва ажратилган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш самарадорлигини ўрганиш;
ўрганиш натижалари бўйича ҳудуд ва республика миқёсида ҳал этилиши зарур бўлган масалалар ва таклифларни ҳудудий Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказларига киритиб бориш ваколати берилган.
Ҳудудий Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари эса:
туман (шаҳар) Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказларининг фаолиятини мунтазам равишда мониторинг қилиб бориш ва ҳар ой натижалари бўйича улар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирларини белгилаш;
туман ва шаҳарларда тадбиркорлик фаолияти ривожланиши учун қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш, янада қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
тадбиркорлик билан шуғулланиш иштиёқида бўлган фуқароларни ушбу фаолиятга йўналтириш учун жойларга чиққан ҳолда “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш асослари ва унинг маҳаллий шароитларга мос бўлган турлари” мавзусида ўқув машғулотларини ўтказиб, уларга аниқ ҳисоб-китоблар асосида ишлаб чиқилган турли йўналишлардаги тайёр бизнес-режаларни тақдим этиш;
ички ва ташқи бозорларни доимий равишда ўрганиб борган ҳолда барқарор ҳамда долзарб талабга эга бўлган маҳсулотларнинг рўйхати ва ҳажми юзасидан маълумотлар базасини шакллантириш, ҳар ойда янгилаб бориш ҳамда ушбу маълумотларни оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоғидан кенг фойдаланган ҳолда аҳолига мунтазам равишда етказиб бориш ва йўналишлар бериб бориш;
тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган оилаларга харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун замонавий мини-технология ва бошқа ускуналарнинг тақдимотларини ўтказиш ва сотиб олишга кўмаклашиш;
тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни сотиш орқали уларнинг фаолиятига кўмаклашиш вазифалари юклатилган.
Шу билан бирга, Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар:
“Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари” томонидан оилаларнинг хоҳиш ва истаклари, тадбиркорлик субъектлари ва ёшларнинг лойиҳалари, ушбу фаолиятни амалга ошириш учун етарли шароитлари мавжудлиги чуқур ўрганилиб, ҳар бир оила ва тадбиркорлик субъектларининг таклиф этаётган лойиҳаларига кредит ажратиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида бериладиган хулосалар асосида;
товарлар (хизматлар) шартнома асосида келишилган нархда етказиб берилгандан (хизматлар кўрсатилгандан) ва лойиҳа эгаси ундан қаноатланиш ҳосил қилганидан сўнг ажратилади ва маҳсулот етказиб берувчи (хизмат кўрсатувчи)нинг ҳисобрақамига ўтказиб берилади.
Шунингдек, сектор раҳбарлари ўзлари раҳбарлик қилаётган ҳудудларга ажратилган имтиёзли кредитларнинг мақсадли ишлатилишини таъминлаш
ва кредитларнинг белгиланган муддатда қайтарилишига масъул эканлиги ҳамда бу борада тижорат банкларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиши белгиланган.
Қайд этиш жоизки, 2020 йил июль ойидан дастурлар доирасида кредитлар ажратишнинг соддалаштирилган механизми жорий этилди. Унга кўра, дастур доирасида маҳсулотларни етказиб берувчи (хизматлар кўрсатувчи) таъминотчилар рўйхатини тасдиқлаш амалиёти (Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 июндаги 02/1-944-сонли кўрсатмаси) бекор қилинди ва фақат четдан наслли чорва моллари (қорамол, қўй, эчки) етказиб берувчилар рўйхати уларнинг етарлича имкониятлари мавжудлиги инобатга олинган ҳолда тасдиқланиши белгилаб қўйилди.
Бунда кредит олувчилар таъминотчиларни эркин танлаши ва ўзига маъқул чорва молларини танлаб, келишилган нархларда харид қилиш ваколатига эга.
Мазкур амалиётнинг жорий этилиши, бозор тамойилларига асосан талаб ва таклифнинг мувозанатини таъминлаш ва шу орқали ички бозорда гўшт ва гўшт маҳсулотлари нархларининг кескин ўсишининг олдини олишга қаратилган. Хусусан, дастур асосида кредитларнинг берилиши чорва молларига бўлган талабни ошириши сабабли, ташқи бозорлардан импорт қилиш орқали бозор мувозанатининг таъминланиши нархлар барқарорлигига эришишда муҳим ҳисобланади.
Ҳалол таъминотчиларни танлаш ва маҳсулотлари нархи мақбуллигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2019 йил 2 майда ўтказилган (2019 йил 4 майдаги 9929-хх-сон) йиғилиши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг мажлис баёни (2019 йил 2 апрелдаги 02-02/1-944-сон) билан маҳаллий ҳокимликлар зиммасига юклатилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 13 октябрдаги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги зиммасига Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда аҳоли ва тадбиркорларни тадбиркорликка ўқитиш бўйича ишларни ташкил этиш, мувофиқлаштириш ва бу борадаги ягона тизимни шакллантириш вазифалари юклатилган.
Шунингдек, Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан маъқулланган дастурлар ва белгиланган талаблар асосида ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи (ёшлар, хотин-қизлар) учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан компенсация қилиниши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 мартдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш бўйича аризалари “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси” (www.oilakredit.uz) орқали қабул қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 24 августдаги Ф-5689-сон Фармойиши билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан “очиқ мулоқоти”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”нинг 5-бандида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида кредитлашни соддалаштириш вазифалари топширилган.
Жумладан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари бўйича кредитлашни тўлиқ рақамлаштириш, асбоб-ускуналарни сотиб олиш ёки сотиш учун маркетплейс ташкил этиш, аҳолининг банкка бормасдан маҳалланинг ўзида кредит олишини йўлга қўйиш зарурлиги белгилаб берилган.
Бугунги кунда мазкур тизимни яратиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Яратилиши мўлжалланган савдо майдони (маркетплейс)да Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ким қандай товар ва хизматларни сотишни ҳоҳласа, тизимдан рўйхатдан ўтиб ўз товар ва хизматларини таклиф этиши мумкин. Бу тарзда савдо майдонини ташкил этилиши эркин рақобат асосида нархларнинг шаклланишига замин яратиб, маҳсулот етказиб берувчилар томонидан нархларнинг сунъий оширилишининг олдини олади.
Мазкур амалиётнинг жорий этилиши дастурлар доирасидаги лойиҳаларни молиялаштиришда шаффоф механизм яратиш, фуқароларга кредит ажратилишида ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, қарор қабул қилиш тизимининг ҳар бир босқичини назорат қилиш, секторлар, МФЙ раислари, тижорат банклари ва таъминотчиларнинг дастурдаги фаолиятини баҳолаш ҳамда фуқароларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш имконини беради.
Бугунги кунда тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.