Мазкур ҳужжат микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар фаолиятини тартибга солувчи ҳужжатлардаги, жумладан, “Марказий банк томонидан микрокредит ташкилотларининг ички аудит хизматига қўйиладиган талаблар тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами 2453, 25.04.2013 й.), “Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига молиявий ҳисоботлар ва электрон маълумотларни тақдим этиш тартиби тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами 2994, 5.04.2018 й.), “Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тартибга солиш тўғрисида”ги низомдаги (рўйхат рақами 3300, 7.05.2021 й.) нормаларни ягона ҳужжатга бирлаштирган ҳолда “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилди.
Ҳужжат билан қуйидагилар белгиланмоқда:
микромолия ташкилотларининг активлари сифатини таснифлаш ҳамда ундан келиб чиқиб захираларни яратиш ва улардан фойдаланиш, актив сифатини олдинги таснифланган тоифадан яхшироқ тоифада таснифлаш;
микромолия ташкилотлари жалб этилган маблағлар ҳисобидан фаолият юритганда уларга пруденциал нормативлар (капиталнинг етарлилик коэффициенти, ликвидлилик коэффициенти, бир қарз олувчига ёки ўзаро алоқадор қарз олувчилар гуруҳига доир таваккалчиликнинг энг кўп миқдори, йирик таваккалчиликлар умумий миқдори, микромолия ташкилотига алоқадор бўлган битта шахсга таваккалчилик миқдори, юридик шахсларнинг устав фондига (устав капиталига) ва (ёки) қарз қимматли қоғозларига инвестицияларнинг энг кўп миқдори) ўрнатиш;
ломбардлар томонидан фаолият ва операцияларни амалга оширишнинг умумий қоидалари, микроқарзларни расмийлаштириш ва бериш тартиби, шунингдек, ломбардларда мол-мулкларни вақтинчалик сақлаш тартиби;
микромолия ташкилотлари ва ломбардлар томонидан Марказий банкка тақдим этиладиган ҳисобот турлари.