“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги Қонуннинг 40-моддасига асосан Марказий банк мамлакат ҳудудида қонуний пул белгиларини, шунингдек, муҳим саналарга бағишлаб қимматбаҳо металлардан тайёрланган пул белгиларини (бундан буён матнда эсдалик пул белгилари) муомалага чиқаради.
Эсдалик пул белгилари одатдаги банкнота ва тангалар каби мамлакат ҳудудида номинал қийматга эга нақд пул шаклидаги қонуний тўлов воситаси ҳамда номинал қийматидан юқори баҳоланувчи нумизматика, коллекциялаш, инвестиция ва жамғариш объектлари сифатида муомалада бўлиши мумкин.
Муомалага чиқариладиган эсдалик пул белгиларини сотадиган ва қайтариб cотиб оладиган Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари ва тижорат банклари филиаллари (бундан буён матнда шохобчалар) тўғрисидаги маълумотлар ҳамда сотиш нархлари эълон қилиб борилади.
Эсдалик пул белгилари дизайнида қуйидаги элементлар:
• муқаддас қадамжолар, тарихий обидалар, замонавий меъморчилик объектлари тасвирлари, буюк сиймолар ижоди ва фаолиятига бағишланган тасвирлар, портретлар ва ҳайкаллар суратлари;
• миллий анъаналар ва қадриятларга доир, замонавий даврнинг муҳим воқеаларини, жаҳон тарихи, умумжаҳон маданияти ва қадриятларини ифода этувчи тасвирлар акс эттирилиши мумкин.
Эсдалик пул белгиларини сотиш ва қайтариб сотиб олиш:
Қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик пул белгилари уларнинг техник хусусиятларини тасдиқловчи асиллик сертификати билан бирга муомалага чиқарилади. Асиллик сертификати идентификация серия рақамига эга бўлади.
Эсдалик пул белгилари шохобчаларда бевосита жисмоний ва юридик шахсларга сотилади.
Қимматбаҳо металлардан тайёрланмаган эсдалик пул белгилари муомаладаги (циркуляцион) пул белгилари билан бир қаторда нақд пулдаги ҳисоб-китобларда ўз номинал қиймати бўйича шохобчалар орқали қабул қилиниши ва муомаладаги пул белгиларига айирбошлаб берилиши мумкин.
Қимматбаҳо металлардан тайёрланган эсдалик пул белгиларини қайтариб харид қилиб олиш нархи ушбу эсдалик пул белгилари топширилган кундаги қимматбаҳо металл нархи ва ушбу нархга қўлланиладиган Марказий банк бошқаруви томонидан тасдиқланадиган чегирмага асосан Марказий банк томонидан белгиланади.
Шохобчалар қайтариб сотиб олган эсдалик пул белгилари уларнинг асиллик даражасини аниқлаш мақсадида Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасида техник экспертизадан ўтказилади.
Техник экспертиза учун тўлов Марказий банк ва Асиллик палатаси ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади ҳамда эсдалик пул белгилари эгаларидан ундирилмайди.