Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Банк тизими тарихи

Янгиланган сана: 30 Июн 2020, 14:48

Ўзбекистон банклари миллий иқтисодиётга таъсир эта олувчи қудратли тизимга айлангунга қадар узоқ эволюцион ривожланиш йўлини босиб ўтди. Бу йўлда қатор қийинчиликларни енгиб ўтишига тўғри келди.

2010 йил
Ўзбекистон тижорат банклари, ав­вало, ихтисослашган кредит институтлари си­фатида кўзга кўрина бошлади. Бу, бир томондан хўжаликларнинг вақтинча бўш маблағларини жалб этиши, бошқа томондан эса жалб этилган маблағлар ҳисобидан корхоналар, хусусий тад­биркорлар ва аҳолининг молиявий эҳтиёжларини қондириши билан долзарб аҳамият касб этди.

Хорижий ва маҳаллий экспертларнинг қайд этишича, сўнгги йиллар давомида республикада асосий тамойил — ихтисослашувдан узоқлашиш ва банк фаолиятида универсаллаштиришни чуқурлаштириш кузатилмоқда. Бу эса банк опе­рациялари мазмуни ва кредит муносабатлари моҳиятини олдиндан белгилаб беради.
2008­–2009 йиллар
Ушбу йилларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун банк чакана маҳсулотларини ривожлантириш банк фаолияти­нинг муҳим йўналишига айланди.

Мазкур йўналишда банклар ўз фаолиятини дунёвий амалиётнинг “олтин” принципидан ке­либ чиққан ҳолда олиб бордилар. Яъни, аҳолига кўрсатиладиган хизматларнинг жозибадорлиги тадбиркорларнинг кредитлардан фойдаланиш кенг имконияти билан мутаносиб ҳолда ривожлантирилди. Давом эттирилган ислоҳотлар банк фаолиятини аҳолининг турмуш даражасини оши­ришда муҳим аҳамият касб этувчи, илгари қабул қилинган “Истеъмол кредити тўғрисида”ги ва “Ипотека тўғрисида”ги қонунлар доирасидаги фаоллигини янада кучайтирди.

Ўзбекистон тижорат банклари республика­миздаги ва жаҳон банк ҳамжамиятидаги янги воқеликка жавобан ўзлари таклиф этаётган хизматлари тўпламини кенгайтирди, бозорга янги банк маҳсулотларини чиқарди ва айни пайтда молия институтлари фаолиятининг халқаро стандартларини фаол жорий этишга киришди.
2006–2007 йиллар
Ипотекавий кредитлаш­нинг ривожланиш даври. Банк хизматларининг мазкур янги шакли маҳаллий аҳоли томони­дан дарҳол  ижобий баҳоланди. Аҳолининг бар­ча қатламларини, айниқса, ёшларни ижтимоий ҳимоялашни кўзда тутувчи ушбу манба Ўзбекистон Республикаси “Истеъмол кредити тўғрисида”ги ва “Ипотека тўғрисида”ги Қонунлари орқали мустаҳкамланди.

Ўзбекистон Республикасининг“Истеъмол кредити тўғрисида”ги Қонуни истеъмолчилар­нинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур қонун турар-жой ва маиший шароитларни яхшилаш борасида аҳолининг имкониятларини янада кенгайтиришга, бинобарин, банкларда истеъмол кре­дитлаш ҳажмининг сезиларли даражада ошишига хизмат қилади.

2006 йилнинг октябрь ойида эса Ўзбекистон Рес­публикаси “Ипотека тўғрисида”ги қонуни куч­га кирди. Кўчмас мулкни харид қилиш учун кредитлар ажратишнинг ҳуқуқий механизмини ўзида мустаҳкамлаган ушбу қонун ҳужжати банк ипоте­кавий кредитлаш ривожида муҳим аҳамият касб этди. Ундан кўзланган асосий мақсад кўчмас мулк­ка гаров қўйишда юзага келувчи муносабатларни тартибга солишдан иборат эди. Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2005 йил 16 февралдаги “Уй-жой қурилиши ва уй-жой бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида уй-жойлар қурилишини узоқ муддатли ипотекавий кредитлаш тизимида бир қатор механизмлар жорий этилди.

Бу даврда, шунингдек, банкларнинг стратегия­лари нақд пул муомаласини мустаҳкамлашга, ҳар бир филиалда нақд пул заҳираларини шакллан­тиришга ва ўз фаолиятида самарадорликни оши­ришга қаратилди.

“2005–2007 йилларга мўлжалланган банк тизи­мини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш дастури”да белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши банклар капиталлашув даражаси ва кўрсаткичларининг барқарор ўсишини таъмин­лаган ҳолда, банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва либераллаштиришда муҳим омил бўлди. Бу борада пул муомаласини мустаҳкамлаш ва миллий валюта,­ унинг айирбошлаш курси барқарорлигини ошириш, банкларда аҳоли омо­натларини кўпайтиришни рағбатлантиришга устувор йўналишлар сифатида эътибор қаратилди. Ривожланиш сари доимий равишда интилаётган тижорат банкларига мамлакатимиз ҳукумати то­монидан ўз вақтида тақдим этилган имтиёзлар кредит муассасалари ўз янги инструментлари­ни ишлаб чиқадиган ва таклиф қиладиган банк-молия бозорининг шаклланишини олдиндан белгилаб берди.
2005–2006 йиллар
Мамлакатимиз банклари капиталлашув даражасининг ошиши ва улар­нинг инвестиция жараёнларида ҳамда иқтисодий-тузилмавий ўзгаришларда иштироки янада фаол­лашган даври. Ўша кезларда мамлакат ҳукумати банкларнинг фойда (даромад) солиғидан озод қилинишига банклар фаоллиги ошувининг яна бир заҳираси сифатида қаради. Боз устига, тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ, ти­жорат банкларининг мини-банклар ташкил этиш билан боғлиқ харажатлари ҳам солиқ ундириш ба­засидан чиқарилди.

Шу тариқа, асосий эътибор пул муомаласини мустаҳкамлаш ва миллий валюта, унинг айирбош­лаш курси барқарорлигини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилди. Бу эса фуқароларда катта рағбат уйғотиб, улар­нинг банкларга нисбатан ишончини янада орттирди. Аҳолининг банкларда депозит ҳисобрақамлар очишга киришиши билан боғлиқ ижо­бий ҳолатлар кўпайди. Банкларнинг депозит ба­заси ҳажми ошди, банк хизматлари бозори шакл­лана бошлади. Эътиборлиси, банк маҳсулотлари қаторидан янги хизмат турлари, масалан, лизинг хизматлари жой ола бошлади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз­да чакана хизматлар ривожи халқаро банк ва мо­лия капиталини кенг жалб қилган ҳолда қўшма банкларнинг ташкил этилишига таъсир кўрсатди. Республикамиз банк бозори 100 фоизли хусусий капитал асосидаги янги банкларнинг вужудга ке­лиши натижасида тубдан ўзгарди. Хусусий банк­ларнинг хизматлар бозоридаги рақобатни кучай­тириб юборгани мамлакат банк тизими ривожида энг муҳим босқичлардан бири бўлди. Мамлакати­миз ҳукумати ва Марказий банки солиқ имтиёзла­ри ва кадрларни тайёрлаш жараёнида техникавий кўмак тақдим этган ҳолда уларнинг ривожлани­шини мунтазам рағбатлантириб бормоқда. Айни пайтда хусусий банклар сони тижорат банклари умумий сонининг қарийб ярмини ташкил этади.

Республикамизда хусусий банклар ривожлани­шини изчил рағбатлантириш рақобатни кучайти­ришга, кўрсатилаётган банк хизматлари сифатини яхшилашга ва молиявий ресурсларнинг самара­ли тақсимотига туртки берди. Бу эса, ўз навбати­да, хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш ва ривожлантириш жараёнларига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
2003–2004 йиллар
Мамлакатимизда либерал­лаштириш ва ислоҳотларни янада чуқурлаштириш жараёнида банк тизимини ривожлантириш даври.

Бу даврда аҳолининг банк тизимига ишончини мустаҳкамлаш, банкларни рес­публикамиздаги ян­гиланишларнинг молиявий таянчига айлантириш мақсади қўйилди. Унинг муваффақияти банк­ларнинг келгуси ривожида долзарб аҳамият касб этиши лозим эди. Корхоналарни акциядорлашти­риш ва уларнинг мулкчилик шаклини ўзгартириш жараёнлари жадаллашди. Банклар мамлакатимиз иқтисодий тараққиётининг янги босқичи талаб­ларидан келиб чиқиб, ўз ривожланиш концеп­циясига риоя этган ҳолда стратегиясини тако­миллаштириб борди. Уларнинг ресурс базасини кенгайтириш ва капиталлашув даражасини оши­риш ўз фаолиятини диверсификациялаш, янги акциядорларнинг маблағларини жалб этиш, IT-технологиялар асосида янги банк маҳсулотлари ва инструментларини ишлаб чиқиш ҳисобига амалга оширилди.

Валюта бозорини либераллаштиришни давом эттириш ва жорий халқаро операциялар бўйича сўм конвертациясини таъминлаш учун зарур шарт-шароит яратиш билан боғлиқ бўлган омиллар ҳам банклар фаолиятига бевосита таъсир кўрсатди. Чу­нончи, 2003 йилнинг 15 октябридан Ўзбекистон Ре­спубликаси Халқаро Валюта жамғармаси Битими­нинг VIII моддасидаги мажбуриятни қабул қилди. Натижада корхоналар жорий операциялар бўйича конвертацияни амалга ошириш имкониятига эга бўлди. Бу масала юзасидан Ўзбекистоннинг ташқи маблағларни жалб этмай, амалда ўз ресурсларига таяниб мақсадга эришгани юксак эътирофга сазо­вор. Мазкур чоралар миллий валюта конвертаци­ясидан фойдаланган маҳаллий тадбиркорлар фао­лиятини кенгайтиришга яқиндан ёрдам берди.

Бу ҳақиқатан ҳам бой ва сермаҳсул фаолият­нинг қизиқарли даври эди. Марказий банкнинг валюта сиёсати инфляция даражасини ушлаб туриш ва миллий валюта курси кескин тебра­нишининг олдини олиш баробарида экспорт­ни рағбатлантириш ҳамда валюта ресурслари­дан самарали фойдаланишга қаратилган эди. Ўзбекистоннинг асосий экспорт товарларига нис­батан дунё бозорларида қулай нарх конъюнктура­си, шунингдек, экспортга йўналтирилган валюта сиёсатининг олиб борилиши экспорт ва олтин-валюта захиралари ҳажмининг ошишига имкон берди.

Банк тизимини ислоҳ қилишга қаратилган иш­лар давом эттирилди. Унинг асосий йўналишлари сифатида банклар бошқарувида акциядорларнинг ролини ошириш орқали корпоратив бошқарув тизимини мустаҳкамлаш, банклар молиявий барқарорлигини уларнинг активлари, жумладан, валюта активлари сифатини яхшилаш эвазига ку­чайтириш, банк ишини янада такомиллаштириш ва банклар томонидан кўрсатиладиган хизмат турларини тобора кенгайтириш, тижорат банкла­рининг инвестицион жараёнлардаги ролини оши­риш ва мулкчиликнинг барча шаклидаги тадбир­корлик тузилмаларининг кредит ресурсларидан (жумладан, халқаро молиявий ташкилотларнинг линиялари бўйича ҳам) фойдаланиш механизми такомиллаштирилганини қайд этиш жоиз.
2002 йил
2002 йил аҳолининг банклардаги омонатларини ҳимоялашнинг ишончли ва самарали механизми яратилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафо­латлари тўғрисида”ги Қонуни доирасида Фуқа­роларнинг банклардаги омонатларини кафолат­лаш фонди ташкил этилди. Давлат-тижорат Халқ банкидан ташқари, республикамиз ҳудудида ўз фаолиятини олиб борувчи барча банклар унга аъзо бўлди. Ишончлилик, хизмат кўрсатишнинг юқори сифати, барча мижозлар билан ўзаро шериклик муносабатлари Ўзбекистон банклари фаолиятида асосий принципларга айлана борди.

Банк тизими фаолиятининг институционал асослари такомиллаштирилди. Банк секторини либераллаштириш ва ислоҳ қилишни кўзда ту­тиб қабул қилинган дастурий ҳужжатлар унинг самарадорлигини оширишни олдиндан белгилаб берди. Мазкур ҳужжатлар замирида банк фао­лиятини либераллаштириш жараёнининг ти­зимли ва босқичма-босқичлик тамойиллари ёта­ди. Ушбу тамойилларга амал қилиш аҳолининг мамлакат банкларига нисбатан ишончини янада мустаҳкамлаш имконини берди. Бундай ёндашув, шубҳасиз, барқарор ва ишончли банк тизимини ташкил қилиш жараёнида улкан ютуқдир.
2001 йил
Ушбу йилнинг 1 июлидан эътибо­ран кичик бизнес корхоналари ўзлари ишлаб чиқарган экспорт товарлар (иш ва хизматлар)ни банк муассасалари кассалари орқали белгиланган тартибда валюта улушини ўз ҳисобига ўтказиш йўли билан нақд хорижий валютада амалга оши­риш имкониятига эга бўлди. Республикамиз ҳукумати кичик бизнес ва хусусий тадбиркор­ликни рағбатлантиришни ҳамда унинг ташқи иқтисодий фаолиятдаги иштирокини кенгай­тириш борасида муҳим қадам қўйди. Айнан шу йили эркин айирбошловчи валютадаги Бирлаш­ган барқарорлашган жамғарма ташкил этилди. Бу ўз навбатида, Ўзбекистонда биржадан ташқари ва­люта бозорини янада ривожлантиришнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилди.

Бу вақтда банк тизими билан хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада ри­вожланди. Мазкур ҳамкорлик ривожига туртки берган муҳим омиллар сифатида банклар томони­дан хизмат кўрсатиш сифатининг тобора яхшила­ниши, банкларда рақо­батчилик муҳитининг юзага келиши, мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ жараёнларни кўрсатиш мумкин. Айнан шу даврда банклар кредитлаш сиё­сати кучайганини, мижозлар сўровларини синчков­лик билан ўргана бошлаганини ва банк ходимлари­да мижозларнинг талаб-эҳтиёжларига жавобан тез ҳаракат қилиш қобилияти шаклланганини яққол кузатиш мумкин.
2000-2010 йиллар
Мазкур давр Ўзбекистон банк тизимини мустаҳкамлашда салмоқли ютуқларга эришилгани билан аҳамиятлидир. Айнан шу йил­ларда замонавий инфратузилмага эга самарали банк тизимини ташкил этиш билан боғлиқ ишлар амалга оширилди.

Банк тизими олдига унинг ривожланиш истиқболларини белгилаб берувчи стратегик вази­фалар қўйилди. Вазифаларнинг биринчиси банк­лар молиявий барқарорлигини ошириш ва ички бозорда молиявий хизматлар доирасини кенгай­тиришдан иборат бўлса, иккинчиси — Ўзбекистон банкларининг халқаро капитал бозорида фаолли­гини таъминлашдир.

Мазкур даврда Ўзбекистон Республикаси ­Президенти Ислом Каримов мамлакатимиз молия-банк тизимини ривожлантириш, унинг фаолиятини мустаҳкамлаш ва сифат жиҳатидан яхшилаш масалаларига янада кўпроқ эътибор қаратди. Шу муносабат билан қатор етакчи бан­клар (“Ўзсаноатқурилишбанк”, “Асака” банки ва бошқалар)нинг капиталлашув даражасини оши­риш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ми­крокредитбанк” устав фондини кўпайтириш тўғрисида”ги Фармони мазкур банкни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиялашти­риш бўйича асосий кредит марказларидан бири­га айлантирган ҳолда унинг фаолиятини сифат жиҳатидан янада яхшилади.

Ушбу даврдаги ҳар бир йил мамлакат банк-молия тизимининг изчил ривожланишида янги босқич сифатида қайд этилади.
1999–2000 йиллар
Ушбу йилларда валюта сиё­сати янада либераллаштирилган ҳолда, биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валюталар савдоси механизми амалга киритилди.

Мазкур механизм ваколатли банкларнинг хо­рижий валютада талаб ва таклифдан келиб чиқиб, ўз мижозларидан шартнома асосида эркин курс бўйича валюталарни сотиб олишини кўзда тутади.
1998 йил
Ушбу йилда республика банкла­ри Базель тавсияларига мувофиқ ҳолда фаолият кўрсатиш учун зарур тадбирлар амалга оширилди.

Банк назорати ва халқаро амалиёти бўйича Базель қўмитасининг тавсияларидан келиб чиқиб, тижорат банклари фаолиятини молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари доирасида тар­тибга солувчи комплекс меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Бунда тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида улар ба­лансида мавжуд муаммоларни олдиндан аниқлаш ҳамда банк ликвидлиги пасайиши ва капитал туга­ши юзага келишидан олдин огоҳлантирув чорала­рини кўриш тамойилларидан фойдаланилди.
1997 йил
Ушбу йилда ислоҳотларнинг страте­гик йўналишларидан бири банк секторида хусу­сий капитал оқимини рағбатлантиришдан иборат бўлди.

Мазкур жараён 1997 йилда Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг “Хусусий тижорат банкларини ташкил қилишни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони эълон қилинганидан сўнг жадаллашди. Унда жисмоний шахсларнинг 50 фоиздан кам бўлмаган улуши би­лан банклар очиш учун имтиёзлар тақдим этиш кўзда тутилган эди. 1997 йил банк тизимининг ривожланиш тарихида банк фаолиятида ахборот тизимларини жорий этиш бошлангани билан аҳамиятлидир. Маълумки, ўша вақтгача респу­блика ҳудудида амалдаги барча ҳисоб-китоблар кун бўйи олиб борилар эди. 1997 йилнинг март ойидан янги дастурий таъминот жорий этилиб, барча ҳисоб-китоблар автоматик режимда амалга оширила бошланди. Бу эса тўловларни республи­ка ташқарисида 15 дақиқа мобайнида, Тошкентдан чекка жойларда атиги 3 дақиқада амалга ошириш имконини берди.

Айнан ўша вақтда ҳисоб-китоблар механиз­ми ишлаб чиқилди ва банклараро электрон тўловларнинг замонавий тизими жорий этилди. Банкларга ўша вақтдаги ноёб имконият — ком­пьютер ва телекоммуникация ускуналарини ха­рид қилиш ва департаментларни улар билан жиҳозлаш имконияти берилди. Улар маблағларни ўз фаолияти учун зарур ускуна-анжомларни мо­дернизация қилишга йўналтириши ҳисобга оли­ниб, қатор солиқ тўловларидан озод қилинди.

Шу тариқа, молиявий ва иқтисодий ахборот­нинг сифат жиҳатидан янги истеъмолчилари – маҳаллий ва хорижий инвесторлар пайдо бўлди.
1996 йил
Ушбу йилда қабул қилинган Ўзбе­кистон Республикасининг “Банклар ва банк фао­лияти тўғрисида”ги Қонуни иккинчи даражали банк тизими — тижорат банклари фаолиятининг ҳуқуқий асосини конкретлаштирди.

Банк тизимига тааллуқли икки асосий ҳужжат — “Ўзбекистон Республикасининг Марказий бан­ки тўғрисида”ги ҳамда “Банклар ва банк фаолия­ти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун­ларининг ишлаб чиқилишида ривожланган молия тизимига эга мамлакатлар тажрибаси инобатга олинганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Мазкур қонунлар, шунингдек, “Акциядорлик жамиятла­ри ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун нодавлат банкларнинг хусусий ва акциядорлик-тижорат шаклида ташкил этили­шига қулай ҳуқуқий шароит яратди. Бу даврда банк тизими ривожига алоҳида таъсир этган икки омилни ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчиси, олиб борилган ислоҳотлар натижасида 1996 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки монетар бошқарув ва банк назоратининг тўла ҳуқуқли органи бўлди. Иккинчиси, Ўзбекистон Республи­каси “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуни иккинчи даражали банк тизими – тижорат банклари фаолиятининг ҳуқуқий асосини аниқ-пухта белгилаб берди. Унда банк активларини диверсификациялаш ва хорижий капитал жалб қилиш асосида универсал тижорат банкларини шакллантириш принциплари мустаҳкамланган.

Бу даврда иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари­га хизмат кўрсатувчи кредит-молия ташкилотлари ташкил этилди. Бундай ихтисослашув қишлоқ хўжалиги, автомобиль саноати, авиасозлик каби халқ хўжалигининг муайян соҳа ва тармоқларини молиялаштириш зарурати билан боғлиқ эди. Кел­гусида ихтисослашган банклар ўз операциялари ва мижозлари доирасини мамлакат иқтисодиёти ри­вожланишининг янги даражаси ва бизнес-муҳит талабларига кўра кенгайтира боради.

Мазкур даврда Ўзбекистон Республикаси Мар­казий банкининг банк секторини бошқарувчи ва назорат қилувчи орган сифатида шаклла­ниш жараёнлари давом этди. Банк тизимига тааллуқли қонунчилик базаси сифат жиҳатидан янгиланиб, халқаро банк амалиёти билан мувофиқлаштирилди.
1995 йил
1995 йил банк қонунчилигини такомиллашти­риш даври бўлгани билан ажралиб туради. Тари­хий муҳим ҳужжат — “Ўзбекистон Республикаси­нинг Марказий банки тўғрисида”ги Қонун нафақат банк тизимининг ҳуқуқий асосини бойитди, балки Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг янги, алоҳида мақоми ва ваколатларини, асосий мақсад-вазифаларини аниқ-равшан белгилаб бер­ди. Шу билан бир қаторда мазкур йилда аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, шунингдек, кредит ва депозит бозорларида рақобат муҳитини шакллантириш учун зарур шароитлар яратилди. Банкларнинг капитал ҳажмига жалб этиладиган аҳоли жамғармалари миқдорини чекловчи қоида бекор қилингач, банк муассасаларининг имкони­ятлари сезиларли даражада кенгайди ва рақобат кучайди. Бунинг самараси дарҳол намоён бўлди. Агар 1994 йил бошида аҳоли жамғармаларининг 98,5 фоизи Жамғарма банки (ҳозирги Халқ банки), 1,5 фоизи эса бошқа банклар ҳиссасига тўғри келган бўлса, ўша йил охирида бошқа тижорат банкларининг ҳиссаси ҳам кўпайиб, бу борадаги кўрсаткич 12,8 фоизга етди. Бугунги кунга келиб, бу борадаги кўрсаткич 83,2 фоизни ташкил этмоқда.
1993–1994 йиллар
1993–1994 йилларда банк тизимидаги исло­ҳотлар давом этди. 1994 йилнинг 1 июлидан эъ­тиборан миллий валюта — сўмнинг муомалага киритилгани мустақил банк тизимининг, умуман, Ўзбекистон иқтисодиётининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этди. Бу Марказий банк ўз фаолиятида тўлиқ мустақил бўлганини, келгу­сида бозор инструментлари орқали миллий пул тизимини тартибга солиш самарали ташкил эти­лишига ёрдам бериши мумкин эканини анг­латар эди. Айнан шу вақтдан бошлаб Марказий банк­нинг пул-кредит сиёсатини юритиш, валютага оид ишларни тартибга солиш, банк фаолиятини бошқариш ва кейинчалик самарали тўлов тизими­ни яратиш бўйича фаолияти тўлақонли равишда миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш­га қаратилди.
1991 йил
1991 йилда қатор банклар шакллана бошлади. Улар Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг ўзгарувчан шароитларида фаолият юритиб, замо­навий иш услубларини ўзлаштирган ҳолда тобора янги қирраларга эга бўла борди. 1991-1992 йиллар банклар фаолиятига доир қарашларда чинакам бурилиш йиллари бўлди. Ўзбекистон Республи­каси "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши икки даражали банк тизимининг таркиб топиши ва мамлакат Марка­зий банки зиммасига янги вазифалар юкланиши учун асос бўлиб хизмат қилди. Унинг олдига пул муомаласини тартибга солиш, тижорат банкла­ри тизими ҳамда тўлов тизимини шаклланти­риш вазифалари қўйилди. Иқтисодиётнинг турли тармоқларини молиялаштириш энди ташкил этиладиган, замонавий тамойил ва талаблар асосида фаолият юритувчи ихтисослашган тижорат банк­лари томонидан амалга оширилиши лозим эди.
USD = 12893.07
+18.01
EUR = 13386.87
-19.93
RUB = 125.96
+1.21
GBP = 16121.49
-180.91
JPY = 82.27
+0.29
CHF = 14399.23
+32.95
CNY = 1766.37
+1.79
Барча валюталар
Online доступ к общедоступным информационным ресурсам ЦБ РУз в сети Интернет, с возможностью просматривать и получать обновленную информацию, в том числе сведения о курсах валют.
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X