Ўзбекистон Республикаси Марказий банки молия бозорини ривожлантириш ва халқаро интеграциялашув жараёнидаги навбатдаги муҳим қадам сифатида “Raiffeisen Bank International AG” (RBI)га Марказий банкда миллий ва хорижий валютада вакиллик ҳисобварақлари очилганлигини маълум қилади.
Ушбу қадам Ўзбекистон молия бозорини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш йўлидаги муҳим амалий натижа бўлиб, қуйидаги ижобий таъсирларга эга:
-
ДҚҚ бозорини ривожлантириш: Халқаро инвесторларнинг давлат қимматли қоғозлари иккиламчи бозорида фаол иштирокини таъминлайди;
-
Даромадлилик эгри чизиғи (Yield curve): Иккиламчи бозордаги савдолар ҳажмининг ортиши орқали бенчмарк муддатларда даромадлилик эгри чизиғининг бозор тамойилларига асосан шаклланишига бевосита хизмат қилади;
-
Узоқ муддатли ресурслар: Иқтисодиётга хорижий капитал оқимининг жалб қилиниши орқали узоқ муддатли ресурс шаклланишини жадаллаштиради;
-
Пул-кредит сиёсати трансмиссияси: Молиявий воситалар ликвидлилигини ошириш орқали Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати трансмиссион механизми самарадорлигини янада оширади.
Марказий банк молия бозори инфратузилмасини такомиллаштириш ва халқаро интеграцияни чуқурлаштириш борасидаги ишларни изчил давом эттиради.