Шербек ака. Ижтимоий тармоқлар орқали бизга Гаров реестри билан боғлиқ бир қатор мурожаатлар келиб тушган. Бугун ушбу саволлар ҳамда умуман Гаров реестри ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ мавзу доирасида суҳбатлашсак. Дастлабки савол:
Гаров реестри ўзи нима? Бунга қисқача қандай таъриф бериш мумкин?
Гаров реестри бу – қарздорларнинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш воситаси сифатида берилган мол-мулкига кредиторларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзувларни ўз ичига олган маълумотларнинг ягона ахборот базаси. Соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, қарзларни қайтариш кафолати сифатида берилган мулклар, яъни гаровлар тўғрисидаги маълумотлар базаси. Гаров реестри амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси томонидан юритилади. Мазкур маълумотлар базаси айрим давлатларда турлича номланиши мумкин. Масалан, кўчар мулклар гарови тўғрисидаги маълумотлар реестри, гаров мажбуриятларининг ягона реестри, гаровлар реестри деб номланади. Бироқ буларнинг барчасини вазифа ва функциялари бир хил, яъни гаровга бўлган ҳуқуқларнинг ягона базасини юритиш.
“Гаров реестри” бизда қачондан юритила бошлади? Банклар ва кредит ташкилотларида ҳам база мавжуд. Ушбу базанинг ўзи етарли эмасми? Нега айнан гаров реестри керак?
Гаров реестри 2014 йилдан буён “Гаров реестри тўғрисида”ги қонун ижроси доирасида йўлга қўйилган. Тўғри, банк ва бошқа кредит ташкилотлари базалари мавжуд. Лекин ушбу базалар фақат ушбу ташкилотлар хизматлари бўйича юритиладиган базалар ҳисобланади. Қайд этиш керак, мазкур қонунчилик ва реестр юритилиши халқаро илғор тажрибалар асосида молиявий ва бозор муносабатларида шаффофликни, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ҳолда жорий қилинган ва умуммиллий ягона ахборот базаси вазифасини бажариши белгиланган. Ўз навбатида, Гаров реестрига қарздорнинг мол-мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ёзув киритган кредиторлар гаров реестрига тегишли ёзувни киритмаган кредиторлар олдидаги ўз талабларини қаноатлантиришда имтиёзли ҳуқуққа эга.
Демак, гаров реестрига фақат кредит ажратаётган банклар ва микромолия ташқилотлари эмас, қарз муносабатларининг исталган шаклида гаровга олинган мулкка даъво қилаётганлар маълумот кирита олади?
Албатта, корхонамизнинг асосий мақсадларидан бири ҳам шундан иборат. Имкон қадар аҳоли ва юридик шахсларга гаров реестри афзалликларини тарғиб қилиш. Келинг, тасаввур қилайлик икки нафар шахс ўртасида қарз муносабатлари юзага келди ва гаровга, айтайлик, автомобиль қўйилди. Энди қарз берувчи ушбу автомобилга бўлган ҳуқуқлари тўғрисидаги маълумотларни гаров реестрига киритиб қўйса, уни талаби биринчи қаноатлантирилади. Соддароқ айтадиган бўлсак, мулк ҳуқуқи ушбу мажбурият бажарилгунга қадар, яъни қарз тўлиқ қайтарилгунга қадар қарз берувчида қолади. Ушбу норма Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси билан белгилаб берилган (2591-модда). Нафақат қарз муносабатларида, балки олди-сотди муносабатларида ҳам харид қилаётган мулкингизни гаров реестри базасидан текшириб олиш фойдадан ҳоли бўлмайди.
Агар гаров эгасининг бошқа қарзлари бўлса, масалан, коммунал тўловлардан, алиментдан, судга оширилган турли даъво хатлари бўлиши мумкин, шундай пайтда унинг қарзлари гаровга қўйилган мулкидан ундирилиши мумкин, тўғрими? Гаров реестри шундай ҳолда гаровни ҳимоя қила оладими?
Сиз таъкидлаган қарздорликлар суд қарори асосида ундирилади. Гаров реестрига кредитор томонидан ёзув киритилган тақдирда, албатта, мулк ҳуқуқи кредиторда қолади. Агар тегишли ёзув киритмаган бўлса, ундириш қарздорнинг мулкларига қаратилади. Шунинг учун ҳам гаров реестрига тегишли ёзувларни ўз вақтида киритиш ниҳоятда муҳимдир.
Жиноий ҳолатлар юзага келиб, мол-мулк талон-тарож қилинса-чи? Мулк кимга ўтади? Кредиторгами?
Қонунчилик талабларига кўра, гаров муносабатлари шартнома асосида тузилади. Ва ҳар қандай форс-мажор ҳолатлар ёки томонларнинг ҳуқуқлари бузилиши суд тартиби асосида ҳал қилинади. Ва суднинг қарорига асосан қарздорнинг бошқа мол-мулкларига қаратилиши мумкин. Бу ҳолда кредитор гаров реестрига киритган ёзувга дарҳол ўзгартириш киритиб қўйиши мақсадга мувофиқ. Аслини олганда ҳозирги амалиётда мулкни гаровга олинишидан олдин кредитор уни суғурталашни талаб этади. Гаров мулкига бирор-бир шикаст етказилган ҳолларда, қоплаб бериш суғурта компанияси зиммасига ҳам ўтиши мумкин.
Гаров реестрига гаровга тегишли айнан қандай маълумотлар бўлади? Масалан, мулкка оид айнан қайси маълумот, мулк эгаси ҳақида қандай маълумотлар киритилади?
Гаров реестрига гаров мулки, кредитор ва қарздор тўғрисидаги бирламчи ахборотлар киритилади. Мисол учун, кредитор ва қарздорнинг номи, уларнинг алоқа маълумотлари, ёзув киртилган сана ва вақти, мулк тури, унинг дастлабки бозор баҳоси, идентификация рақамлари каби маълумотлар киртилади.
Гаров реестридан кимлар фойдаланишлари мумкин?
Гаров реестридан барча шахслар чекловларсиз фойдаланишлари мумкин. Бунинг учун корхонанинг расмий сайти garov.uz орқали рўйхатдан ўтилади ва фойдаланувчига шахсий кабинет очилади, логин ва пароль тақдим этилади. Шу логин, пароль орқали 24/7 режимида исталган пайт реестр хизматларидан фойдаланиш мумкин.
Айнан қайси хизматларни кўзда тутаяпсиз?
Асосий хизматлар бу гаров реестрига:
-
Мулкни гаровга қўйилганлиги ҳақида ёзув киритиш;
-
Киритилган ёзувга ўзгартириш киритиш;
-
Киритилган ёзувларни излаш;
-
Ёзувлардан кўчирмалар олиш.
Шунингдек, маълумотлар базамиз Адлия вазирлиги ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг маълумотлар базасига интеграция қилинган. Бунда тижорат банклари ва микромолия ташкилотлари:
-
Адлия вазирлиги базасидан мулкка нисбатан таъқиқ бор ёки йўқлигини текширишлари мумкин ва бирламчи бозордан олинаётган мулкларга онлайн равишда ўзлари таъқиқ қўйишлари ёки уни ечишлари мумкин;
-
Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг маълумотлар базасидан эса автотранспорт воситалари тўғрисида маълумот олиш имкониятларига эга.
Мисол учун, мулк сотиб олувчилар ёки гаровга олувчилар ушбу мулкка нисбатан гаров реестри ахборот тизимида кредиторларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзувларни бор ёки йўқлигини текшириш тавсия этилади.
Гаров реестрига ёзув киритишнинг қандай шартлари бор?
Гаров реестрига ёзув киритишнинг асосий шартлардан бири бу – мулк эгасининг гаров реестрига ёзув киритилишига розилиги бўлишидир. Қарздорнинг розилиги қарздорнинг идентификация маълумотлари, шунингдек, кредиторнинг қайси мол-мулкка ҳуқуқи бўлса, ўша мол-мулк кўрсатилган ҳолда электрон ҳужжат тарзида ёки қоғозда расмийлаштирилади. Қарздорнинг ёзма розилиги гаров реестридан ёзув чиқариб ташлангунга қадар кредиторда сақланиши керак.
Гаров реестрига маълумот киритиш қарздор учун ҳам, кредитор учун ҳам бирдек манфаатли бўлса, унинг розилиги нима учун керак? Ёки бошқа шартли ҳолатлар ҳам мавжудми?
Қарздор ёки гаров мулк эгасига нисбатан Кредитор тарафнинг нотўғри талаблари ёки турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида ушбу розилик бўлиши талаб қилинади.
Гаров реестридан фойдаланиш пулликми? Қайси хизматлари қанчадан нархланган?
Гаров реестрига ёзув киритилганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн фоизи миқдорида, ҳозирда 34 минг сўмни;
гаров реестридан кўчирмалар берилганлиги учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг беш фоизи миқдорида – 17 минг сўмни ташкил этади.
Тергов ва дастлабки тергов органлари, давлат солиқ ва божхона хизмати органлари томонидан гаров реестрига ёзувлар киритиш, шунингдек, уларга кўчирмалар бериш бепул асосда амалга оширилади. Ушбу тўлов миқдорлари Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгилаб берилган ва базавий ҳисоблаш миқдорининг ўзгаришидан келиб чиқиб камайиши ёки кўпайиши мумкин.
Гаров реетрига ёзув киритилганда ёки ўчирилганда мулк эгалари ва кредиторлар хабардор қилинадими?
Ҳа, албатта гаров реестрига ёзув киритилганда ва ўчирилганда мулк эгаларининг телефон рақамига СМС ва электрон почта манзилига хабарнома юборилади. Дарҳақиқат, мулк эгаларининг телефон рақамига СМС-хабарнома юбориш тизимини биз жорий йилдан бошлаб амалиётга татбиқ эта бошладик. Бу эса, ўз навбатида, мулк эгаларида турли саволларни келтириб чиқармоқда. Мисол учун, “СМС келди, бу нимани англатади?”, “Нима қилиш керак?”, деган маънода қўнғироқлар келиб тушмоқда. Фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиманки, бу фақатгина хабардор қилиш мақсадида, яъни тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида мулк тўғрисидаги ёзувлар гаров реестрига киритилди ёки ўчирилди, деган маънони англатади.
Масалан, менинг гаровдаги мулким ҳақида бошқа кимдир маълумот изласа ёки кўчирма олса, бу ҳақида мен огоҳлантириламанми?
Гаров реестридан барча шахслар маълумот излаш ва излаш натижалари бўйича ёзувдан кўчирма олишлари мумкин. Бироқ четдан кимдир сизнинг гаровдаги мулкларингиз тўғрисида маълумот олиши учун турли идентификация рақамларингизни билиши лозим бўлади. Мисол учун, шахсий идентификация рақами ЖШШИР дейилади ҳамда мулк рақами, кўчмас мулк бўлса, кадастр, автомобиль бўлса, кузов рақами. Ушбу маълумотларни ўзингиз учинчи шахсга тақдим этмасангиз, сизнинг гаровдаги мулкларингиз ҳақида маълумот олиш имкони бўлмайди.
Кредит тўлаб бўлингач, табиийки, гаров мулк эгасига қайтарилади. Шунда гаров реестридаги ёзув автоматик ўчадими ёки кредитор ўзи кириб, гаровни ўчирадими?
Бу борада кредит ташкилотларининг дастурий таъминотида мавжуд имкониятларга боғлиқ. Ҳозирда тижорат банкларининг аксарият қисми мажбуриятлар тўлиқ бажарилганда реестр ёзувини автоматик ўчиришни ўз дастурий таъминотида йўлга қўйган. Қонунчилик талабларига кўра, мажбурият тўлиқ бажарилгандан кейин 3 кундан кечиктирмаган ҳолда реестрдан ёзув ўчирилиши талаб этилади. Акс ҳолда, кредит ташкилотига нисбатан чора ва санкциялар қўлланилиши мумкин.
Савол: Гаров алмашган бўлиши мумкин, унда ҳам кредитор маълумотларни киритиши мажбурийми?
Албатта, гаров объекти ўзгарган тақдирда кредитор томонидан ёзувга тегишли ўзгартириш киритиб қўйиш лозим бўлади.
Айтингчи, яна қандай янги қулайликлар яратилди ёки яқин кунларда ишга тушурилиши режалаштирилган.
Таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг январь ойидан (8 январдан) гаров реестри сайтининг ва ресурс базасининг янгиланган версияси тўлиқ ишга туширилди. Янги версия имкониятларидан келиб чиқиб фойдаланувчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида:
-
аниқ ва ишончлилиги таъминланган маълумотларни тақдим этиш мақсадида QR-код имзоли кўчирмалар бериш;
-
реестрдан ўчирилган ёзув ёки ёзув мавжуд эмаслиги тўғрисида кўчирмалар бериш;
ва юқорида таъкидланганидек, реестрга киритилган ва ўчирилган ёзувлар тўғрисида мулк эгаларини хабардор қилиш мақсадида уларнинг телефон рақамига СМС шаклида хабар юбориш амалиётлари жорий қилинди.
Ўз навбатида, Гаров реестридан фойдаланувчи бўлиб, рўйхатдан ўтган, шахсий кабинети мавжуд жисмоний шахслар реестр хизматларидан фойдаланиш имконияти чекланган эди. Чунки хизматлар пуллик, тўловни амалга ошириш иложиси йуқ бўлган. Янгиланган версиямизда ушбу имкониятлар яратилди, жисмоний шахсларга тўловларни амалга оширишлари учун ҳозирда етакчи бўлган “Click” ва “PayMe” тўлов операторлари билан интеграция қилинди. Келгусида ҳам корхонага янги фойдаланувчиларни жалб қилиш ва хизматлардан фойдаланишда янада қулайликлар яратиш мақсадида гаров реестри ахборот тизимини бир қатор ташқи манбаларга интеграция қилиш ишларини назарда тутувчи режаларимиз мавжуд. Булар, демак, жисмоний ва юридик шахслар учун бугунги кунда оммабоп бўлган “Электрон ҳукумат” ахборот тизими орқали; Ва “Кредит ахборот таҳлилий маркази” кредит бюроси орқали гаров реестри ахборот тизимидаги кўчирмаларни олиш йўлга қўйилади. Бу эса ўз навбатида, мулк эгаларининг гаров реестрида руйхатдан ўтмасдан туриб, my.gov.uz порталидаги шахсий кабинет орқали ёки infokredit.uz сайти орқали реестрдан кўчирмалар олишга имконият яратади.
Шунингдек, гаров мулклари тўғрисида бирламчи ва аниқ маълумотларни олиш мақсадида:
-
Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ахборот тизимига;
-
Кадастр агентлиги ахборот тизимига интеграция қилиш режалаштирилган.
Мазкур интеграциялар, албатта, биринчи навбатда, фойдаланувчиларнинг таклифлари асосида режалаштирилган бўлиб, кредит таъминоти бўйича рискларни баҳолашда енгилликлар яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шербек ака, батафсил жавоблар ва мазмунли суҳбат учун ташаккур! Ўйлаймизки, юртдошларимиз суҳбатимизни кузатиб, бугуноқ Гаров реестридан рўйхатдан ўтишади, ўз маълумотларини текшириб кўришади.
Азиз ҳамюртлар! Сизда ушбу мавзу ёки банк тизимига оид саволлар бўлса, бизга йўлланг! Биз малакали мутахассисларимиздан жавоб олиб, “Ижтимоий тармоқдан савол” лойиҳаси доирасида тақдим этиб борамиз.
Бизни кузатиб боринг! Саломат бўлинг!