Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Марказий банк Бошқаруви 2021 йил 11 мартда асосий ставкани йиллик 14,0 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди

Янгиланган сана:  11 Мар 2021, 15:24
11 Мар 2021

Ушбу қарор 2021 йил якунида инфляциянинг оралиқ мақсадли кўрсаткичи – йиллик 10 фоиздан паст даражасига эришиш ва иқтисодий фаолликнинг барқарор тикланиши учун етарли шароит яратиш, шунингдек, инфляцион кутилмаларни пасайтиришга қаратилган пул-кредит сиёсатининг жорий йўналишини давом эттириш мақсадида қабул қилинди.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар. 2021 йил январь-февраль ойларида йиллик инфляция даражаси мавсумий омиллар ва озиқ-овқат нархларининг ўсиши таъсирида бироз тезлашди ва мос равишда 11,6 ва 11,4 фоизни ташкил этди.

Озиқ-овқат нархларининг ўсиши умумий инфляцияга сезиларли оширувчи таъсир кўрсатишда давом этмоқда. Хусусан, ушбу гуруҳ бўйича нархлар йиллик ҳисобда ўртача 14,6 фоизга ошди ва умумий инфляцияга оширувчи таъсири 6,2 фоиз бандни ташкил этди.

Жорий йил январь-февраль ойларида озиқ-овқат маҳсулотларидан шакар, ўсимлик ёғи, товуқ гўшти ва мева-сабзавотлар нархларининг ўсиши умумий инфляцияга салмоқли ҳисса қўшди. Хусусан, шакар нархи 3,7 фоизга, ўсимлик ёғи – 3 фоизга, товуқ гўшти – 5,7 фоизга, мева ва ёнғоқлар – 5 фоизга, сабзавот ва дуккакли маҳсулотлар – 3,2 фоизга ўсди.

Умуман олганда, ташқи сектордаги ўзгаришлар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон бозорларидаги нархларининг деярли бир йилдан бери давом этаётган ўсиши қисқа муддатли истиқболда инфляцияга оширувчи босимни юзага келтириши мумкин.

Шу билан бирга, 2021 йилнинг дастлабки ойларида ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар нархлари ўсиш суръатларининг ҳам бироз тезлашиши қайд этилди. Ушбу гуруҳдаги товар ва хизматлар нархлари ўсиши, асосан, ҳудудларда йил бошида совуқ сув тарифларининг бозор нархларига тўғирланиши, тамаки ва алкоголь маҳсулотларига нисбатан акциз солиғининг индексация қилиниши, шунингдек, бензин нархининг ўсиши каби омиллар билан изоҳланади.

Йил бошидан буён аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари мос равишда 16,3  фоиз ва 17 фоизгача пасайган бўлса ҳам, инфляциянинг амалдаги ҳамда прогноз кўрсаткичларидан юқори даражада сақланиб қолмоқда.

Сўнгги сўров натижаларига кўра, респондентлар озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари, коммунал хизматлар ва бензин нархларида сезиларли ошиш кузатилганлигини қайд этган бўлса, тадбиркорлик субъектлари маҳсулотлар таннархи ошишининг асосий омиллари сифатида хомашё, транспорт ва коммунал хизматлар нархларининг ўсишини таъкидлаган.

Иқтисодий фаоллик. Жорий йилнинг январь-февраль ойларида аксарият тармоқ кўрсаткичларида ижобий ўсиш тенденциялари кузатилган бўлсада, 2020 йилнинг мос даври даражасигача етиб бормади.

Республика ҳудудларидаги корхоналар ўртасида ўтказилган сўровлар, жорий йилнинг февраль ойида иқтисодий фаоллик январь ойидаги мавсумий омиллар таъсирида пасайишидан сўнг бироз тикланганлигини кўрсатмоқда. Лекин, февраль ойидаги иқтисодий фаоллик индекси ўтган йил декабрь ойидаги кўрсаткичдан пастроқ даражада шаклланди.

Фаолликнинг январь ойидаги мавсумий пасайиши, асосан, қурилиш, саноат ва савдо соҳаларида кузатилди. Февраль ойида эса савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаоллик бироз яхшиланганлиги қайд этилди. Бу маълум муддатдан сўнг саноат соҳасида ҳам фаолликнинг тикланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Шу билан бирга, ишбилармонлик кайфияти индексида ўсиш кузатилиб, барча тармоқларда корхоналарнинг келгуси 3 ой бўйича иқтисодий кутилмалари яхшиланди.

Бундан ташқари, февраль ойида иқтисодий фаолликнинг тезкор кўрсаткичларида ижобий тенденциялар кузатилди.

Молиявий ресурсларга, хусусан, кредит ва хорижий валютага бўлган талаб ҳам босқичма-босқич тикланиб бормоқда. Жорий йил январь-февраль ойларида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 18,8 трлн. сўмни ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан (18,7 трлн. сўм) бироз ошди.

Мазкур даврда хўжалик субъектлари томонидан ички валюта бозоридан товар ва хизматлар импорти учун хорижий валюта хариди 1,72 млрд. долларни ташкил этиб, қарийб карантиндан олдинги давр кўрсаткичига (2020 йил январь-февраль 1,77 млрд. доллар) тенг бўлди.

Республика товар-хомашё биржасидаги умумий айланма февраль ойида январь ойига нисбатан 26,5 фоизга ва ўтган йилнинг мос ойига нисбатан 1,6 баробарга кўпайди. Банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган транзакцияларнинг умумий сони ҳам февраль ойида ўтган ойга нисбатан 19,6 фоизга ошди.

Ташқи талабнинг тикланиб бориши шароитида жорий йилнинг январь-февраль ойларида экспорт тушумлари (олтинни ҳисобга олмаганда) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 8 фоизга ўсиб, 1,4 млрд. долларга етди.  Бунда, февраль ойида экпортдан тушумлар 743 млн. долларни ташкил этиб, январь ойига нисбатан 13 фоизга ўсди.

Трансчегаравий пул ўтказмалари бўйича тушумлар жорий йилнинг январь-февраль ойларида 892 млн. долл. ташкил этиб, 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 14 фоизга ошди.

Ушбу омиллар ички валюта бозорида таклифни қўллаб қувватлашга хизмат қилди ва натижада миллий валюта алмашув курси нисбатан барқарор шаклланиб, 2021 йил 1 март ҳолатига девальвация даражаси йил бошига нисбатан 0,6 фоизни ташкил этди.

Пул-кредит шароитлари. 2021 йил январь-февраль ойларида иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолди. Февраль ойида банклараро пул бозорининг ўртача тортилган фоиз ставкаси 14,4 фоизни ташкил этиб, фоиз коридори доирасида асосий ставкага нисбатан ижобий тафовут билан шаклланди. “UZONIA” индекси 14 фоиз атрофида бўлди.

Йил бошида пул бозоридаги операциялар ҳажмининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. Хусусан, февраль ойида операциялар ҳажми 11,5 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 23,1 фоизга кўпайди.

2020 йил II ярмидаги пасаювчи тенденциясидан сўнг жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича фоиз ставкалари 2021 йил февраль ойида 18,3 фоизгача ва юридик шахсларнинг депозитлари бўйича эса 16,8 фоизгача кўтарилди. Жорий йилнинг февраль ойида миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 21,3 фоизга тенг бўлди.

2021 йил 1 январдан бошлаб мақбул фоиз ставкалар механизми бекор қилинганидан сўнг фоиз ставкаларида ошиш томонга маълум

даражадаги тўғриланиш кузатилди. Бироқ, фоиз ставкалари пул-кредит шароитларидаги ўзгаришларни ўзида акс эттирган ҳолда ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичларга нисбатан анча паст даражада шаклланди.

Шунингдек, сўнгги ойларида иқтисодий вазиятнинг нисбатан нормаллашуви ва инқирозга қарши чоралар бўйича харажатларнинг қисқариши натижасида маълум даражада фискал консолидация кузатилди.

Прогноз ва хатарлар. Марказий банкнинг базавий прогнозларига кўра, инфляциянинг 2021 йил якуни бўйича 9,0-10,0 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Қуйидагилар йил охиригача инфляция даражасига пасаювчи таъсир кўрсатади:

2020 йил IV чорагидан бошлаб нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақланиб қолинаётганлиги;

карантин чоралари таъсирининг ва 2020 йилнинг март-апрель ойларидаги нархларнинг юқори ўсиши натижасида юзага келган “юқори база таъсири”нинг босқичма-босқич тугаши;

2020 йил апрелда миллий валюта алмашув курси кескин қадрсизланишининг нархларга оширувчи таъсирининг чиқиб кетиши.

Импорт бозорларида концентрация даражасини қисқартириш ва  диверсификация қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлиги ва кўламининг ортиши нархлар барқарорлигини таъминланишига ҳамда ўрта муддатли истиқболда инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайишига хизмат қилади.

Айни пайтда, инфляциянинг бир марталик омиллари, чекланган таклиф шароитида талабнинг тезроқ суръатларда тикланиши, асосий озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилувчи мамлакатлар томонидан айрим турдаги озиқ-овқатлар учун экспорт квоталари ва божларининг киритилиши билан боғлиқ хатарлар мавжуд.

Шу билар бирга, ёқилғи ва транспорт харажатлари ошиши ҳамда айрим турдаги товарлар учун акциз солиғи индексация қилинишининг  ички нархларга иккиламчи таъсири, шунингдек, захираларнинг камайиши ва бозорларга янги ҳосилнинг кириб келиши ўртасидаги узилиш даврида озиқ-овқат нархларининг мавсумий ўсиши бўйича кутилмалар мавжуд.

Келгуси ойларда қурилиш соҳасида ўтган йилга нисбатан сезиларли ўсиш кутилаётганлиги, цемент ва бошқа қурилиш материаллари нархларининг ўсишига олиб келиши мумкин.

Шу муносабат билан ички бозорда товар ва хизматлар ҳажмининг талабга мос равишда оширилиши бўйича чораларнинг ўз вақтида кўрилиши ва алоҳида товар бозорларида рақобатнинг кучайтирилиши муҳим аҳамиятга эга.

Умуман олганда, ички ва ташқи омиллар таъсирида инфляцияни тезлаштирувчи хатарларнинг юқорилиги ҳамда инфляциянинг пасайтирувчи ва оширувчи омиллари баланси жорий пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни тақозо этди.

Марказий банк ташқи ва ички шароитлар таъсирида инфляция омиллари ва хатарлари моҳиятини синчковлик билан ўрганишни давом эттиради ҳамда инфляция прогнози динамикасидан келиб чиқиб асосий ставка бўйича тегишли қарорлар қабул қилади.

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2021 йил 22 апрелга белгиланган. Йиғилиш якунлари бўйича пресс-релиз чоп этилади ва матбуот анжумани ташкил этилади.

 

 

USD = 10787.03
+9.99
EUR = 12174.24
+33.9
RUB = 143.77
+1.56
GBP = 14389.90
+39.19
JPY = 95.17
+0.61
CHF = 11664.18
+32.19
CNY = 1690.33
+3.73
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X