Мазкур ҳужжат банк ҳисобварақларини очишни ва уларни юритишни тартибга солувчи ҳужжатлардаги, жумладан, “Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисида”ги йўриқнома (рўйхат рақами 1948, 2009 йил 27 апрель) ва “Ўзбекистон Республикаси банк депозиторларининг Миллий ахборотлар базаси ва унда мижозларга хос рақам бериш ҳамда банк ҳисобварақлари рўйхатини юритиш тартиби тўғрисида”ги низом (рўйхат рақами 1863, 2008 йил 27 сентябрь) нормаларини ягона ҳужжатга бирлаштириш ҳамда банк ҳисобварақларини очишда халқаро тажрибага мувофиқ бизнес жараёнларни рақамлаштиришни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди.
Ушбу йўриқнома билан:
- таъсисчилари Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тардбиркорларга банк ҳисобварақларини 2023 йил 1 майдан бошлаб, нафақат давлат рўйхатидан ўтиш жараёнида, балки фаолияти давомида ҳам банк ҳисобварақларини масофадан туриб очишга рухсат берилиши;
- имзолар намуналари қўйилган варақча шакли ва тақдим этиладиган сони банк томонидан ички ҳужжатларига мувофиқ ўрнатилиши;
- ҳисобварақни очиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларни электрон сақлаш имконияти бўлганда, қоғозда сақламаслик ҳуқуқи берилмоқда;
- ногиронлиги бўлган шахсларга факсимил имзодан фойдаланишга рухсат берилиши;
- хўжалик субъектига асосий ҳисобварақ очган банк орқали ўзининг барча банклардаги ҳисобварақлари рўйхатини Банк депозиторларининг миллий ахборот базасидан олиш имконияти берилиши;
- ғазна ижроси билан қамраб олинган юридик шахсларга асосий ҳисобварақ очмасдан, бошқа ҳисобварақлар (транзит, терминал, нақд пул учун, корпоратив карта) очиш мумкинлиги;
- барча жисмоний шахсларга ягона идентификатор – жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами (ЖШШИР) асосида ҳисобварақ очилиши;
- норезидент жисмоний ва юридик шахсларга банк ҳисобварақларини очишда ва уларга маблағларни кирим қилишда “Ўз мижозингни бил” (KYC, e-KYC) ва “Даромадни легаллаштиришга қарши курашиш” (AML) тизимларига мувофиқ банклар томонидан асословчи ҳужжатлар олиниши мумкинлиги бўйича нормалар белгиланмоқда.