Низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчага кўра, тижорат банкларида мижозларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва улар билан ишлаш тартибини такомиллаштириш ва банкларнинг бу соҳада масъулиятини ошириш мақсадида:
- банклар мурожаатлар билан ишлашда ўз ички тартибига эга бўлиши ва уни банкнинг веб-сайтида жойлаштириши;
- мурожаатларни кўриб чиқиш учун алоҳида махсус тузилмавий бўлинма ташкил этилиши ва бунда ушбу таркибий бўлинма ходимлари шикоятларни батафсил ўрганиб чиқиш ҳамда истеъмолчилар билан низоларни ҳал қилишда қатор ваколатларга эга бўлиши;
- мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ички назорат тизимини жорий қилиш ҳамда ички назоратни амалга ошириш доирасида банкнинг ички аудит хизматига вазифалар белгиланиши;
- мурожаатларни ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида рўйхатга олиш, қабул қилиш, тўплаш, таснифлаш ва тизимлаштириш, шунингдек, мурожаатларда кўтарилаётган масалалардан келиб чиққан ҳолда тизимли камчиликларни аниқлаш ва таҳлил қилиш имконини берувчи электрон ахборот тизимини жорий этиш;
- мурожаатларни умумлаштириш ва таҳлил қилиш натижаларига асосан маълумотномалар (шарҳлар) тузиш ҳамда ушбу маълумотномалар асосида мурожаатларда кўп маротаба кўтарилаётган салбий ҳолатларни бартараф этиш бўйича ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқишга доир талаб ва қоидалар ўрнатилди.
Янги қоида ва талабларнинг амалиётга жорий этилиши истеъмолчиларнинг мурожаатлари сифатли ва самарали кўриб чиқилишига, мурожаатларни умумлаштирган ҳолда таҳлил қилиниши натижасида банкда истеъмолчиларнинг эътирозини келтириб чиқарувчи сабабларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга, шунингдек, банкда мурожаатлар билан ишлаш фаолиятининг шаффофлигини таъминлаган ҳолда уларнинг бу борадаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар 2025 йил 17 январдан кучга киради.
Ҳужжат билан ушбу ҳавола орқали батафсил танишишингиз мумкин.