Марказий банк бошқаруви банклар (микромолия банклари мустасно) учун контрциклик капитал буфер даражасини 1,5 фоиз миқдорида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Контрциклик капитал буфер даражасини аниқлашда самарали кўрсаткичларнинг таҳлили мамлакатда стандарт хатар муҳити кузатилганини ва макромолиявий шароитлар енгиллашганини ифодалаб, банк тизими бўйича контрциклик капитал буфернинг ижобий даражасини сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ эканлигини кўрсатди.
Шунингдек, тижорат банкларининг кредит портфели сифати яхшиланди. Хусусан, муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши 2026 йилнинг 1 июль ҳолатига 3,6 фоизни ташкил этди ва йиллик ҳисобда 0,2 фоиз бандга камайди.
Банкларнинг даромадлилик кўрсаткичларида ижобий тенденциялар кузатилди. Жумладан, 2026 йилнинг I ярим йиллигида банк тизими соф фойдаси 11 трлн сўмда шаклланиб, 2025 йилнинг мос даврига қараганда 69 фоизга ортди.
Шу билан бирга, 2025 йилда банкдан кредит олган аҳолининг банк ва банкдан ташқари барча мажбуриятларини инобатга олган ҳолдаги ўртача қарз юки даражаси 2024 йилдаги 38 фоиздан 37 фоизгача пасайди.
2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, банк тизими бўйича I даражали асосий ва жами регулятив капитал монандлик коэффициентлари мос равишда 15 ва 18,5 фоизни ташкил этди.
Бундан ташқари, банклар учун контрциклик капитал буфер даражасини белгилаш асосларига мувофиқ миқдорий ёндашувларнинг натижалари орқали баҳоланган зарурий контрциклик капитал буфер даражаси ўзгаришсиз шаклланди.
Марказий банк бошқаруви жорий макромолиявий шароитларни инобатга олган ҳолда банк тизимининг барқарорлигини янада мустаҳкамлаш, даврий тизимли хатарларни юзага келишини олдини олиш ҳамда банк тизими бардошлигини сақлаб қолиш мақсадида контрциклик капитал буфер даражасини ўзгаришсиз қолдирди.










